Рамазонни ҳурмат қилган қутулади

Аллоҳу таоло рамазони шариф ойини одамзотнинг дунё ва охират саодатига эришиши учун васила қилган. Бу ойни кўплаб неъматлар билан безаган. Муборак рамазон ойининг кеча-кундузида файзу барака ёмғирдек ёғмоқда. Жаноби Ҳақ оламларга раҳм қилиб юборган севгили Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳурматлари учун ушбу муборак ойда гуноҳларимизни авфу мағфират қилсин! Боши раҳмат, ўртаси мағфират, охири эса жаҳаннамдан озод (бароат) ойи бўлган Рамазони шариф ойининг файз ва баракотларидан тўйиб-тўйиб фойдаланишни барчамизга насиб этсин!

Ё Рабби! Хаста қулларингга шифо, дардлиларга даво, қарздорларга адо, ўлганларимизга раҳмат, тирикларимизга сиҳҳат эҳсон айла! Охирги нафасда калимаи тавҳид айтишни, иймон билан ва шаҳид ўлароқ бу дунёдан охиратга кўчишимизни насиб айла! Омин...

Рамазони шарифга ҳурмат кўрсатиш кишининг иймони борлигига аломатдир. Исломнинг номус ойи бўлмиш Рамазони шарифда узрсиз рўза тутмаганлар унга ҳурматсизлик қилиб, исломнинг номус пардасини йиртган бўлади. Бу ҳол иймоннинг кетишига сабаб бўлади. Бу ойда фақат мусулмон бўлмаганларга, ёш болаларга, ақли жойида бўлмаганларга, ўликларга ва ҳайвонларга рўза тутиш фарз эмас. Сафарга чиққанлар, сафарийлар, хасталар, аёллар маълум кунларида ва кўзи ёригач 40 кунгача рўза тутмайди. Бу ҳолатлари ниҳоясига етгач қазосини тутишади. Бирон узр сабабли рўза тута олмаганлар ҳам ҳеч кимга кўрсатмасдан, яширинча еб-ичишлари керак. Бу рамазонга ҳурматнинг белгисидир.

Рамазонга ҳурматнинг натижаси

Бир рамазонда мусулмон маҳаллада яшайдиган бир оташпарастнинг кичик ўғли рўзадор мусулмонлар орасида нон еб юрганди. Отаси боланинг бу ишини кўриб “Ўғлим, рамазонда мусулмонлар орасида ҳам нон ейдими? Улар бу кунларда рўза тутишмоқда. Бу кунлар уларнинг муборак кунлари. Ҳурмат кўрсатиш керак!” деб койиди ва “Бор нонингни уйда е!” деб уйга жўнатди.

Бу ҳодисадан бир неча ой ўтиб ҳалиги оташпараст ўлди. Ўлимидан кейин ўша шаҳардаги бир мусулмон тушида уни жаннатда кўрди. Оташпарастдан “Бу неъматларга қандай эришдинг? Биз сени оташга сиғинади деб билардик. Ҳатто ўлганингда жаноза намозини ҳам ўқимадик” деди. У жавобан: “Ҳа. Тўғри айтасан. Мен мажусий (оташпараст) эдим. Бир куни кичкина ўғлим мусулмон маҳалласида рўзадорлар орасида нон еб юрганди. Мен ўғлим ҳали кичикку деб, баҳона қилмай рўзадорлар олдида нон еб юришига рухсат бермадим. Мусулмонлар ҳурмат қилаётган нарсага мен ҳам ҳурмат кўрсатганим учун Аллоҳу таоло охирги дамларимда мусулмон бўлишимни насиб қилди. Мусулмон сифатида вафот этганим учун мана шу неъматларга эришдим...” деди.