Унутилган ёки тарк этилган баъзи фарз ва суннатлар
Маълумки, “фарз” деб Аллоҳу таолонинг Қуръони каримда очиқча билдирган буйруқларидир. Бир ҳадиси қудсийда “Қулим фарзларни адо этиш орқали менга яқинлашганидек бошқа ҳеч нарса билан яқинлаша олмайди. Қулим нофила ибодатларни адо этганда уни шунчалик севаманки, у мен билан эшитиб, мен билан кўргай. Мен билан нарсаларни тутиб, мен билан юргай. Мендан нима истаса бераман. Менга сиғинса, уни муҳофаза қиламан” дейилган. (Бухорий)
Диний адабиётларда кўп ишлатиладиган “суннат” сўзи эса ишлатилган жойига қараб турлича маъноларни англатади:
1. “Фарз ва суннат” деб ишлатилганда "суннат" Пайғамбаримизнинг фарздан ташқари қилган амалларидир.
2. “Китоб ва суннат” ифодасидаги "суннат" ҳадиси шарифларни билдиради.
3. Ёлғиз ишлатилганида "суннат" исломият деган маънони билдиради.
4. “Суннат” йўл, йўналиш, одат, из деган маънога ҳам келади. Масалан, “Суннати ҳасана” яхши одат, “суннати сайия” ёмон одат деганидир. Ҳадиси шарифда қуйидагича марҳамат қилинди:
“Бир киши суннати ҳасана чиқарса (яхши йўл очса) унинг савоби билан қиёматгача шу билан амал қилганларнинг савобича савобга эришади. Бир кимса суннати сайия чиқарса (ёмон йўл очса) унинг гуноҳи билан қиёматгача шуни қилганларнинг гуноҳларича гуноҳга ботади.” (Муслим)
5. Яна “суннат” одат, иш деган маънога ҳам келади. Масалан, “Суннатуллоҳ” таъбири Аллоҳнинг одати, Аллоҳнинг иши деганидир.
6. “Аҳли суннат” нажот фирқасининг номидир. Бу фирқага “Аҳли суннат вал жамоат” дейилади.
7. Ўғил болаларнинг хатна қилинишига ҳам суннат дейилади.
Афсуски халқимизнинг бир қисми тарк этган баъзи фарзлар бор. Баъзилари қуйидагилар:
1. Тўғри эътиқод қилиш. (Аҳли суннат эътиқодини ўрганиш)
2. Фарзлар билан ҳаромларни ўрганиш. (Буларни билмайдиган одам доим гуноҳ ишлайди)
3. Ҳалолдан пул топиб, ҳалол еб-ичиш.
4. Намоз ўқиш ва ушр бериш.
5. Ота-онага яхшилик қилиш.
6. Аллоҳнинг ризққа кафил эканлигига ишониш.
7. Таваккул ва қаноат қилиш.
8. Жаноби Ҳақдан келган бало-қазога сабр қилиш, яъни исён қилмаслик.
9. Аллоҳу таолога неъматлар учун шукр қилиш, яъни улардан динга мос шаклда фойдаланиш.
10. Гуноҳлардан тийилиб ибодат билан машғул бўлиш.
11. Гуноҳларига тавба қилиш.
12. Аёлларнинг ҳижоб қоидаларига риоя қилиши.
13. Ҳаромга қарамаслик.
14. Қулоғини чолғулардан ҳимоя қилиш.
15. Тилини беҳаё сўзлардан сақлаш.
16. Аллоҳ дўстларини дўст, душманларини душман деб билиш.
17. Саломга алик олиш.
18. Амри маъруф қилиш. (Фарзи кифоядир)
19. Оламга ибрат назари билан боқиш.
20. Ҳеч кимни масхара, мазах қилмаслик...