“Намозга келганларни ифторга чақир" дедингиз
Дин уламолари айтадиларки: “Умрингиздан ўтган ҳар бир сония жуда қийматли бўлиб, ортга қайтиб келмайди. Мусулмоннинг иймондан кейин энг қиммат мулки вақтидир. Шунинг учун энг қиммат вақтимизни энг қиммат иш билан ўтказиш керак. Улардан бири эса намоздир. Намоз диннинг устунидир. Шунинг учун қўл остимиздагилар билан сўзимиз ўтадиган инсонларни албатта намозга чорлашимиз лозим.”
Имоми Раббоний ҳазратлари айтдилар:
“Намозларни жамоат-ла, хушуъ ва ҳуду билан ўқиш керак. Чунки одамни икки дунёда фалокату ғам-ташвишлардан қутқарадиган нарса фақат хушуъ билан ўқилган намоздир. Қуръони каримда “Намозларини хушуъ билан (қалблари Аллоҳ қўрқувига тўла, таъдил арконга риоя қилган ҳолда) ўқиган мўминлар муҳаққақ фалоҳ топди (нажотга эришди, зафарга қовушди)” деб буюрилган. (Мўминун, 1-2)” (1/85)
Намознинг тўлиқ ўқилиши унинг фарзлари, вожиблари, суннатлари ва мустаҳабларининг комилан адо этилишига боғлиқ. Намозда хушуъ, яъни ҳар бир аъзонинг тавозе кўрсатиши мазкур тўрт ишни бажо келтириши демакдир. Қалбнинг ҳудуи, яъни Аллоҳ қўрқуви ҳам яна ўша тўртта ишни тўлиқ адо этиши орқали ҳосил бўлади.
Намозда дунё ишларини ўйлаш қалбда ихлоснинг нуқсонлигидандир. “Ислом ахлоқи” китобида айтиладики:
“Жамоат намозга туриб имом Фотиҳани ўқиётганида “Ўнгимда жаннат, чапимда жаҳаннам, энсамда Азроил алайҳиссалом, рўпарамда Байтуллоҳ, олдимда қабр ва оёғим остида Сирот, ажабо менинг ҳисобим осон бўлармикан? Қилган ибодатларим охиратда бошимга тож, ёнимга йўлдош ва қабримда нур бўлармикан? Ёхуд қабул бўлмай, эски латтадек юзимга урилармикан” деб тафаккур қилиш керак.”
***
Халифа Хорун Рашид мана шундай Рамазон кунларининг бирида болалик дўсти Баҳлул Донога шом вақтида масжидга бориб, намозга келганларни саройга ифторга чақиришини буюрди.
Шом бўлди, намоз ўқилди, намоздан кейин ҳазрати Баҳлул 5-10 кишилик гуруҳ билан кириб келди. Хорун Рашид шошиб қолиб сўради:
- Масжидга шунчалик кам одам келдими?
Баҳлул Доно ҳазратлари бундай деб жавоб берди:
- Эй халифа! Сиз менга масжидга келганларни эмас, намозга келганларни ифторга чақир дедингиз. Намоздан кейин масжид эшиги олдида туриб, чиққан ҳар бир одамдан имомнинг намозда қайси сураларни ўқиганини ва яна бир-икки нарсаларни сўрадим. Тўғри жавобни фақат мана шу келтирган кишиларимдан олдим холос. Масжидга келганлар кўп, лекин намозга келганлар мана шулар экан!