Нотўғри фатво берган киши хоиндир!

Яҳё бин Абул-Хайр Имроний ҳазратлари шофиий фиқҳ олимидир. 489 (мил.1096) йили Ямандаги Жанадда туғилди. Шу ердаги машҳур олимлардан дарс олди. Яманнинг кўзга кўринган Шофиий олимларидан бири бўлди. Ундан ҳам бир неча олимлар дарс олди. 558 (мил.1163) йили Жанадда вафот этди. Яҳё бин Абул-Хайр Имроний ҳазратлари айтдиларки:

Диний мавзуларда билмасдан туриб гапиришнинг гуноҳи оғир. Машҳур бир ҳаромга ҳалол ёки машҳур ҳалолга ҳаром деган кимса куфрга тушади. Мужтаҳид бўлмаган одамнинг Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ўз тушунгани бўйича фатво бериши жоиз эмас. Чунки оят ва ҳадислардан тўрт мазҳабнинг мужтаҳидлари турлича ҳукм чиқарганлар. Шунинг учун ҳар бир одам ўз мазҳабига эргашиши, ўз мазҳабининг олимлари берган фатволар билан амал қилиши керак. Билмасдан, китобга қарамай туриб “жоиз”, “жоиз эмас” сингари сўзлар айтишдан қаттиқ сақланиш керак. Ҳадиси шарифда “Фатво беришга энг журъатлингиз ўтга тушишга ҳам энг журъатли бўлганингиздир” деб марҳамат қилинган.

Ҳаромдан қўрқмайдиган, гуноҳ ишлашга журъат қилган кимса жоҳилдир. Дарҳақиқат “Жоҳил журъаткор бўлади” дейилган. Яъни “Жоҳил гуноҳ ишлашдан қўрқмайди” деганидир. Фатво беришнинг масъулияти жуда оғир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Билмасдан фатво берган кимсага еру осмондаги фаришталар лаънат этади.”

“Жаҳаннам забонийлари гуноҳ ишлаган қориларга бутпарастлардан ҳам кўпроқ азоб беради. Чунки билиб туриб қилинган гуноҳ билмасдан қилинган гуноҳдан ёмонроқдир.”

“Умматим ёмон олимлар (муллалар) ва жоҳил обидлар (саводсиз ибодат этувчилар) дастидан ҳалок бўлади. Ёмонлардан ҳам энг ёмони ёмон олимлардир. Яхшиларнинг энг яхшиси эса яхши олимлардир.”

“Умматим ёмон дин ходимларидан жуда кўп зарар кўради.”

“Сизлар ҳақда Дажжолдан ҳам кўра бузуқ имомлардан кўпроқ хавотирдаман.”

Бир савол сўралганида билмайдиган бўлса “Билмайман, китобларга қарашим керак. Жавоб топсам, айтарман” дейиш керак. Билмайман деб айтиш илмдандир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Узайр ва Зулқарнайн пайғамбарми ёки йўқ билмайман. Жаброил (алайҳиссалом) келгунича ўтириладиган жойларнинг энг яхшиси ва энг ёмони қайси эканлигини сўраганларга “билмайман” дедим. Жаброил ҳам “Билмайман” деди. Ниҳоят Аллоҳу таоло “Ўтириладиган жойларнинг энг яхшиси масжидлар, энг ёмони кўчалар” эканлигини билдирди.”

“Билмайман деб айтиш илмдандир.”

“Олимман деган одам жоҳилдир.”

“Охирзамонда олим ва илм камаяди, саводсизлик ёйилади. Саводсиз ва бидъат аҳли бўлган дин ходимлари нотўғри фатво бериб фитна чиқариб, халқни тўғри йўлдан адаштиради.”

“Умматим ёмон дин пешволаридан кўп зарар кўради.”

“Салоҳияти бўлмасдан нотўғри фатво берган киши хоинлик қилган бўлади.”