Пешин ва хуфтоннинг сўнгги суннатини тўрт ракъат қилиб ўқиш
Савол: Пешин ва хуфтон намозининг сўнгги суннатини тўрт ракъат қилиб ўқишнинг зарари борми?
Жавоб: Зарари йўқ. Аксинча яхши бўлади. Фарз ва вожиб намозлардан бошқа намозларга нофила намозлар дейилади. Макруҳ вақтлардан бошқа ҳамма вақт нофила намоз ўқиш жоиз.
Пешин ва хуфтон намозининг фарзидан кейин тўрт, шомнинг фарзидан кейин олти ракъат нофила намоз ўқишнинг фазилати ҳақида қуйида бир нечта ҳадиси шариф келтирамиз:
“Пешин намозидан аввал ва кейин тўрт ракъат намоз ўқишда давом этган кишига жаҳаннам ҳаром бўлади.” (Термизий)
“Шомдан кейин олти ракъат намоз ўқиган кишининг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам кечирилади.” (Табароний)
“Шом намозидан кейин дунё сўзи гапирмасдан олти ракъат намоз ўқиган киши 12 йил ибодат этгандек савобга эришади.” (Ибни Можа)
“Пешиннинг фарзидан аввал ўқилган тўрт ракъат намоз хуфтоннинг фарзидан кейин ўқилган тўрт ракъат намоз кабидир. Хуфтондан кейин ўқилган тўрт ракъат намоз қадр кечасида ўқилган тўрт ракъат намоз савобига тенг.” (Табароний)
Лекин нофила ибодатларнинг савобига эриша олиш учун фарз қарзи, яъни қазо намозлари бўлмаслиги лозим. Бу қарзидан қутулмагунича ҳеч бир нофила ибодатига савоб берилмайди. “Дурратул фоҳира”даги ҳадиси шарифда “Аллоҳу таоло қазога қолган фарз қарзи бор кишининг нофила намозини қабул этмайди” деб марҳамат қилинган. Бундан ташқари нофила ибодатларига савоб берилиши учун ҳаромлардан сақланиб, гуноҳларига тавба қилиши ҳам керак. (Наводири фиқҳия)