Яна бир рамазон ва ҳайит ўтди

Насиби билан шарафланган ва “алвидо” деб кузатган раҳмат, мағфират ва жаҳаннамдан қутулиш ойи бўлган Рамазони шарифнинг ҳар куни мўминларнинг байрами эди. Иншааллоҳ у ҳам бизлардан хушнуд ва рози бўлгандир. Жаноби Ҳақ бу муборак ойнинг файзу баракатидан лойиғи билан фойдаланган қуллари сафига бизни ҳам қўшсин! Келгуси рамазонларга ҳам омон-эсон етишни барчамизга насиб этсин.

Аллоҳу таоло иймон келтирган ва рўза тутган қулларининг гуноҳларини ёқиб йўқ қилиш учун муборак кечаларни ва бир ойлик Рамазони шарифни яратди. Рамазон ойи - гуноҳлардан тозаланиб, жаннатга пок ҳолда киришимиз учундир... Бу худди кирларнинг кир ювиш машинасидан топ-тоза бўлиб чиқишига ўхшайди... Одам гуноҳини тозалаш учун Рамазон ойига бир томондан кириб, ўттизинчи куни нариги томонидан топ-тоза бўлиб чиқади. Иймон келтириб рўза тутган ва савобини Аллоҳу таолодан кутган мўмин мутлақо покланади. Рамазондан кейинги уч кун ҳам, ҳайитнинг ҳурматига, байрам охиригача тоза ҳолида қолади. Хўш ундан кейинчи? Ифлос ҳавога ёки атроф-муҳитга боғлиқ ҳолда беихтиёр яна кирлашни бошлайди.

Аллоҳ дўсти бўлган улуғ зотларнинг суҳбатида бўлганлар ҳам шундай ҳолни бошидан кечиради. Суҳбат чоғида ҳоллари ўзгаради, ўзларини тозаланган ҳис қилишади. Лекин суҳбат тугаб, уйларига тарқалгач бир неча соат ёки кун ўтиб, ушбу ҳол йўқолади ва аввалгидек ёки ундан ҳам ёмонроқ аҳволга тушади. Сабаби бизнинг гуноҳ ва айбларимиздир. Бу ҳолнинг давом этиши мумкин эмасми? Албатта, ҳаво ифлосланса, ким ҳам хотиржам ўтира оларди? Ҳозирда атрофимизда қилинаётган гуноҳлар билан ҳаво жуда ифлосланган. Шу сабабли қанчалик тозалансак ҳам кўчага чиққанимизда бу ифлос ҳаводан нафас олганимиз учун қалблар қораяди. Ҳавонинг ифлослиги ҳаром ва ҳалолларнинг аралашувидан иборат. Қадимда ҳаромлар ва ҳалоллар алоҳида эди. Ҳозирда аралашиб кетди. Улуғ авлиё Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари “Ўттиз йил йирик масжидларда фақатгина иймонни тушунтиришга уриндим. Одамлар иймон билан жон топширсин деб ҳаракат қилдим. Бу замонда иймон билан вафот этган киши охиратда паҳлавондек кутиб олинади” деган.

Севимли Пайғамбаримиз: “Кулиб гуноҳ қилганлар, йиғлаб жаҳаннамга кетади” деб марҳамат қилганлар. Имоми Ғазолий ҳазратлари бундай баён қилган:

Бир куни ҳазрати Али (родиаллоҳу анҳ) бир гуруҳ одамлар орасидан ўтаётиб уларни қувноқ ва ўйнаб-кулаётган ҳолда кўрди. Сабабини сўради. Улар “Бугун бизнинг байрамимиз” деб жавоб беришди. Шунда ҳазрати Али: “Гуноҳ қилмай ўтказган кунларимиз ҳам бизга байрам” деди.

Шу муносабат билан барча ўқувчиларимизни ўтган Рамазон ҳайити билан табриклаб, дунё ва охират саодатига эришишимиз учун жаноби Ҳаққа дуо қиламиз. Ҳайитингиз муборак бўлсин!