Қиблага ҳурмат
Савол: Ўтирганда қиблага орқасини қаратиб ўтириш ёки қиблага оёқ чўзиш жоизми? Эски масжидларда ваъз курсиси қиблага терс бўлмас эди, янги масжидларда қиблага терс қилиб ясалмоқда. Бу дурустми?
Жавоб: Мўътабар диний китобларда қуйидагича билдирилган:
1. Ётганда ва ўтирганда қиблага оёқ чўзиш макруҳдир.
2. Мусҳафга оёқ чўзиш макруҳ. Мусҳаф баланд жойда турган бўлса, макруҳ эмас.
3. Ҳожатхонада қиблага олди ёки орқасини қаратиб ўтириш макруҳ.
4. Мусҳафни қиблага қараб ўтириб ўқиш суннат.
5. Азонни бошидан охиригача қиблага қараб ўқиш суннат.
6. Ҳар доим ўтирганда қиблага қараб ўтириш суннат. Ҳадиси шарифда “Ҳамма нарсанинг энг гўзал ва энг дуруст шакли бор. Ўтиришнинг энг гўзал шакли қиблага қараб ўтиришдир” деб марҳамат қилинган. (Абу Довуд)
Буларнинг истиснолари ҳам бор: Имомнинг намоздан кейин қиблага қараб ўтириши макруҳ. Жамоатга юзланиши ёки ўнгга, чапга ўгирилиб ўтириши лозим. Қабр зиёрат қилаётганда қиблани орқада қолдириб, маййитнинг юзига қарши ўтириб, салом бериш мустаҳаб. (Иҳё)
Савол: Ҳожатхонада қиблага қараб ўтиришнинг диний ҳукми қандай?
Жавоб: Ҳожатхонада ва далада таҳорат бузаётганда қиблага олдини ёки орқасини ўгириш макруҳ. Унутиб, устига нажс тегиш хавфи бўлса ёки бошқа бир узр бўлса, қиблага олдини ёки орқасини қаратиш макруҳ бўлмайди. (Ҳидоя)
Ёш болаларни қиблага қаратиб таҳоратини буздириш шундай қилдирган катта одамга макруҳ бўлади.