Вафот хабари келганда
Савол: Бировнинг ўлганини эшитганда нима дейиш керак?
Жавоб: Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Бир мусулмоннинг ўлимини эшитганда “Инна лиллоҳ ва инна илайҳи рожиун” дегандан кейин “Ё Рабби, уни солиҳлар қаторидан қилгин, бола-чақасига яхшиликлар эҳсон қил, бизни ҳам, уни ҳам мағфират қил” деб дуо қилсин!” (Ибни Асокир)
[“Инна лиллоҳ ва инна илайҳи рожиун” Бақара сурасининг 156-ояти каримасидир. “Албатта биз Аллоҳу таолонинг қулимиз. Ўлгандан кейин яна Унга қайтамиз” маолида.]
“Ҳеч бир умматга берилмаган нарса менинг умматимга берилди. Бу бир бало ва мусибат қаршисида истиржодир.” (Табароний) [Истиржо бало келганида ёки қайғули хабар эшитганида “Инна лиллоҳ ва инна илайҳи рожиун” дейишдир.]
“Бирингизга бирон мусибат ёки бало келганида истиржо қилгандан кейин “Ё Рабби, ҳузурингдан ушбу мусибатнинг ажрини кутяпман, бунинг ажрини бергин ва буни менга хайрли нарса билан алмаштиргин” деб дуо қилиш керак.” (Термизий)
“Бир мусибат қаршисида истиржо этилса, мусибатнинг натижаси гўзал бўлади.” (Табароний)
“Фарзанди ўлган киши Аллоҳга ҳамд қилиб, истиржо этса, Ҳақ таоло фаришталарига “Шу қулимга жаннатда бир уй қуринг, номини эса ҳамд уйи деб номланг” деб буюради.” (Термизий)
Савол: Атеист қариндошимизнинг жаноза маросимига боришимиз дурустми?
Жавоб: Мусулмон бўлмаган кимсанинг дафн маросимига заруратсиз бориш жоиз эмас.
Савол: Расулуллоҳнинг жаноза намозини ким ўқитган?
Жавоб: Жаноби Пайғамбаримизнинг жаноза намозини васияти бўйича ҳар ким ўзи алоҳида-алоҳида ўқиди.
Савол: Маййит дафн этилгандан кейин орадан беш йил ўтгач, бу қабрга бошқа ўликни кўмиш жоизми?
Жавоб: Бир маййит чириб, суяклари тупроққа айланмасдан бу қабрга бошқаси кўмилмайди. Бошқа қабр қазишнинг имкони бўлмаса, суяклари йиғиштирилиб, бир четга кўмилиб, ўлик иккинчи четга кўмилади. Ўлик чириб, тупроққа айлангандан кейин қабрга бошқа ўлик дафн этилиши мумкин. (Саодати абадия)
Ўликнинг қанча вақтда чириши тупроқнинг ҳолатига боғлиқ. Баъзи тупроқларда тез, баъзиларида кеч чирийди. Беш йил деб белгилаш нотўғри.
Савол: Жанозани хабар бериш учун газетага эълон бериш ёки ҳокимчилик радиоузелидан эълон қилиш жоизми?
Жавоб: Жоиз. Жаноза намозини эълон қилиш учун баъзи ўлкаларда масжид минораларида салавот ўқитиш бидъатдир.
Савол: Намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтларда жаноза намозини ўқиса бўладими?
Жавоб: Агар жаноза макруҳ вақтга тайёр қилинган бўлса, кечиктирмаслик учун макруҳ вақтда ҳам ўқиш жоиздир. Аввалроқ тайёрланган жанозанинг намозини макруҳ вақтга қолдириш жоиз эмас, макруҳ. (Радд-ул мухтор)
Савол: Моликийни тақлид қиламан. Жаноза намозига турганимда Ҳанафийга кўра бузмайдиган, Моликийга кўра таҳоратни бузадиган бир ҳол бўлди. Намозга давом этишим жоизми?
Жавоб: Жаноза намозини кейин ўқишнинг имкони бўлмагани учун Ҳанафий мазҳабига кўра намозга давом этилади. Беш вақт намоздан бири бўлганда эди, кейин ўқишнинг имкони бўлгани учун бу таҳорат билан ўқий олмасди.
Савол: Вужудининг бир қисми ёниб кул бўлиб кетган кишининг жанозаси ўқиладими?
Жавоб: Инсоннинг ёлғиз боши ёки баданнинг ярми бор бўлса, ювилмайди ва намози ўқилмайди. Шундайлигича кўмилади. Боши йўқ бўлса ҳам жасадининг ярмидан кўпи ёки баданнинг ярми билан боши бирга бор бўлса, ювилади ва намози ўқилади. (Дурр-ул мухтор)
Савол: Денгизда ёки кўлда чўкиб ўлган кишининг жанозасини ювиш керакми?
Жавоб: Ҳа, уч марта ювилади ёки ювиш нияти билан сувда уч марта ҳаракатлантирилади.