Кафан
Савол: Ўликнинг кафан пулини бегона одам ўз ёнидан берса бўладими?
Жавоб: Кафан марҳумнинг ўз ҳалол молидан олинган ва аввалдан ювилган бўлиши афзалроқ. Кафан маййитнинг молидан олинади. Қарзидан, васиятидан ва меросидан аввал кафан пули ажратилади. Хотин киши бадавдат бўлса ҳам кафанини эри олиб беради.
Савол: Ўликнинг кафани нечта парча бўлади?
Жавоб: Эр кишининг кафани уч парча, хотинники эса беш парча бўлиши суннат. Бундан ортиқ бўлиши бидъат. Кафаннинг янги, тоза, қийматли ва оқ рангда бўлиши суннат. Эркак кишига ипак кафан ҳаром. Тобути устига ҳам ипак ёпиш ҳаромдир. Хотинларга ипак жоиз.
Савол: Кафанни замзам суви билан ювиш жоизми?
Жавоб: Замзам суви билан ювилган кафан Ҳанафийда жоиз, Шофеъийда эса ҳаромдир. Ҳанафийда қуриганидан кейин замзамнинг ҳаммаси кетади, шофеъийда эса асари қолиб, маййитнинг қони ва йиринги билан ифлосланишга сабаб бўлади.
Савол: Авлиё зотнинг либосидан қолган бир парчани кафан ичига солиб қўйиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жуда яхши бўлади. Муҳаммад Маъсум ҳазратлари айтадики:
“Солиҳларнинг, авлиёларнинг либосидан кафан қилиш ёки парчасини кафан ичига, юзига, кўксига қўйиш фойдалидир.” (1/3)
Ояти карималарни, дуоларни, муҳтарам исмларни кафанга ёзиш ёки қабрга солиш жоиз эмас.
Савол: Эр ва хотин киши учун неча метр кафанлик олиш керак?
Жавоб: Эрлар учун 7 метр, аёл учун 8 метр етарли бўлади.