Ким сунний, ким муътазила?
Аждодларимиз Хоразмшоҳлар, Салжуқийлар,Темурийлар, Бобурийлар ва Усмонийлар фақат аҳли суннат эътиқодини тамсил этишарди. Шу боис ушбу давлатлар ҳукмрон бўлган юз йиллар мобайнида, айниқса ақоид ва фиқҳда ушбу ҳақ эътиқод оламга ҳоким бўлди. Чунки бу эътиқод асослари мужтаҳидларга таянарди. Мужтаҳид олимлар Асҳоби киромдан тўғридан қабул қилиб олган Исломни, асосан Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни турли нотўғри таъвилу талқин ва фалсафа тажовузидан ҳимоялаб, аҳли суннат вал жамоат номи билан муҳофаза остига олган эдилар. Таркибидаги илмлар эътиборида ушбу диннинг асос ва меъёрлари аниқланди. Мужтаҳид бўлмаган олимлар ҳам ушбу меъёрлар доирасида илм ва таълим фаолиятларини юритдилар. Шу тариқа мусулмонларнинг иймон, ибодат ва бошқа жиҳатлардан бирлик ва ҳамжиҳатлиги таъминланди.
Лекин исломиятнинг дастлабки асридаёқ ушбу тизимга қарши чиққан, ҳатто душман бўлган баъзи фирқа ва гуруҳлар пайдо бўлди. Ислом манбаларида буларга "Фироқи золла вал бидъа" (Адашган фирқалар) дейилган. Ҳадиси шарифларда ушбу фирқалар танқидга учраб, қораланган. Улар орасида муътазила фирқаси ҳам бор.
Муътазила оқимининг қарашлари билан аҳли суннат асосларини қиёсласак, қуйидаги хулосаларга келамиз:
1. Аллоҳу таолонинг сифатлари
1) Муътазила: Аллоҳнинг зотий ва феълий ўлароқ, икки хил сифати бор. Зотий/илоҳий сифатлари, Унинг “зоти билан бир” бўлиб, улар: қодир, олим, ҳайй, мавжуд, самиъ, басир ва мудрик каби сифатлардир. Феълий сифатлари эса азалий бўлмай, кейин пайдо бўлган ҳодис ва Аллоҳнинг зотидан бўлакдир. Улар: мурид, кориҳ, мутакаллим ва фоил каби сифатлардир.
Аҳли суннат: Мутазила бу таснифга кўра, Аллоҳга сифат юкламаяпти. Феълий сифат деб кўрсатганлари ҳам азалий эмас, кейиндан пайдо бўлган, ҳодиса демоқда.
2) Муътазила: Аллоҳнинг зотидан бўлак сифатлари йўқ. Илоҳий сифатларининг барчаси “зоти билан бир”дир. Агар сифатларнинг “азалий/қадим” эканлиги қабул қилинса, бу бизни “қадим”ларни кўпайтиришга мажбурлайди. Бу эса “тавҳид”га зиддир. Шунинг учун Аллоҳ зоти билан кўради, зоти билан билади.
Аҳли суннат: муътазила адашяпти. Бу ерда “қадим”лар кўпаймайди. Аллоҳнинг сифатлари Аллоҳнинг Ўзи билан мавжуд. Ундан алоҳида ва ўзлигича мавжуд эмас. Бу "Одамнинг кўзгудаги акси инсоннинг ўзи эмас, лекин ўзгаси ҳам эмас", деганга ўхшайди. Муътазила мана шу нуқтани фаҳмлай олмаяпти. Сифатларининг мавжудияти қуйидаги мисоллардан осонроқ тушунилади: Аждодларимиз “Аллоҳ ҳар ерда ҳозиру нозир” деганда “илми” билан, илмини назарда тутиб айтганлар. Чунки "Зоти билан ҳозиру нозир" дейиш жоиз эмас, ҳатто бунда Аллоҳни маконга боғлаш туфайли куфр содир бўлади. Муфассирлар ҳам “иҳота” ҳақидаги оятларга (Нисо, 126; Фуссилат, 54) “илми билан қамраб олган” деган маънони берганлар.
Қанд пиёладаги сувда эриганидек “Аллоҳ оламнинг ичида” эътиқодидаги пантеизм ёки ваҳдати вужуд қарашлари шу жиҳатдан нотўғри ва куфрдир. Бу эътиқод агар “Аллоҳ илми билан оламни қамраб олган” тарзида ўзгартирилса, нотўғри эътиқод тузатилган бўлади. Имоми Раббоний ҳазратлари ўз асарларида мана шу "тузатиш"ни маъқуллаганлар.
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ айтдиларки: “Аллоҳу таоло сифат ва исмлари билан бор. Унинг исм ва сифатларидан ҳеч қайсиси кейиндан пайдо бўлган, ҳодис эмас. Аллоҳнинг сифатлари ҳақида яратилган ва кейиндан пайдо бўлган деган киши Аллоҳни инкор этган бўлади.” (Имоми Аъзам, Фиқҳи акбар)
Аллоҳу таолонинг зотий ва субутий сифатлари бор.
Аллоҳу таоло бор, бир, азалий ва абадийдир. У, ўз яратганларига ҳеч қайси томондан ўхшамайди ва вожибул вужуддир (бор бўлиши вожиб ва ўзлигидандир) сифатлари, Унинг зоти билан боғлиқ бўлиб, улар олий зотини бизга билдиради, танитади. Хаёлларда Ҳақ таолонинг “зот”ига ҳеч қандай шакл беришга бўлмайди. Ҳадиси шарифлар орқали Унинг зоти ҳақида ўйлаш тақиқланган. Сифатларининг улуғлиги ҳақида ўйлаш керак.
Сифати субутияси 8 та: 1) Ҳаёт (тирик бўлмоқ); 2) Илм (билмоқ); 3) Самъ (эшитмоқ); 4) Басар (кўрмоқ); 5) Қудрат (кучи етмоқ); 6) Калом (сўзламоқ); 7) Ирода (тиламоқ, хоҳламоқ); 8) Таквин (яратмоқ). (Ақоиди Насафий)
Натижада, Аллоҳу таолонинг сифатлари зоти илоҳийдан ташқарида “сифат” тариқасида мавжуддир. Сифатлар Аллоҳнинг зотига боғлиқ ҳолда мавжуд. Ундан бўлак ва ўз-ўзлигидан мавжуд эмаслар. Ушбу сифатлар ҳақида фақат “зоти билан айни ҳам, ғайри ҳам эмас” деган ибора ишлатилади. Сифатларинг барчаси азалий, абадий бўлиб, ҳеч қайсиси кейиндан пайдо бўлган “ҳодис(а)” эмас. (Ақоиди Насафий ва Шарҳи Тафтазоний)
2. Яхши ва ёмон ишларнинг яратилиши
Муътазила: Аллоҳ яхши ишларни яратади. Ёмон, жирканч, залолат ва куфр каби амалларни Аллоҳ яратади деб Унга иснод қилиш тўғри эмас. Бу Аллоҳнинг ҳикмат ва адолатига зид бўлади. Яхши ишларни Аллоҳ яратади, ёмон ишларни эса қуллари (бандалари) яратади. Банда ўзидаги ҳур-эркин ирода-ихтиёри билан буларни ишлайди.
Аҳли суннат: Бу эътиқод тубдан нотўғри. Одамда албатта ирода-ихтиёр бор. Лекин дунё ҳаётида инсонга ақл ва ирода кучи берилганидек, залолат ва итоат йўлини кўрсатадиган пайғамбарлар ҳам одамзотга юборилган. Аллоҳ, одамнинг ўз ирода-ихтиёридан фойдаланиб масжидга боришга қарор қилганида шу яхши феълни яратганидек, майхонага боришга қарор берганида ёмон феълини ҳам унга яратиб бермоқда. Аллоҳдан бошқа яратувчи (маъжозийси ҳам) қаътиян йўқ. Ояти карималарда бундай дейилган: “Аллоҳ ҳамма нарсанинг (яхшилик, ёмонлик, иймон ва куфрнинг) яратувчисидир.” (Зумар, 62; Раъд, 16; Анъом, 102)
“Сизларни ҳам, феълларингизни ҳам Аллоҳ яратди (ва яратмоқда).” (Саффот, 96)
Ушбу оятларга биноан банданинг яратувчилигига ишониш тўғри бўладими? Лекин Аллоҳ куфрдан, залолатдан ва ҳаромдан рози эмаслигини юборган шариати орқали эълон қилган. Ўз ирода-ихтиёрини ёмон феъллар содир қилишда ишлатган одам шубҳасиз жавобгардир ва жазоланади.
3. Аллоҳнинг савоб ва жазо бериши
Муътазила: Аллоҳнинг ваъд (савоб ва жаннат) ҳамда ваъид (жазо ва жаҳаннам) хабарлари орқали билдирган мукофот ва жазони бериши мажбурийдир.
Аҳли суннат: Ҳақ таоло мулкнинг, бутун коинотнинг яратувчиси ва молики (эгаси)дир. У ўз мулкида хоҳлаганча тасарруф соҳибидир. Ундан "нега ва нима учун ундай қилдинг" деб сўраш мумкин бўлмаганидек, бирон ишни қилишга мажбурлаш ҳам мумкин эмас. Лекин Аллоҳу таоло, ўз Каломи қадиймида иймон келтирганларнинг жаннатга, куфр этганларнинг жаҳаннамга кетишини баён қилган. Мўминлар Аллоҳнинг эҳсон, карам ва раҳмати билан жаннатга; Кофирлар эса адолати билан жаҳаннамга кетади. Бу борада Аллоҳу таолога мажбурият юклаш жуда жирканч исноддир. Ояти карималарда бундай дейилган:
“У (Аллоҳ) қил(-ади)ган ишларидан (асло) масъул (жавобгар) бўлмайди. Улар (одамлар) эса (ҳар бир) ишларидан масъул (жавобгар) бўлурлар.” (Анбиё, 23).
“Аллоҳ хаҳлаган ишини қилади.” (Бақара, 253)
“Шубҳасиз Аллоҳ, одамларга ҳеч қандай кўринишда зулм қилмайди.” (Юнус, 44)
4. Тақдирга иймон
Муътазила: Аллоҳ кимнинг мўмин, кимнинг кофир ёки кимнинг жаннатий, кимнинг дўзахий бўлишини билганида, қулларини имтиҳон қилмас ва пайғамбар ҳамюбормасди. Аллоҳ Китоби мубийн ва Лавҳ-и маҳфузга бўладиган ишларни ёзган. Лекин бандалар ўз ихтиёрий феъллари билан шу ёзувларни ўзгартира олади. Агар бу мумкин бўлмаганда, банда ирода-ихтиёрининг ҳукми ва маъноси қолмай, жабр бўларди. Қисқаси, қулларнинг ихтиёрий ишлари борасида қатъий, ўзгармас тақдир ёзилмаган.
Аҳли суннат: Аллоҳу таоло ўз азалий илми билан одамларнинг ихтиёрий ишлари билан бирга дунёда ва коинотда нима бўлишини била(р)ди, билган. Мўмин, кофир, жаннатлик, жаҳаннамлик бўлишларини, бутун жонзотларнинг ҳаракат тарзлари, ризқ ва ажаллари ҳамда ҳамма нарса Лавҳ-и маҳфузга ёзилган. Ушбу тақдир/қадар одамларнинг ихтиёрий ҳаракатларига жабр/мажбурият юкламайди. Қазо ва қадар жабрлаш/мажбурлаш эмас, балки қадимий илмдир. Бу астрономларнинг қуёшнинг қачон тутилишини аввалдан билишига ўхшайди. Қуёшнинг тутилиши, олимлар билгани учун эмас, шундай бўлиши керак бўлгани учун олимлар билмоқда. Ўз ихтиёр-иродасини итоаат йўлида ишлатганлар мўмин; залолат ва куфрда ишлатганлар эса кофир бўлмоқда. Қалбларини иймонга ёпиб қўйган одамлар ҳақни на кўради, на эшитади. Албатта, мўмин ҳам, кофир ва мунофиқлар ҳам эътиқод ва ҳаракатларига яраша охиратда мукофот ёки жазоларини олади. Аллоҳу таоло одилдир, раҳмати чексиздир ва бандаларига асло зулм қилмайди. Ояти карима ва ҳадиси шарифларда бундай дейилган:
“Шубҳасиз биз (ҳикматимиз билан) ҳамма нарсани бир тақдир билан (Лавҳ-и маҳфузда ёзилганидек меъёрли ва тартибли) ўлчов билан яратдик.” (Қамар, 49)
“Орангизда ўлимни (барчангизнинг ризқ ва ажалларини вақт, жой ва шакл жиҳатидан турлича қилиб) биз тақдир этиб белгилаб қўйганмиз.” (Воқеа, 60)
“(Иймон) Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва менинг Аллоҳ Расули эканлигимга гувоҳлик қилишинг ҳамда тақдирнинг яхшисига, ёмонига, ширинига, аччиғига, барчасига ишонишингдир.” (Ибн Можа, Муқаддима, 10)
“Ҳар умматнинг ичида мажусийси бўлади. Бу умматнинг мажусийлари “тақдир йўқ” деганлардир.” (Абу Довуд, Суннат, 17)
5. Катта гуноҳ қилганлар
Муътазила: Катта гуноҳ қилган мусулмонлар мўмин ҳам, кофир ҳам эмас. У фосиқдир. Бу киши тавба қилмай ўлса, абадий жаҳаннамда қолади.
Аҳли суннат: Йўқ, у гуноҳкор мўминдир. Чунки амаллар (ибодатлар) иймоннинг бир бўлаги эмас. Бир фарзни тарк этган одам ҳаром иш қилган бўлади. Катта гуноҳ қилган мўмин тавба қилмасдан ўлса, абадий эмас, гуноҳлари миқдорича жаҳаннамда қолади. Шафоат эҳтимоли ҳам бор.
6. Яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариш (амри маъруф ва наҳйи мункар)
Муътазила: Яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариш ҳар бир одам бўйнига фарздир.
Аҳли суннат: Йўқ, бу ишнинг ўз шартлари бор. Буни ҳар бир одам ўзбошимча қилишга уринса, фитна ва бошбодоқлик келиб чиқади. Ислом жамиятида жиҳодни давлат қуролли кучлари қилади. Жиҳод ва таблиғнинг меъёрларини эса олимлар белгилайди ва ваъзлари орқали эълон қилади. Халқ ҳам ушбу қоидалар доирасидан чиқмаган ҳолда таблиғга иштирок этади.
7. Ҳадисларга ишониш
Муътазила: Ақлга, замонга тўғри келмайдиган ҳадислар бизга далил ва манба бўла олмайди, уларни рад этамиз. Худди шунингдек мана шу асосларга тўғри келмайдиган оятлар ҳам шу асосларга мослаб қайта изоҳланади.
Аҳли суннат: Ҳадиси шарифлар ислом динини изоҳлайдиган Қуръондан кейинги иккинчи манбадир. “Кутуб-и ситта” билан бирга барча муҳаддис имомлар томонидан ривоят қилинган ҳадислар шубҳасиз саҳиҳ ва мўътабардир. Исломнинг дастлабки асрларида ораларида мунофиқлар ҳам ўрин олган бир гуруҳ ҳадис дея "уйдирма, тўқима" ишларига киришган бўлса-да, бу сўзлар соҳа мутахассислари томонидан “Жарҳ ва таъдил илми” сузгичидан ўтказилиб, ҳеч бир ҳадис имомининг асарида ва мужтаҳид олимлар нақл қилган бошқа ислом илмларида тўқима гаплар қолдирилмаган.
8. Каромат ва шафоат
Муътазила: Кароматни қабул қилмаймиз. Охиратда катта гуноҳларга шафоат қилинмайди.
Аҳли суннат: Каромат бор ва ҳақ. Қуръони каримда пайғамбар бўлмаган ҳазрати Марямга жаннатдан ризқ юборилгани (Оли Имрон, 37) ва ҳазрати Мусонинг онасига илҳом қилинганлиги (Қасос,7) оятлар билан собитдир. Авлиёларда содир бўладиган каромат, дунёда маълум сабаб ва алоқалар ташқарисида, Аллоҳу таолонинг авлиё бандаларига икром ва эҳсонларидир. Каромат деб аталган шу ишни Аллоҳ яратади. Пайғамбарларнинг мўъжизаларини ҳам Ҳақ таоло яратган. Бирон гулга ёқимли ҳид ва рангни тупроқ берган деб ўйлаш қанчалик тўғри?
Аллоҳнинг изн берган зотлари охиратда шафоат қилади. Мўминлар охиратда Аллоҳу таолонинг "раҳим" сифатининг намоён бўлиши орқали раҳмат ва шафоатга эришадилар. Ҳадиси шарифларда бундай деб марҳамат қилинган:
“Азон дуосини ўқигач, ким менга василани сўраса, унга шафоатим вожиб бўлади.” (Муслим, Салот, 11)
“Қуръон ўқинглар! Чунки у, қиёмат куни у билан ҳамҳол бўлган (ўқиган, ёдлаган) кишиларга шафоатчи бўлиб келади.” (Муслим, Мусофирин, 252).
“Жаҳаннам аҳли кимсалар жаннатийларга “дунёда мен сенга шундай яхшилик қилгандим” деб ёдларига солишади. Шунда мўмин ўша кимсага шафоат қилади.” (Ибн Можа, Адаб, 8)
9. Қабр азоби, мезон ва сирот
Муътазила: Қабр азоби, Мезон ва Сирот каби нарсалар бизнинг ақл ва истидлол ўлчовларимизга тўғри келмаганлиги учун уларга ишонмаймиз.
Аҳли суннат: Булар барчаси саҳиҳ ҳадисларда (Бухорий, Жаноиз, 86) билдирилгани учун ҳақдир ва айтилганидек рўёбга чиқади. Қабр азоби, Мезон ва Сирот ақоид китобларимизда ишониш керак бўлган асослар қаторидан жой олган.
“Одам ўлгач қабрга қўйилганида Мункар ва Накир исмли икки фаришта келиб, савол-жавоб қилади... Кофирлар билан мунофиқлар қабрда шиддатли азоб кўраётганда, мўминлар неъматларга ғарқ бўлган ҳолда бахтли ҳаёт кечиришади.” (Термизий, Жаноиз, 71)
“(Охиратда) тортилган (яхши амал)-лари оғир келганлар яхши ҳаётда бўлур. Тортилган (яхши амал)-лари енгил келганларнинг борадиган жойлари (шиддатли оташ тўлган) чуқурдир.” (Қориа, 6-10)
“(Пайғамбарлар орасида) умматини энг биринчи сирот кўпригидан ўтказадиган мен бўламан.” (Бухорий, Риқоақ, 52).
Модернист ва муътазила диншунослар
Охирги икки асрда мусулмонлар орасидан чиққан баъзи диншунос ва шарқшунослар фаолияти, маърузалари, китоблари синчикланса, уларнинг аҳли суннатдан зиёда мўътазила ёхуд бошқа бидъат эътиқодларга мойилроқ эканлиги кўзга ташланади. Улар ўз асарларида кўпроқ ғарб ориенталистлари (шарқшунос жосуслари) фикр ва даволарига ҳамоҳанг равишда 1400 йиллик аҳли суннат меросига қарши чиқиб, залолат ва бидъат фирқаларининг қарашларини ёқлашмоқда.
Улардан баъзилари қуйидагилар:
Ботиний мунофиқлар: Фазлурраҳмон, Халафуллоҳ, Мавдудий, масон Жамолиддин Афғоний, Муҳаммад Абдуҳ, Рашид Ризо, Муса Жоруллоҳ, М.Ҳамидуллоҳ билан ваҳҳобий ва салафийларнинг барчаси.
Ҳадис ва тақдир инкорчилари: Кўпроқ Яқин шарқдаги диншунослар билан “Қуръон бизга кифоя” деган гуруҳларнинг барчаси.
Аҳли китоб, Ватикан мухлислари: Ҳайриддин Караман, Фетулла Гулен тарафдорлари.
Бошқалар: "Аҳли суннат вал жамоат" номини тўрт мазҳаб ташқарисидаги оқимлар эгнига чопон қилиб кийдиришга уринадиган ва кўпчилиги чет эллардан "боқиладиган" охирзамон "шайх"лари ва мухлислари.
Аҳли суннатга қарши бўлган ушбу модернист "шайх", "қори" ва ҳоказоларнинг барчаси бир жиҳатдан муътазиладир. Замонавий муътазилаларнинг ибодат қилишга ва исломни таблиғ қилишга бўлган ғайратлари негадир йўқ.