Ғарбдан илҳом олган оқим: Қуръон мусулмонлиги
Асрлар давомида ислом динига ҳар хил эътиқод мансублари томонидан адоват ва ҳужум тўхтамаган. Лекин охирги асрнинг иккинчи ярмидан кейин ушбу ёвларнинг стратегиялари глобал миқёсда ўзгарди. Эллик йил олдин ислом ўлкаларида ҳукмрон бўлган “Ислом социализми”, “Араб социализми”, "Совет мусулмонлари", Қаддофийнинг Яшил китоби, ҳатто коммунизм идеологиясидаги “Динларни тубдан инкор қилиш” каби лойиҳалар кўзланган натижани тўлиқ бермади. Орқаворотдаги кучларнинг яширин мақсадлари бутунлай амалга ошмаса ҳам, исломни бузишда тер тўкадиган олдинги отрядлар учун бир гала манқурт етилиб улгурди.
Ғарбнинг ислом динига қурган маккор тузоқларига илинганлар ҳазрати Пайғамбаримиз ваҳий орқали олиб келган дунё ва охират саодатини тақдим этувчи, тоза ва соф исломни ҳазм қила олишмади. Ҳақ билан ботилни, шифо билан заҳарни, нур билан зулматни бир-бирига аралаштириб, охири абадий оташ бўлган йўлни танлашди. Фаришта ўрнига шайтонни, руҳ ўрнига нафсни, Пайғамбаримиз таблиғ этган дин ўрнига Ғарбга хуш ёқувчи динни қабул қилишди.
Яширин материалист (моддапарст) илоҳиётчи-ю шарқшунослар ҳозир Қуръон мусулмонлигини илгари суриб, қолган манбаларни кўр-кўрона инкор қилишга кўчди. Ниқоблари очилиб қолмаслиги учун сир сақлаб келган “ғарб аргументлари”ни қуйида кўриб чиқамиз.
Қуръон мусулмонлигининг асосий илдизлари
Христианликда реформа
Реформа XVI-асрда католикликка (Рим черковига) қарши бошланган ва бутун Европани ўз таъсирига олган диний ҳаракатдир. Бу ҳаракатнинг бошчиси Мартин Лютердир. Лютер 1517 йили 95 моддалик протест тайёрлади. Бу протестда қуйидаги моддалар эътиборни жалб этади:
- Руҳонийлар синфига (кардиналлар, епископлар ва поплар/роҳибларсиз) ҳожат қолмай ҳамма Инжил ўқиши керак. Инжил - христианлар учун диний ҳаётда ягона манба деб қабул қилиниши керак. Инжилни ҳар бир христиан ўз она тилида ўқий олиши лозим. (Католиклар ва проваславлар Инжилни юнонча ёки лотинча ўқишга мажбур.)
- Азизларнинг (святой, христианларга кўра камолга эришган кишилар) муқаддас томони йўқ.
- Дуо ва диний маросимлар ҳар миллатнинг ўз она тилида ўтказилиши керак.
Протестантлик Европада турли номлар остида зудлик билан ёйилди. М.Лютерга эргашганларга "лютерантлар", Ж.Калвинга эргашганларга "калвинист", Англиядагиларга "англикан" дейилди.
Қиёслаймиз:
· Ҳозир бутун ислом ўлкаларида материалист илоҳиётчилар Қуръон мусулмонлиги тезисларида протестант христианларнинг “ягона манба Инжил бўлиши керак” деган қоидалари бўйича ҳадислар, саҳоба, тобеин ва мужтаҳидларни бир чеккага суриб ташлаб, “ягона манба Қуръон бўлиши керак” ақидасини ёқлашмоқда.
· Протестант оқимида камолга етган деб қабул қилинган христиан азизлар муқаддаслиги рад этилганидек, Қуръон мусулмонлигини даво қилаётган гумроҳлар ҳам шиддатли равишда шаръий тариқат пирлари билан тасаввуфга, ҳақ мазҳаб имомлари билан мазҳабларга, саҳобалар билан халифаларга ва Қуръонда зикр этилган авлиё, содиқлар ҳақидаги оятларга қарши чиқмоқда.
· Яна протестантликда “дуо ва маросимлар ҳар миллатнинг ўз тилида ўтказилиши керак” деган қоидага биноан Қуръон мусулмонлигида Қуръон ва азондан бошлаб барча ибодатларни ҳар бир миллат ўз она тилида ўқиш кераклиги фикри ёқлаб чиқилмоқда. Аксарият Диний идоралар жума хутбаларини маҳаллий тилда ўқитмоқда. Бу борада мусулмон оламида ҳар миллатга ўз она тилида Қуръон таржималари ҳар 3-4 йилда янгидан тақдим қилиниши далил. Ушбу фаолиятлар натижасида тафсирлардаги чуқур маъноларидан жудо қилинган оятлар ўқувчининг тушуниш қобилиятига ҳавола қилиниб, бу бир оқим ҳатто диний реакция сифатида намойиш этилди.
“Ўқув-оқартув” даври
Халқларнинг “ўқиб, ойдинланиши”га туртки бўлган асосий фикрий ўзгаришлар Ренесанс ва Реформа ҳаракатларидир. XV-XVI асрларда билим ва технология соҳасидаги янгиликлар, черковнинг жамият устидаги зулми, ҳукмронлиги ва инквизициялар орқали юз минглаб одамни ноҳақ ўлдириши Европада ренессанс ва реформа ҳаракатларининг туғилишига сабаб бўлди. Ҳар иккала ҳаракат ҳам черков билан руҳонийлар синфига, яъни христиан динига қарши норозилик ва исён тариқасида пайдо бўлганди.
Ўша “Ўқиб-ойдинланиш” даврининг тамойилларини қуйидагича хулосалаш мумкин:
Европада дин марказли жамият тизими ўз ўрнини ақл, тажриба ва инсонпарвар мафкурадаги жамиятга бўшатиб берди. Ўрта асрларда (V-XV асрлар ораси) ҳукмрогн бўлган дунё қараш ўзгариб, янги дунё қараш - секуляризм (диндан холи турмуш тарзи) жамиятга ҳоким бўлди. Бу ўзгариш қуйидаги концепцияларни ўзи билан бирга олиб келди: Рационализм, Эмпиризм/тажрибачилик, гуманизм/одамийлик, секуляризм ва материализм.
Қиёслаймиз: Қуръон мусулмонлиги оқимида Ғарб мафкураси бўйича замонавийлик, ақл ва секуляризм асос қилиб олиниб, мутавотир ва машҳур ҳадислар инкор этилди/этилмоқда. Ҳатто иймонга тааллуқли ақоид масалалари, ваҳий, тақдир, Исро-Меърож ҳодисалари, ҳазрати Маҳдийнинг келиши, ҳазрати Исонинг кўкдан тушиши ва қиёмат аломатлари ҳақидаги барча ҳадислар рад этилмоқда. Бундай инкорчилик ақидаси нафақат Қуръон мусулмонлиги оқимида, балки ориентализм (шарқшунослик) билан христианликдан озиқланаётган барча модернист исломий оқимларда мавжуд.
Ориентализм (шарқшунослик)
Биз шарқшуносликни шарқий мамлакатлардан бирининг тилини ўрганиш деб тушунамиз. Аслида бу Ғарбнинг шарқий мамлакатларнинг заиф нуқталарини излаб топиб, ичдан емириб, забт этиш учун ташкил этилган мустамлака ва христианлаштириш фаолиятидир.
Ориентализм (шарқшунослик) XVIII-аср охирида йўналиш ва ташкилот сифатида пайдо бўлди. Дастлаб 1779 йили Англияда, 1799 йили эса Францияда ишлатила бошланди.
Исломнинг шарқ билан ғарбда тез ёйилиши яҳудий ва христиан дин пешволарини хавотирга солди. Шунда икки дин вакиллари келишиб, бир тизим қуришди. Бунинг асосий пойдеворини миссионерлик, яъни ажнабийларни христианлаштириш ташкил қиларди. Ушбу тизим бўйича мусулмон жамиятлар турли томонлардан яқиндан кузатилади. Қуръондан бошлаб тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ, тасаввуф, тил, фольклор каби соҳалар тадқиқ этилиб, ўзларича заиф, қийшиқ, ноўрин ва ихтилофли деб топган жиҳатлар мусулмон халқлар билан мусулмон тадқиқотчилар олдига қўйилиб “Мана сизнинг динингиз ва маданиятингизни аҳволи!” дейилади.
Қиёслайлик: Ориенталистлар (шарқшунослар) Ислом ўлкаларида бугунгача нимани тадқиқ қилишди, биласизми? Тарих қаърига кўмилган 72 та адашган фирқаларнинг қараш ва ақидаларини излаб топиб ўрганиб, ривожлантириб, бундан сунний исломга қарши ҳаракат тариқасида фойдаланишга киришди. Бу стратегия бўйича миссионер жосуслар, аввал ўзларида ўқитган агрессив кимсаларни даъватчи қилиб етиштириб, ислом ўлкаларига юборишди. Уларнинг тарбиясида вояга етган маҳаллий материалист илоҳиётчилару шарқшунослар Қуръон мусулмонлиги дея энг улкан хиёнатни муқаддас Қуръонга қилишди. Ҳозир ҳам сунний исломга қарши барча исломчи оқимлар ушбу хиёнат стратегиясини ҳамон татбиқ этишмоқда.
Умумий характеристика берадиган бўлсак, қуйидагиларни айтишимиз мумкин:
Ёлғиз Қуръон дейдиган бундай замонавий илоҳиётчилар Исломнинг мустақил дин эканлигига ва охирги дин эканлигига ишонмайди. Қуръонни илоҳий китоб сифатида қабул қилмайди. Пайғамбаримизни, астағфируллоҳ, ўзи сохтакор, лекин маҳоратли ва зукко одам деб билади. Қуръонни Таврот ва Инжилдан олинган оятлардан иборат китоб деб ишонади. Мусулмонлар учун асосий манба ҳисобланувчи ҳадисларнинг барчасига гумон билан қарайди. Ҳадисларнинг аксарияти аслсиз, тўқима эканлигини даво қилади.
Ватикан лойиҳалари
Ислом ўлкаларида ислом душманлиги, исломга қаршилик, ваҳҳобийлик/салафийлик, сиёсий исломчилик, исломда ислоҳот, модерн (замонавий) исломчилик, диалог, масон ва салибчи мухлислиги каби ақида, оқим ва ташаббусларнинг асосида ёки бевосита замирида христианлик фикри билан унсурлари мавжуд.
Қиёслайлик: Ушбу фикр ва эътиқодий жараёнларга қуйидагилар мисол бўла олади:
· Ўрта Осиёда Совет тузумининг дастлабки йилларида барча масжидлар ёпилиб, омборларга айлантириши, Қуръон ва алифбо тақиқланиши, исломий таълимга чек қўйилиши, Қуръон таълими ва ибодатларга қарши курашлар мажбурлаб республикага айтантирилган барча мусулмон ўлкаларда амалга оширилди.
· 1950 йиллардан бошлаб, "Советлар динга қарши эмас" фикрини оламга ёйиш мақсадида СССР Ички Сиёсат комитети Тошкент, Бухоро каби марказларда кўргазмалик масжид-мадрасаларни қайта очиб, у ерларда чопон-салла кийган КГБ ходимлари томонидан Араб ўлкаларига социализм мафкурасини тарғиб қилина бошланди. Ҳозир "олим", "шайх" деб танилган анча кишилар КГБ томонидан махсус программа бўйича ўқитилди.
· Кейинги пайтларда масжид, синагог ва черков учталигини бир маконга жамлаш фикри, христианликни шу ҳолича, Худо сақласин, исломнинг эгизаги деб эълон қилгунча динлар ораси “диалог”ни давом эттириш ва христианликдагидек “собор” деб номланган йиғилишлар ўтказиш таклиф қилиниши.
Мана шу фаолиятлар аждодимиз салжуқийлар, темурийлар ва усмонийлар тамсил этган аҳли суннат мусулмонлиги олдига қурилган яширин тузоқлардан бир нечтаси холос.
Қуръон мусулмонлиги оқимининг давоолари
“Қуръон бизга кифоя” деганлар билан Қуръон мусулмонлигини ёқловчилар аслида протестант оқимидаги христианликдаги тамойилларга параллел равишда қуйидаги принциплар доирасида ақида ва фикрларини изоҳлашмоқда:
· Ҳозир халқ орасида тўқима ва хурофотлардан иборат дин ёйилган, Қуръондаги дин эса ундан фарқланади.
· Ҳадислардан асло динда манба сифатида фойдаланиб бўлмайди. Динда ягона манба Қуръондир.
Жавоб: Бу гаплар қаътиян нотўғри бўлиб, христианликдан олинган. Пайғамбаримиз Аллоҳу таолонинг Расули сифатида таблиғ ва баён билан вазифалантирилганлар. Ояти карималар буни очиқча кўрсатиб турибди:
“Эй Расул! Раббингдан сенга нозил бўлганни таблиғ эт.” (Моида,67).
“(Аллоҳ буюради: Пайғамбарларни) очиқча далил (мўъжиза)лар ва китоблар билан юбордик. (Расулим) одамларга, уларга туширилганни изоҳлашинг учун ва улар тушунсин деб сенга ушбу Қуръонни туширдик.” (Наҳл,44).
Ҳар бир солиҳ мусулмон чин дилдан тараддудсиз ишонадики, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бу оятдаги изоҳлаш вазифасларини ҳадиси шарифлари орқали адо этганлар. Чунки ул зот Аллоҳнинг ваҳий ва илҳоми билан ҳаракат қилар ва гапирардилар. "Нажм" сурасида бу ҳақда мана бундай деб очиқча баён этилган:
“У (Пайғамбар) ҳаводан (ўз нафсига кўра динга/шариатга зид бир нарса) сўзламайди. У (-нинг айтганлари) фақат унга билдирилган ваҳийдир.” (Нажм,4-5).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом пайғамбарлик вазифасини зиммаларига олган инсон эдилар албатта. Агар бирон хато/залла содир қилсалар, ислом шариатига/ақоидига кўра бу хато давом этмайди, зудлик билан ваҳий орқали тузатилади. Чунки барча пайғамбарларда исмат (хатосизлик, бегуноҳлик) сифати мавжуд.
Ҳадиси шарифлар - Қуръоннинг тафсири ва ислом динининг барча жиҳатларининг изоҳидир. Исломнинг иккинчи манбаси суннат/ҳадислардир. "Пайғамбар изоҳлай олмайди, Қуръонни пайғамбарнинг изоҳисиз тушуниш керак", дейиш ушбу оятларни ва Расулнинг "изоҳлаш" вазифасини инкор этиш бўлади.
· Пайғамбар динда ҳукм қўювчи эмас. Ҳукм қўйиш фақат Аллоҳга хос.
Жавоб: Ҳазрати Пайғамбаримиз "баён қилиш, изоҳлаш" вазифалари туфайли "ҳукм қўювчи"дирлар. Ул зотнинг ҳар бир сўз ва ҳатти-ҳаракатлари Аллоҳ тарафидан назорат қилинмоқда. (Фажр,14).
Бу иддаода “Ҳукм Аллоҳга хос” (Юсуф,40) оятига нотўғри маъно берилган. Оятнинг боши билан охирини инобатга олмай тамоман эгри маъно чиқаришмоқда. Ушбу оятда бутпарастликда оёқ тираб туриб олган кофирларга ҳазрати Юсуф “Бу оталарингизнинг йўли. Сиз уни тўғри деб ўйлаяпсиз. Устига устак қўлингизда дуруст далил ҳам йўқ. Бир нарсанинг ибодат бўлиши ёки бўлмаслигида "ҳукм Аллоҳга хос", сиз бутларга сиғинишни қўйинг. Аллоҳга ибодат қилинг” дейилган.
Пайғамбар алайҳиссалом намоз, рўза, ҳаж ва закот каби фарзларнинг қандай бажарилишини, ичкилик, қимор, қул ҳақлари каби ҳаромлардан қандай сақланиш кераклигини умматга баён қилиб, изоҳлаганлар.
· Тафсир, ҳадис, фиқҳ ва илмиҳол китоблари динда масалани кўпайтириб, тушунмовчиликка сабаб бўлганлиги туфайли динда манба бўла олмайди. Шу сабабли булардан диний таълим соҳасида фойдаланмаслик керак.
Жавоб: Бундай бемаъни гапга ҳатто ақли тўлмаган болалар ҳам кулади. Уларнинг фикрича Ислом илмлари борасида ҳеч қандай изланиш, таҳлил, дарс ўтказилмайди, мактаб-мадраса очилмайди, мударрис-олим етиштирилмайди, ҳамманинг қўлига биттадан Қуръон берилиб, мана шундан динни ўрганинглар ва шу бўйича амал қилинглар, дейилади.
Агар ундай қилинса, христианликда бўлганидек дин деган нарсани ўзи қолмайди. Ҳар жойда бенамоз, берўза, закот бермайдиган "чала муллалар" пайдо бўлиб, никоҳсиз яшашга ҳам, гомосексуалликка ҳам фатво беришади.
· Тариқатлар, шайхлар, пирлар ва тасаввуф арбобининг динда ўрни йўқ.
Жавоб: Христиан простестантларидан илҳом олиб, мана шундай гапни илгари суришмоқда. Ислом динида асосий иш - шариатнинг ҳукмлари бўлиб, бу фарз ва вожибларни бажариш, ҳаром ва муфсидлардан сақланишдан иборатдир. Қсқаси Ислом - диннинг амрларини бажариб, тақиқларидан тийилишдир. Агар мусулмон, булар билан бирга яна суннат ва мустаҳабларга ҳам эътибор бериб, макруҳлардан тийиладиган бўлса, иймон қалъасини мустаҳкамлаб муҳофаза қилган бўлади. Айниқса ғафлат пардаларини йиртувчи ва шайтон тузоқларини бартараф этувчи зикрни кундалик вазифалари орасига қўшса, ушбу қалъани бутунлай ўз ҳукмронлигига олган бўлади.
Шаръий тасаввуф арбоблари “Аллоҳнинг душмани бўлмиш нафс”ни тарбия ва тазкия қилиш йўлини кўрсатувчи ахлоқ имомларидир. Шариат доирасидан чиқиб кетган, махфий давлат ташкилотларга хизмат қилган, ўз манфаатини кўзлаган, шон-шуҳрат ортидан қувган сохта муфти ва тариқатчилар шайх бўлиш нари турсин, ҳатто солиҳ мусулмон ҳам бўла олишмайди. Ҳидоят Аллоҳу таолодандир.