Бир умрга татигулик тун
Эртага Қадр кечасини (лайлатулқадр) кутиб оламиз иншоаллоҳ. Қадр кечаси Қуръони карим илк нозил бўлган кечадир. Бу кеча минг ойдан ҳам хайрлидир. Ўтмишда қанча минглаб ойлар шу бир кеча берган нафни бера олмай ўтиб кетган.
Қадр кечаси фақат бизга, фақат уммати Муҳаммадга махсусдир! Бошқа умматларда бундай кеча бўлмаган. Бу қандай улкан илоҳий эҳсон!
Муҳтарам пайғамбаримиз (алайҳиссалом) яратилганларнинг энг шарафлиси бўлганларидек ул зотнинг уммати ҳам умматларнинг энг хайрлисидир. "Оли Имрон" сураси 110-ояти каримасида маолан бундай дейилган: “Сиз одамзот учун чиқарилган энг хайрли умматсиз. Яхшиликни амр қилиб, ёмонликдан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз!”
Ҳазрати Али (родиаллоҳу анҳу): “Раббимиз агар уммати Муҳаммадга азоб бергиси келса эди, уларга рамазони шариф билан ичидаги Қадр кечасини бермаган бўларди.” деганлар.
Рамазон ойининг охирги ўн кунида ва тоқ кечаларида Лайлатулқадр бўлиш эҳтимоли юқорироқ. Йигирма еттинчи кечада бўлиши эса қувватлироқ эҳтимоллардан.
Ҳозирги инсонларнинг ўртача умри 60-70 йил. Ҳолбуки, авваллари одамлар узоқ умр кўрарди. Нуҳ алайҳиссаломнинг 950 йил қавмини иймонга даъват қилгани ояти каримада билдирилган. Бу хусус пайғамбаримизни маҳзун қилиб, Аллоҳу таолога ёлворди: “Ё Рабби, умматимнинг умрини қисқа қилдинг. Энди бошқа умматларчалик ибодат қила олмайди, уларчалик савоб қозона олмайди...”
Раббимиз бутун бошли коинотни айни шу зот ҳурмати учун яратган ахир. Шундан сарвари коинот атанмиш ҳабибини ўкситиб қўярмиди? У “Сенинг умматингга шундай кунлар ва кечалар бераманки, ҳар бири бир умрга бадал бўлади!” деб буюради.
Дарҳақиқат минг ой 83 йилдан ортиқдир. Ўн марта лайлатулқадр кечасини ибодат билан ўтказган мўмин 830 йил ибодат қилгандек бўлади. Бу на қадар улуғ эҳсон!
Бу кечада нозил бўлган Қуръони карим пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом)энг катта мўъжизасидир. Бу барча мўъжизалардан йирик бўлиб, таъсири қиёматгача давом этади.
Қуръони каримнинг фазилатини билдирувчи ҳадиси шарифлар кўп. Бир ҳадиси шарифда “Сизлардан энг хайрлингиз Қуръони карим ўқишни ўрганувчи ва ўргатувчилардир” деб марҳамат қилинган.
Қалблар ҳам худдир темирга ўхшаб занглайди.
Асҳоби киром “Темирнинг зангини кетказа оламиз. Лекин қалбнинг зангини қандай тозалаймиз?” деб сўради. Пайғамбаримиз “Қуръони карим ўқиш билан тозаланади” деб жавоб бердилар.
Қуръони карим билан рўза қиёмат куни мусулмонларга шафоат қилишга рухсат сўрайди. Қуръони карим тилга кириб: “Ё Рабби, бандаларингдан баъзилари дунёда мени эъзозлаб, кўп ўқиди. Бугун мен ҳам уларга шафоат қилишни истайман.”- дейди.
Рўза эса “Қийналса ҳам мени қадрлаб тарк этмаган бандаларингга шафоат қилгим келади” дейди. Иккаласига ҳам шафоат учун изн берилади.