Дафн

Савол: Жанозани кечаси кўмиш жоизми?

Жавоб: Кундуз куни дафн қилиш мустаҳаб бўлса ҳам, зарур бўлганида кечаси ҳам кўмиш жоиз. (Саодати абадия)

Савол: Аёл киши ўлганида эри аёлининг юзига қарай олмайдими?

Жавоб: Юзига қараса бўлади.

Савол: Ўлган яқинимизнинг қирқини, йилини ўтказиш учун ҳисоб ўлган кунидан бошланадими ёки дафн этилган куниданми? Отам шомга яқин вафот этди, эртасига узоқдаги қариндошларни кутиб, дафн қилиш икки кунга кечикди. Ҳисоб шу бўйича икки кун кейин бўладими?

Жавоб: Ҳадиси шарифда “Қабрдаги маййит денгизда чўкаётиб, ёрдам сўраб қичқирган кишига ўхшайди. Чўкаётган киши қутқарадиган одамни кутганидек, ўлик ҳам дуо кутади” деб марҳамат қилинган. (Дайламий)

Ўлган бир яқинимиз “Менга бағишлаб тезроқ хайр-ҳасанот қилинг, дуо қилинглар” деб сўраётганида унга “Йўқ, шошилма, кут. Қирқ кун ёки йилинг бўлсин, сенга шунда хайр-ҳасанот қиламиз, мавлуд ўқитамиз” дейиш қанчалик нотўғри бўлади.

Бир имом айтиб берди: Жамоатидан бири ундан айнан шу саволни сўрабди. Имом ҳам узундан-узоқ буларнинг бидъат эканлигини, хайр-ҳасанот қилиш ва дуо қилиш учун алоҳида кун тайинлашнинг христианликдан кириб келганлигини тушунтирибди. Сўнгра савол берган одамдан тушунган-тушунмаганлигини сўрабди. У киши “Ҳа, тушундим. Лекин бир нарсани тушунмадим, шунда ўликнинг қирқини ўлган кунидан бошлаб санаймизми ёки дафн этилган куниданми?” деган экан.

Маййит учун қилинадиган хайр-ҳасанотни кечиктирмаслик лозим, маълум кунларни кутмасдан, имкон туғилиши билан тезроқ ишлаш лозим.

Савол: Ўлим арафасида бўлган хаста қандай ётқизилади?

Жавоб: Ўлим арафасидаги хаста ўнг тарафига ётқизилиб, юзи қиблага қаратилади. Шундай ётқизиш суннат. Бошининг остига ёстиқ қўйиб, оёқларини қиблага қаратиб, чалқанча ётқизса ҳам жоиз. Шунда юзи қиблага қараган бўлади. Бундай ётқизиш қийинчилик туғдирса, қулай бўлган шаклда ётқизиш жоиздир. Маййитни чалқанча ёки қулай бўлган шаклда ётқизилади. Қиблага юзлантириб ётқизиш суннат.

Савол: Аёлларнинг қабрини эркакларнинг қабридан чуқурроқ қазиш керакми?

Жавоб: Йўқ. Одатда хотин кишига ҳам, эр кишига ҳам қабрни чуқурроқ қазиш яхши. Чуқурлиги камида инсон кўксигача, ҳатто инсон бўйи баробар бўлиши яхши. (Жоми-ул-фатово)

Савол: Маҳрами бўлмаган бир аёл вафот этганда жанозасини қабрга эри қўя оладими? Ёки аёллар қўйиши керакми?

Жавоб: Аёллар асло қўймайди. Бошқа уч мазҳабдан бирини тақлид қилиб, эри аёлини қабрга қўяди. Чунки аёлни эрининг ювиши ҳам бошқа уч мазҳабда жоиз. Ҳазрати Али аёли ҳазрати Фотимани ўзи қабрга қўйганди.