Аҳли суннатнинг раиси имоми Аъзам

Имоми Аъзам ҳазратлари аҳли суннатнинг раисидирлар. Асл исми Нуъмон. 80 (м.699) йили Куфада туғилиб, 150 (м.767) йили 6 майда Бағдодда шаҳид этилди.

Фиқҳ илмларини, аҳли суннат эътиқодини жамлаган имоми Аъзам ҳазратлари буларни юзлаб талабаларига ўргатиб, китобларга ёзилишига сабаб бўлдилар.

Теран илми, ўткир ақли, зуҳд-тақвоси, ҳилми, салоҳияти ва сахийлиги юзлаб китобларда ёзилиб, баён этилган.

Имоми Аъзам ҳазратлари илм ўрганишни бошлашини қуйидагича баён қилганлар:

Бир куни замона олимларидан Шабийнинг ёнидан ўтиб кетаётгандим. У зот мени олдларига чақириб: “Қаерга қатнаяпсан?”- деб сўрадилар. Мен “Бозорга”- деб жавоб бердим. Олим: “Уни эмас, олимлардан кимнинг дарсига қатнаяпсан, шуни сўрадим”- дедилар. “Ҳеч бирининг дарсига бормаяпман”,- дедим. Шабий: “Илм билан шуғулланишни ва олимлар билан кўришишни асло тарк этмагин. Мен сенинг зукко, ақлли ва қобилиятли йигит эканлигингни кўриб турибман”,- дедилар. У зотнинг сўзлари менга қаттиқ таъсир этди. Бозорни йиғиштириб, илм йўлини тутдим...

Имоми Аъзам ўз устози Ҳаммоднинг дарсларига 28 йил қатнашиб, мислсиз даражага эришдилар. Ҳануз дарс олиб юрган талабалик пайтларида-ёқ, фиқҳ соҳасида шуҳрат қозонган эдилар. Тасаввуф илмларини эса Муҳаммад Боқир, ундан кейин силсилаи олия улуғларидан бўлмиш Жаъфари Содиқ ҳазратларидан ўргандилар.

Абдуллоҳ ибни Муборак баён қиладилар:

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратлари ёнларига борганларида, имоми Молик ўрнидан туриб у зотга ҳурмат кўрсатардилар. Кетганларидан кейин ёнидагиларга: “Бу зотни танийсизми? Бу зот Абу Ҳанифа Нуъмон бин Собит бўлади. Агар мана бу устун олтин десалар, исбот қилишга қодир олимдир”,- деганлар.

Имоми Аъзам ҳазратлари тижорат билан ҳам шуғулланардилар. Талабаларининг эҳтиёжларини ўз даромадидан таъминлардилар. Талабаларини шунчалик мукаммал қилиб етиштирардики, бошқалар узоқ вақтда топадиган ҳукмларни улар қисқа вақт ичида топишарди. Дарс усуллари ва талабаларини кўргани келган ораларида тобеин улуғлари ҳам бор бўлган илмий ҳайъат, уларнинг бу устунлигини, муваффақиятларини кўриб, ғоят мамнуният билан қайтиб кетишганди. Талабаларига “Сизлар менинг қалбимнинг севинчи, қайғумнинг тасаллисисизлар”,- дердилар.

Хуллас, имоми Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратлари Исломиятнинг мусулмонлардан тўғри эътиқод (аҳли суннат эътиқоди), тўғри амал ва чиройли ахлоқ талаб қилишини билдирганлар. Умрлари давомида ушбу нажот йўлини изоҳлаганлар. Вафотларидан кейин етиштирган талабалари ва китоблари асрлар давомида келиб-кетган барча мусулмонларга зиё сочиб, йўл кўрсатувчи бўлди. Аллоҳу таоло шафоатларига ноил этсин. Омин.