Икки намозни жам қилиш (бир вақтда ўқиш)
Савол: Икки намозни қайси ҳолатларда бирлаштириш жоиз?
Жавоб: Баъзан икки намозни бирлаштириб бир вақтда ўқишни тақозо қиладиган ҳолатлар бўлади. Амалиётдаги хирург, туғуруқ қабул қилаётган доя ёки офатдан одам қутқариш, имтиҳонда бўлиш ёки хасталик сингари бирон сабаб билан киши намозини ўз вақтида ўқий олмаса, ўша намозни олдинги ё келаси намоз билан жам қилиб, яъни бирлаштириб бир вақтда ўқиш баъзи мазҳабларда жоиз. Асрни пешин вақтида, пешин билан бирга ёки хуфтонни шом вақтида шом билан бирга ўқишга “тақдим қилиб (илгари олиб) жам қилиш” дейилади. Пешинни аср вақтида аср билан ёки шомни хуфтон вақтида хуфтон билан бирга қўшиб ўқишга “тахир қилиб (кечиктириб) жам қилиш” дейилади. Бомдод намози жам қилинмайди.
Ҳанафий мазҳабида:
Ҳожилар Арафотда, хутба ўқиган имомнинг ортида пешин билан асрни пешин вақтида тақдим қилиб жам этади. Чодирларда жамоат билан ёки ёлғиз ўқиётганда жам қилинмайди. Муздалифада эса шом билан хуфтон хуфтон вақтига кечиктириб жам этилади. Муздалифадаги жам учун жамоат билан ўқиш шарт эмас, ёлғиз ўқийдиганлар ҳам жам қила олади. Ҳанафийлар бошқа жойда бошқа вақтларда икки намозни жам қила олмайди. Фақат эҳтиёж ва зарурат бўлганида нариги уч мазҳабдан бирини тақлид қилиб, жам этади.
Моликий мазҳабида:
Арафотда пешин ва асрни, Муздалифада эса шом билан хуфтон намозини имом орқасида ўқилаётганда жам қилиш суннат. Сафарда жам қилиш жоиз, лекин денгиз сафарида жоиз эмас. Жам қилиш учун эҳтиёж ҳосил бўлса, нариги икки мазҳабдан бири тақлид қилинади.
Муқим пайтда ҳам оғир касалликда, қариликда жам қилиш мумкин. Бундан ташқари, масжидда жамоат билан намоз ўқиётганда кўча зим қоронғи, шиддатли ёмғир ва йўллар балчиқ бўлса, тақдим қилиб жам этиш мумкин. Лекин уйда бу жоиз бўлмайди. Жам этилганда витр намози доим ўз вақтида ўқилади.
Моликийда икки намозни бирлаштирганда пешинни асрдан, шомни хуфтондан аввал ўқиш, биринчи намозга турганда жам этишга ният қилиш, икки фарзни кетма-кет ўқиш керак. Икки фарз орасида таҳорат олиш ва қомат келтиришнинг зарари йўқ. Суннат ўқиш макруҳ. Тишида пломбаси бор ҳанафий, хасталигида ҳанбалийни эмас, моликийни тақлид қилиб, жам этади.
Шофиъий мазҳабида:
Мубоҳ бўлган сафарда, Арафот ва Муздалифада, пешин аср билан, шом хуфтон билан жам этилади. Шиддатли ёғингарчилик пайтида фақат масжидда жамоат билан тақдим қилиб жам этиш жоиз, кечиктириб жам этиш жоиз эмас. Бошқа бир қавлга кўра, бу ҳолатда ёлғиз ўқиган киши ҳам жам қила олади. Бир қавлга кўра, хасталик вақтида ҳам жам этиш жоиз. Бир қўрқув сабабли жам этиш жоиз бўлганидек, муҳим эҳтиёж ҳолида ҳам муқимлигида жам этиш жоиз. Имоми Нававий ва Ибни Мунзир ҳам шундай деганлар. Шофиъийда жам қилаётганда пешинни асрдан, шомни хуфтондан аввал ўқиш, биринчи намозга турганида жам этишга ният қилиш, иккисини кетма-кет ўқиш керак. Икки фарз орасида суннат ўқиса, жам жоиз бўлмайди. Лекин орада таҳорат олиш ва қомат айтишнинг зарари йўқ.
Ҳанбалий мазҳабида:
Арафот ва Муздалифада, мубоҳ бўлган сафарда, хасталикда, эмизикли аёлда, истиҳоза, идрор ва ел чиқариб қўйиш каби таҳоратни бузадиган узрларда таҳорат ва таяммум учун машаққат чекканларда, кўзи ожиз бўлган, ер остида ишлаб, намоз вақтини билишда қийналган, жон, мол ва номусидан хавфсираган, кун кўришига зарар етадиган киши икки намозни жам қилиб ўқий олади. Совуқ, қиш, ёмғир, лой, бўрон вақтида хуфтонни шом билан жам қилиш уйда ҳам жоиз, пешин билан аср жоиз эмас. Жам этаётганда пешинни асрдан, шомни хуфтондан аввал ўқиш, биринчи намозга тураётганда жам этишни ният қилиш, иккисини кетма-кет ўқиш керак. Иккиси орасида таҳорат олиш ва қомат айтишнинг зарари йўқ. Орасида суннат ўқиса, жам этиш саҳиҳ бўлмайди. Тишида пломбаси бор ҳанафий хасталигида икки намозни жам қилиш учун ҳанбалийни эмас, моликийни тақлид қилиши лозим. Чунки моликийда тақлид қилиш имкони бор. Моликийни тақлид қилишнинг имкони бўлмаса, ҳанбалий тақлид қилинади.
Савол: Муқимликда қайси ҳолатларда икки намозни жам этиш мумкин?
Жавоб: Бирон хараж, яъни машаққат пайдо бўлса, пешин билан аср ёки шом билан хуфтон Ҳанбалийни тақлид қилган ҳолда, жам этилади. Чунки “Саодати абадия” китобида “Намоз ўқиш учун вазифасидан бир зумга ҳам ажралиш имкони бўлмаганлар ҳанбалий мазҳабини тақлид қилиб, икки намозни жам этишлари жоиз” дейилган. Намоз ўқигани учун тирикчилигига зарар келмаса ҳам бошқа узрлари бор бўлса, икки намозни муқимликда ҳам жам этиш мумкин. Жоиз бўлган ҳолатларга мисоллар келтирамиз:
1. Доялик қилаётган аёл намози қазога қоладиган бўлса;
2. Амалиётдаги докторнинг намози қазога қоладиган бўлса;
3. Талаба имтиҳондалигида намози қазога қоладиган бўлса;
4. Хаста ёки қари киши таҳорат олишда ва намоз ўқишда қийналса;
5. Самолётда таҳорат олиб, намоз ўқиш қийин бўлса;
6. Таҳорат ёки намоз учун жой топа олмайдиган бўлса;
7. Таҳорат ва таяммум учун қийинчилик бўлса;
8. Хавфсизлик ходимининг намоз ўқиш имкони бўлмаса;
9. Тоғда, мусофирликда, қишда қолиб, намоз вақтларини билиши қийин бўлса;
10. Ёмғир, бўрон каби бирон сабаб билан намоз ўтиб кетадиган бўлса;
11. Намозни туалетда ҳам ўқиш имкони топилмаса;
12. Масжиди бўлмаган меҳмонхона, ресторан, аэропортларда, халқаро йиғилишларда намоз қазога қоладиган бўлса;
13. Янги мусулмон бўлган кишининг намоз ўқиганини кўрганлар бирон зарар етказадиган бўлса;
14. Бир давлат ходими намоз учун мажлисни қолдирса, ишига, тирикчилигига зарар етадиган бўлса;
15. Шаҳарлараро сафарда автобус тўхтамайдиган бўлса, ёнида хастаси бор бўлса ёки келаси автобус учун пули бўлмаса;
16. Йўлда тиқин (пробка) бўладиган шаҳарларда йўлдалигида намози қазога қоладиган бўлса;
17. Чўкаётган одамни қутқараётганида намоз вақти чиқадиган бўлса;
18. Душман ёки бошқанинг зарар етказиш эҳтимоли бўлса;
19. Таҳоратни бузадиган узри бўлганнинг, масалан ичини ёки сийдигини тута олмайдиган кишининг, ярасидан қон оқаётган кишининг, киндигидан суюқлик оқаётганнинг, ел тута олмайдиганнинг ва шулардек таҳоратни бузадиган узри бор бўлганнинг икки намозни жам этиши жоиз.
20. Ғайримуслимлар ҳам иштирок этадиган халқаро ифтор зиёфатида намоз ўқиши фитнага сабаб бўладиган бўлса, икки намозни жам этиш жоиз.
Савол: Сафарда ёки муқимликда бирон эҳтиёж туфайли шом вақтида шом билан хуфтон жам этилганда витр намозини ҳам жам этиш жоизми? “Ислом ахлоқи” китобида “Моликийни тақлид этаётган киши хараж бўлганида витр намозини тарк этиши жоиз бўлади” дейилган. Хараж зарурат деганими?
Жавоб: Хараж зарурат дегани эмас, балки қийинчилик, машаққат дегани. Бирон хараж бўлмасдан икки намоз жам этилмайди. Қийинчилик бўлса, сафарда уч мазҳабдан бири тақлид қилиниб, шом билан хуфтон жам этилганидек, муқимлигида ҳам ҳанбалий мазҳаби тақлид қилиниб, жам этилади. Лекин витр намози жам этилмайди, уни имсок (фажр) вақтигача ўқиш мумкин. Агар шу вақтгача ҳам ўқиш имкони бўлмаса, узр билан қазога қолгани учун гуноҳ бўлмайди. Имомайнга кўра ва нариги уч мазҳабда витр суннат ҳисобланади. Хараж бўлганда нариги уч мазҳабдан бири тақлид қилинса, витрни қазога қолдириш, ҳатто тарк этиш ҳам жоиз бўлади. Сафарда ёки муқимлигида хараж бўлганида, Имомайннинг қавлига амал қилиб, витрни қазога қолдириш ёки тарк этиш мумкин. Лекин булар хараж бўлмасдан қилинмайди.
Савол: Сафарий бўлган киши жамоат билан шомни ўқигандан кейин орқасидан хуфтонни тақдим қилиб жам эта оладими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Мусофир сафарда Шофиъийни ёки Моликийни тақлид қилиб, икки намозни жам эта оладими?
Жавоб: Ҳа, жам эта олади. Лекин бир эҳтиёж бўлиши керак. Эҳтиёжсиз жам этилмайди.
Сафарда поезд билан кетаётган киши поездда намозларини тик туриб ўқий олмаса, поезд тўхтаган вақтда тақдим ва кечиктириб ўқийди.
Хоҳ йўлда ва хоҳ сафарда бўлсин, эҳтиёж бўлмасдан намоз тақдим ва кечиктириб ўқилмайди. Чунки қулай ҳукмларни тўплаб олишга талфиқ дейилади, бу жоиз эмас.
Савол: Пешин билан асрни жам этиш учун пешин вақти чиққандан кейин жам этишга ният қилинадими?
Жавоб: Пешин вақти чиқмасдан аввал жам этишга ният қилинади.
Савол: Сафарда намозни жам этаётганида ўша мазҳабнинг шартларига амал қилиш шартми?
Жавоб: Мазҳаб тақлид қилаётганида шартларига амал қилиш шарт.
Савол: Сафарий киши намозни жам қилиш учун қачон ният қилади?
Жавоб: Намоз ўқийдиган вақтида. Йўлга чиқишдан аввал жам этилмайди.
Савол: Аср вақтида муқим бўлишини биладиган кишининг пешин билан асрни жам этиб, аср вақтида ўқиши жоизми?
Жавоб: Заруратсиз намозни тахир (кечиктириш) гуноҳдир.
Савол: Сафарда аср вақтида намоз ўқиш имконимиз бўлмайди деб Моликий мазҳабини тақлид қилиб, пешин билан асрни пешин вақтида жам этгандан кейин асрда намоз ўқишга имкон бўлса, асрни такрор ўқишимиз керакми?
Жавоб: Намоз ўқилиб бўлган, қайта ўқишга ҳожат йўқ. Лекин эҳтиётли бўлиш лозим. Балки жам этишни лозим қиладиган сабаб бўлмаган бўлиши мумкин ёки икки намозни жам этаётганда керакли шартларга амал қилинмаган бўлиши мумкин. Шунинг учун “Вақти кириб ўқий олмаган сўнгги аср намозининг фарзини ўқишга” деб ният қилиб, намоз ўқиш афзал бўлади. Аср саҳиҳ бўлган бўлса, бу ўқиганимиз қазо намози ўрнига ўтади. Аср саҳиҳ бўлмаган бўлса, унинг ўрнига ўтади.
Савол: Пешин тахир қилингандан кейин асрнинг макруҳ вақти кирган бўлса ҳам аср билан жам этиладими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Икки намозни жам этишга мажбур бўлганимда икки намоз орасида “Аллоҳумма антас салом”ни ўқийман. Бу жоизми?
Жавоб: “Аллоҳумма антас салом” намоздан ҳисобланади, зарари йўқ.
Савол: Эҳтиёж ҳолида намозни Ҳанбалийга кўра жам этаётганда пломба учун Моликийни тақлид қиладиган киши ҳам Моликий, ҳам Ханбалийни тақлид этганини хотирлаши керакми?
Жавоб: Ҳа. Жам этган икки намозида ҳам шундай ният қилади.
Савол: “Саодати абадия” китобида “Ҳанбалий мазҳабида сафарда, хасталикда, аёлнинг эмизикли ёки истиҳоза вақтида, таҳоратни бузадиган узрларда, таҳорат ва таяммум учун машаққат чекканларда ҳамда кўзи ожиз ва ер остида ишлайдиган каби намоз вақтини билишда қийналадиганлар, молидан, жонидан ва номусидан хавфсираганлар ҳамда тирикчилигига зарар келадиган кишининг икки намозни жам этишлари жоиз” дейилган. Истиҳоза ҳолидаги аёл нимага намозларини жам этади?
Жавоб: Истиҳоза ҳолидаги аёлга мустаҳазо дейилади. Истиҳоза эса аёлнинг нормал одатидан кейин қон келиши деганидир. Бундай аёлнинг ҳар намоз вақтида такрор таҳорат олиши қийин бўлади. Ҳам кийимини алмаштиради, ҳам ҳар вақтда таҳорат олиш қийинчилиги бор. Бу қийинчилик туфайли ики намозни жам этиши жоиз бўлади. Чунки мазҳаб тақлиди зарурат вақтида эмас, хараж, машақат бўлган вақтда қилинади. Зарурат бўлганида бошқа мазҳабда ҳам қулайлик бўлмаса, ўз мазҳаби авф этади. Агар бошқа мазҳабда чора бор бўлса, уни тақлид қилади. Тиш пломбаси шундай. Чунки бошқа мазҳабда чора бор. Ҳеч бир мазҳабда қутулиш чораси бўлмаса эди, у ҳолда ўз мазҳаби уни авф этади, яъни қилган иши жоиз бўлади.
Моликий мазҳабини тақлид қиладиган истиҳозали аёл учун икки намозни жам этишга ҳожат йўқ. Чунки истиҳоза ҳоли унинг таҳоратини бузмайди. Битта таҳорат билан кейинги вақтдаги намозни ҳам ўқий олади. Мазҳаб тақлиди илоҳий раҳматдир. Бу раҳматдан фойдаланиш лозим, таассубга берилиб, бу раҳматдан қочмаслик керак.
Савол: Моликий мазҳабини жам этган кишининг намозларни жам эта олиши учун қандай ҳолатлар бўлиши лозим?
Жавоб: Худди Ҳанафий кабидир, фарқи йўқ. Ҳанафийда жам эта олиш учун қандай шартлар керак бўлса, тақлид қилганда ҳам шу шартлар бўлиши лозим. Тақлид қилган киши ўз мазҳабидан чиққан ҳисобланмайди. Жам эта олиш учун тақлид қилувчи билан тақлид қилмаган орасида фарқ йўқ.
Савол: Тишида пломбаси бор муқим киши эҳтиёж ҳолида Ҳанбалий мазҳабини тақлид қилиб, икки намозни жам эта оладими?
Жавоб: Ҳанбалийда ғуслда оғзининг ичини ювиш фарз бўлса ҳам, эҳтиёж ҳолида Ҳанбалийни тақлид қилиб, икки намозни муқимлигида жам этиш жоиз, талфиқ бўлмайди. Талфиқ эҳтиёжсиз бошқа мазҳабларнинг қулай қавлларини олиш бўлиб, ҳаромдир.
Савол: Баъзан зарурат бўлганида пешинни ўқий олмай қоламан, аср вақти кирганида икковини жам этиб ўқийман. Аср билан бирлаштириш учун қандай ният қилишим керак?
Жавоб: Аср билан пешинни бирлаштира олиш учун аввало пешинни вақтида ўқий олмасам, асри аввалда ўқийман, асри аввалда ҳам ўқий олмасам, асри сонийда пешин билан жам этаман, деб ўйидан ўтказиши лозим. Сўнгра пешинни шаърий бир сабаб билан ўз вақтида ўқий олмаса, имоми Аъзамнинг қавлига кўра асри аввалда ўқишга ҳаракат қилади. Асри аввалда ҳам имкон топмаса, асри сонийда Ҳанбалий мазҳабини тақлид қилиб, аср билан жам этилади. Бугунги пешин намозини аср намози билан ўқишга деб ният қилади.
Шомни вақтида ўқий олмаган киши ҳам хуфтон билан жам эта олиши учун шундай ният қилади. Асрда бўлганидек, хуфтонда ҳам икки вақт бор. Бунга ишо-и аввал ва ишо-и соний дейилади. (Ишо - хуфтон дегани.) Ишо-и соний ишо-и аввалдан сентябрдан март ойигача 10-12 дақиқа кейин киради. Апрелда 12-14, майда 14-18, июнда 18-19, июлда 15-19, августда эса 12-15 дақиқа кейин. Ҳам имоми Аъзам ҳазратларининг, ҳам имомайннинг қавлига амал қилиш учун асрни асри сонийда, хуфтонни ишо-и сонийда ўқиган яхши.
Савол: Қиш кунлари асрни ўқиб, шомни уйда ўқийман деб йўлга чиққан ва хуфтонгача уйига етиб бора олмаган киши йўлда автомобилида намозини имо билан ўқиса бўладими?
Жавоб: Намозни жам этиш автомобилда имо билан ўқишдан олдин келади. Уйга кирганида хуфтон билан жам этиш имкони бор бўлса “Намозни хуфтон билан жам этаман” деб ният қилади ва уйга борганида жам этиб ўқийди. Хуфтонга ҳам уйга бориш имкони бўлмаса, у ҳолда мажбуран автомобил ичида имо билан ўқийди.
Савол: Иш жойида, армияда ёки ўқишда намоз ўқиш имкони бўлмаган киши намозни қазога қолдирадими ёки пешин билан асрни, шом билан хуфтонни жам этадими?
Жавоб: Намозни қазога қолдириш катта гуноҳдир. Аввало ўз мазҳабимиз бўйича ўз вақтида ўқиш учун бутун имконлар излаштирилади. Ҳатто туалетда ҳам ўқиш мумкин. Бунинг ҳам иложи бўлмаса, Ҳанбалий мазҳабида бундай ҳолатларда, муқимликда ҳам пешин билан асрни ёки шом билан хуфтонни жам этиш жоиз. Пешин билан асрни пешин ёки аср вақтида жам этиб, яъни бирлаштириб ўқиши мумкин. Жам этганида икки намознинг фарзи кетма-кет ўқилади. Орасида суннат ёки қазо намоз ўқилмайди, ортиқча иш қилинмайди, гапирилмайди.
Пешин вақтида ўқийдиган бўлса, пешин намозига турганида пешин билан асрни жам этишга деб ният қилинади. Пешиннинг фарзи ўқилгандан кейин “Ният қилдим Ҳанбалий мазҳабини тақлид қилиб, аср билан жам этиб, пешин вақтида ўқишга” деб ният қилиб, аср намозини ўқийди.
Пешинни вақтида ўқиш имкони бўлмаса, пешин вақти чиқмасдан аввал “Аср вақти аср билан жам этаман” деб ўйидан ўтказиши лозим. Аср вақтида ўқиётганида “Ният қилдим Ҳанбалий мазҳабини тақлид қилиб, аср вақтида ўқишга” деб ният қилиб, пешин намозини ўқийди. Сўнгра асрни ўқийди.
Бирон эҳтиёж бўлганида муқимлигида ҳам шом билан хуфтон намозлари, шом ёки хуфтон вақтида Ҳанбалий мазҳаби тақлид қилиниб, қуйидагича жам этилади:
Шом вақтида ўқийдиган бўлса, шом намозига турганида шомни хуфтон билан жам этишга ният қилади. Шомнинг фарзини ўқигандан кейин “Ният қилдим Ҳанбалий мазҳабига кўра, хуфтонни тақдим қилиб, шом билан жам этишга” деб ният қилиб, хуфтоннинг фарзини ўқийди.
Шомни ўз вақтида ўқиш имкони бўлмаса, шом вақти чиқмасдан аввал “Хуфтон вақтида шом билан жам этаман” деб ўйидан ўтказади. Хуфтон вақтида “Ният қилдим Ҳанбалий мазҳабини тақлид қилиб, хуфтон вақтида хуфтон билан жам этишга” деб ният қилиб, аввал шом фарзи, сўнгра хуфтон фарзи ўқилади.
Аср билан шом жам этилмайди. Бомдод намози ҳам хуфтон ёки пешин билан жам этилмайди. Уни ўз вақтида ўқиш лозим.
Витр намози ҳам жам этилмайди. Имсок вақтигача ўқиш керак. Агар у вақтгача ҳам ўқиш имкони бўлмаса, бир узр билан қазога қолгани учун гуноҳ бўлмайди. Имомайнга кўра ва нариги уч мазҳабда витр намози суннатдир. Хараж бўлган вақтда нариги уч мазҳабдан бири тақлид қилинса, витрни қазога қолдириш, ҳатто тарк этиш жоиз бўлади. Сафарда ёки муқимликда хараж бўлганида имомайн қавлига кўра, витр қазога қолдирилиши ёки тарк этилиши мумкин. Лекин булар хараж бўлмасдан қилинмайди.
Савол: Тиш пломбаси ёки бошқа бир сабаб билан Моликий мазҳабини тақлид қилайтган киши хараж бўлмаса ҳам сафарда пешинни аср билан ва шомни хуфтон билан жам этса бўладими?
Жавоб: Йўқ, хараж (машаққат, қийинчилик) бўлмасдан жам этилмайди. Моликийни тақлид қилаётган киши ўз мазҳабидан чиққан ҳисобланмайди. Хараж бўлмасдан Ҳанафий мазҳабига зид бўлган ҳукмларга амал қилмайди.
Моликий тақлид этилмаса ҳам хараж бўлганида уч мазҳабдан бири тақлид қилиниб, намозлар жам этилади. Жам эта олиш учун хараж бўлиш шарт.
Савол: Моликий мазҳабида бир эҳтиёж бўлганида сафарда пешин билан аср ва шом билан хуфтон намозларини жам этиш жоиз бўлганига кўра, 10 кун сафарга чиққан Ҳанафий эҳтиёж ҳолида Моликийни тақлид қилиб, жам эта оладими?
Жавоб: Бошқа мазҳабни тақлид этган киши ўша мазҳабнинг шу хусусдаги бошқа шартларига ҳам амал қилиши керак. Моликийда сафарда жам этиш жоиз бўлса ҳам кириш-чиқишдан ташқари 4 ёки ундан кўп кунга сафарга чиққан киши Моликийда сафарий бўлмайди. 10 кун сафарга чиққан киши Моликийга кўра сафарий бўлмагани учун Моликийни тақлид қилиб, жам эта олмайди. Ҳанбалийда эса эҳтиёж бўлганида муқимлигида ҳам жам этиш жоиз. Моликийга кўра сафарий бўлмаган киши, Ҳанбалийни тақлид қилиб, жам этади. Муқим бўлгани учун жам этаётганида тўрт ракъат фарзларни тўрт ракъат қилиб ўқийди.
Савол: Бир зарурат ёки эҳтиёж ҳолида муқимлигида Ҳанбалийдан бошқа икки намозни жам этишни жоиз кўрадиган бошқа мазҳаб борми?
Жавоб: Шофиъий ва Моликий мазҳабида баъзи ҳолатларда муқимликда ҳам жам этиш жоиз.
Шофиъий мазҳабида: Шиддатли ёмғирда, фақат масжидда жамоат билан жам-и тақдим жоиз, жам-и тахир жоиз эмас. Бошқа бир қавлга кўра, хасталик ҳолида ҳам жам этиш жоиз. Бир қўрқув сабабли жам этиш жоиз бўлганидек, муҳим эҳтиёж ҳолида муқимликда ҳам жам этиш жоиздир.
Моликий мазҳабида:
Қаттиқ касал бўлганида, қариган чоғида жам эта олади. Ундан ташқари, масжидда жамоат билан ўқиётганида, кўча зим қоронғи, шиддатли ёмғир ва лой бўлса, тақдим билан жам этиш жоиз. Лекин уйда бу жоиз эмас. Жам этганида, витр ўз вақтида ўқилади. Вақтида ўқий олмаса, витр Моликийда суннат бўлгани учун қазосини ўқиш керак эмас.
Савол: Тишида пломбаси бор киши икки намозни жам эта олиш учун Ҳанбалийни эмас, Моликийни тақлид қилиши керакми?
Жавоб: Ҳанбалийда ғуслда оғиз ичини ювиш фарз. Пломбаси бор Ҳанафий бу ҳолатда Ҳанбалийни тақлид қила олмайди. Моликийда жоиз бўлганига кўра, Ҳанбалийни тақлид этишга ҳожат қолмайди.
Савол: “Саодати абадия”да “Шофиъий мазҳабида ёмғир сабабли масжидда жамоат билан жам-и тақдим жоиз бўлса ҳам етти шарти бор” дейилган. Бу шартлар қайси?
Жавоб: Ёмғир сабабли жам-и тақдимнинг, яъни олдинга олиб жам этишнинг етти шарти қуйидагилар:
1. Тартибга амал қилиш: Асрни пешин вақтида ўқийдиган бўлса, аввал пешинни сўнгра асрни ўқиши лозим, хуфтонни шом вақтида ўқийдиган бўлса, аввал шомни кейин хуфтонни ўқиш керак.
2. Ният: Биринчи намозда жам этишга ният қилиш керак. Пешин билан асрни жам-и тақдим билан ўқийдиган бўлса, пешин вақтида пешинни аср билан бирга ўқишига ният қилиб қўйиши лозим. Шом билан хуфтонни жам-и тақдим билан ўқийдиган бўлса, шом вақтида шомни хуфтон билан ўқишга ният қилиб қўйиши керак.
3. Муволот: Икки фарз намозни орасида вақт ўтказмасдан кетма-кет ўқиш керак. Орасида суннат ўқиш жоиз эмас. Орасида азон, қомат ва таҳорат каби танаффуслар жоиз. Масалан, пешин намозини ўқигандан кейин асрни ўқишдан аввал таҳорати бузилган кишининг таҳорат олиши жам этишга зарар бермайди.
4. Масофа: Ёмғир сабабли жам эта олиши учун масжиднинг узоқда бўлиши ҳам керак.
5. Биринчи вақтнинг чиқмаган бўлиши: Иккинчи намозни ўқигунча биринчи намознинг вақти чиқиб кетмаслиги керак. Масалан пешин билан асрнинг фарзи ўқилганда аср вақти кирмаган бўлиши керак.
6. Биринчи намознинг саҳиҳ эканлигини билиш: Масалан, биринчи намоз жума намози бўлса, жуманинг шартлари бўлмаганлиги учун саҳиҳ бўлмаганлигини билса, жам этиш жоиз бўлмайди.
7. Намозни жамоат билан ўқиш: Имомнинг жамоатга ҳам ният қилиши керак. Бу Шофиъийда ёмғир сабабли жам этишнинг шартлари. Сафарда жам этаётганида жамоат билан ўқиш шарт эмас.
Сафарий киши иккинчи намозга ифтитоҳ такбирини олгунгача сафарининг давом этиши шарт. Иккинчи намозни бошлагандан кейин сафар тугаса, жам этишда давом қилади. Лекин иккинчи намоз бошламасдан аввал сафар ниҳоясига етса, жам этиш саҳиҳ бўлмайди. Бундай ҳолатларда Ҳанбалий мазҳаби тақлид қилиниб, жам этиш мумкин. Агар бир узр билан бу вақтга қолдирган бўлса, гуноҳ бўлмайди.
Савол: Сафарда пешинни вақтида ўқиш имкони бўлмагани учун жам этиш нияти билан аср вақтига тахир (кечиктирсак) этсак, манзилимизга етгандан кейин муқим бўлсак ва аср вақти ҳали чиқмаган бўлса, Моликийга кўра, пешин ва асрни жам қилаётганда тўрт ракъат қилиб ўқийдими ёки икки ракъат ўқийдими?
Жавоб: Муқим бўлганидан кейин Моликийга кўра жам эта олмайди. Ҳанбалийни тақлид қилиб, пешинни икки, асрни тўрт ракъат қилиб жам этади. Ёхуд пешин икки ракъат қилиб, қазо этилади. Аср тўрт ракъат қилиб ўқилади. Пешин намози бир узр билан қазога қолгани учун гуноҳ бўлмайди.
Савол: Сафарда жума куни пешинни аср билан жам этадиган киши жуманинг фарзи билан асрни жам этадими ёки зуҳри охир билан асрни жам этадими?
Жавоб: Сафарий бўлган кишига жума ўқиш фарз эмас. Пешинни ўқиши эса фарз. Жуманинг сиҳҳат шартларидан баъзилари нуқсон бўлгани учун жумани ўқимай, пешин билан аср, нариги уч мазҳабдан бири тақлид қилиниб, жам этилади.