Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

Қурбон ҳайитининг 1, 2, 3-кунлари ортидан келадиган 3 кечага Қурбон байрами кечалари дейилади. Жорий йилда 28, 29 ва 30 июнга тўғри келади. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Рамазон ва Қурбон байрамининг кечаларини ибодат билан ўтказган кишининг қалби қалблар ўлган вақтда ўлмайди.” (Ибн Можа, Табароний)

“Раҳмат эшиклари тўрт кечада очилади. Бу кечаларда қилинган дуолар рад қилинмайди. Улар: Рамазон ва Қурбон байрамининг биринчи кечалари, Барот ва Арафа кечасидир.” (Исфаҳоний)

“Шу беш кечада қилинган дуо рад этилмайди: Рағоиб кечаси, Барот кечаси, Жума кечаси, Рамазон ва Қурбон байрами кечалари.”(Ибн Асокир)

Ҳайит куни эрта уйғониш, ғусл олиш, мисвокланиш, хушбўй ҳидлар билан суриниш, янги ва тоза кийим кийиш, қувончини маълум қилиш, узук тақиш, учрашган мўминларга мутабассим чеҳра билан салом бериш, фақирларга кўп садақа бериш, исломиятга тўғри хизмат қилаётганларга ёрдам бериш, аразлашиб қолганларни яраштириш, қариндошларни, дин биродарларини бориб кўриш, уларга ҳадялар бериш суннат.

Байрам кечаларини иҳё этган (ибодат билан ўтказган) мўминлар буюк саодатга эришишади. Бир ҳадиси шарифда: “Байрам кечаларини ибодат билан ўтказган кишининг қалби қалблар ўлган вақтда ўлмайди” деб марҳамат қилинди. (Табароний)

Савол: Байрам кунлари яқинларимизни зиёрат қилиб ҳайитлашиш асносида нималарга эътибор қаратишим керак? Аввал кимларни бориб кўришим яхшироқ?

Жавоб: Гуноҳ ишлашимизга сабаб бўладиган фосиқ қариндошни бориб кўриш шарт эмас. Улар билан телефон орқали ҳайитлашган маъқул. Фақат солиҳ бўлган қариндошни зиёрат қилиб бориш керак. Солиҳ дўстларни бориб кўриш ҳам савоб амал. Зиёрат, яъни ҳайитлашиб бориб кўриб келишда ният ва мақсад ёлғиз Аллоҳ розилиги бўлиши лозим. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Бир дин қардошини зиёрат қилган мўминга фаришта келиб “Сен қандай бахтлисан, Жаннатга кирадиган бўлдинг” дейди. Ҳақ таоло ҳам “Мен учун бир-бирини йўқлаган қулимга Жаннатга севинадиган мукофотлар бераман” деб буюради.” (Баззор)

 “Дин биродарини ҳолидан хабар олиш учун отланган киши ортига қайтиб келгунча раҳмат ичидадир.” (Табароний)

“Жаннатда шундай гўзал кўшклар борки, булар бир-бирини Аллоҳ учун зиёрат қилган, Аллоҳ учун севиб, ёрдамлашганлар учун тайёрланган.” (Табароний)

“Бир мўминни зиёрат учун уйидан чиққан кимсага 70 минг фаришта “Эй Раббимиз, сенинг розилигинг учун зиёратга бораётган шу қулингга раҳмат эт” деб дуо қиладилар.” (Абу Нуайм)

“Бир мусулмон мусулмон биродарини ҳолидан хабар олганда 70 минг фаришта “Эй Раббимиз, сенинг розилигинг учун зиёрат қилган бу қулингдан рози бўл” деб дуо қиладилар.” (Табароний)

“Дин биродарини Аллоҳ розилиги учун зиёрат этган киши Жаннатидир.”(Табароний)

“Дин биродарини йўқлаб борган мўминга Жаннатда бир даража берилади.” (Эй ўғил илмиҳоли)

“Сизни сўраб, зиёрат қилиб келган кишига икром кўрсатинг.”(Хароитий)

“Мўмин биродарини зиёрат қилиб, қўл бериб кўришганларида қўллари ажралмасдан туриб, ҳар иккисидан ҳам Аллоҳу таоло рози бўлади. Дарахтдан барглар тўкилганидек гуноҳлари тўкилади.” (Эй ўғил илмиҳоли)

Ҳикмат аҳли айтадиларки: “Зиёратни тарк этмагинки, сени унутишмасин. Ҳа деб югуравермагинки, сендан зерикишмасин.”

“Аршнинг атрофида нурдан ясалган курсиларда ўтирган нурдай порлаган инсонларга Пайғамбарлар ва шаҳидлар ҳавас қиладилар. Булар Аллоҳ учун бир-бирини севган, Аллоҳ учун бир-бирини излаб, бир-бирини зиёрат қилганлардир.”(Насоий)

“Аллоҳу таоло “Мен учун бир-бирини зиёрат қилган, мен учун бир-бирини севган, мен учун нарса берган, мен учун бир-бирига ёрдам қилган қулларим севгимга лойиқ бўлади” деб марҳамат қилди.”(Ҳаким)

Аллоҳ розилиги учун бир мусулмонни зиёрат қилиш жуда катта савоб. Олим, фақир ва солиҳ қариндошни зиёрат ундан ҳам савоблироқдир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Бадавлатни зиёрат қилган одам қоим ва соим савобини, фақирни зиёрат қилган одам эса, фи сабилиллоҳ жиҳод савобини олади. Ҳар одими Аллоҳ йўлида ташланган қадамга тенг бўлади.” (Дайламий) (Соим – рўзадор, Қоим – кечаси ибодат этувчи, Фи сабилиллоҳ – Аллоҳ йўлида, Аллоҳ розилиги учун.)

“Олимни зиёрат қилган одам мени зиёрат этгандек савобга эришади.” (Табароний)

“Силаи раҳм бу – борди-келди узилиб қолган қариндошини излаб топиб, зиёрат ва яхшилик қилишдир.” (Термизий)

“Ризқининг мўл, умрининг узун бўлишини истаган киши силаи раҳм қилсин.”(Бухорий)

“Силаи раҳм мол-мулкни кўпайтиради, оилада севгини орттиради ва умрни узайтиради.” (Табароний)

Солиҳ қариндошдан ҳафтада бир, ҳеч бўлмаса ойда бир хабар олиб, сўраб туриш керак. Қирқ кунни ўтказиб юбормаслик лозим. Узоқ ерда бўлса телефон, мактуб орқали хабарлашиш керак.