Нажс ва нажс бўлмаганлар
Савол: Кийим кир бўлса, нажс бўладими? Нажосат теккан кийимларни қанча марта ювиш керак?
Жавоб: Нажосат тегмаган кийимлар кирдан тозаланиш учун ювилади. Кир нажс эмас. Бир марта ювилса ҳам бўлади, умуман ювилмаса ҳам нажс эмас.
Нажосат теккан кийимларни ювишнинг маълум бир сони йўқ. Бир марта ювганда нажосат кетса, кифоя. Нажосат кетганидан кейин ранги ва ҳиди қолса ҳам зарари йўқ. Иссиқ сув билан ёки совунли ва кир ювиш кукуни (порошок) билан ювиш шарт эмас.
Савол: Намоз ўқимайдиган баъзи кишилар тозаликка риоя қилишмайди. Ҳожатхонадан чиққач, қўлини ювмайди. Бу қўли билан турли нарсаларни ушлайди. Уларнинг қўли теккан нарсаларни биз ҳам ушласак қўлимиз ифлос бўладими?
Жавоб: Йўқ, ифлос бўлмайди.
Савол: Ер нажс бўлса керак деб қўлимиздаги иккита қоғоз рўмолчани ерга тўшаб намоз ўқисак бўладими? Уларни қандай тўшашимиз керак?
Жавоб: Гумон билан ер нажс бўлиб қолмайди. Нажс эканлиги аниқ бўлмаса, ер тоза деб қабул қилинади.
Ернинг нажс эканлиги қатъий билинса ва бошқа тоза жой топилмаса, камида икки оёқ босадиган ҳамда сажда қиладиган жой тоза бўлиши керак. Сажда қилаётган рўмолча кичик бўлса ҳам бошқа тарафлари ифлос бўлса, намоз жоиз бўлади.
Қўллари билан тиззалари қўйилган жой тоза бўлиши шарт эмас деган олимлар кўп. Бу олимларга кўра, оёқ қўйилган ва сажда этилган жой тоза бўлса, бошқа жойлар нажс бўлса ҳам намоз саҳиҳ бўлади.
Савол: Тез-тез хорижга чиқиб тураман. Меҳмонхоналарда тўшалган палослар жуда ҳам тоза бўлади. Буларнинг устида оғир нажосат бўлмаган жойида намоз ўқиса бўладими?
Жавоб: Жоиз. Сажда қиладиган жойига рўмолча каби бир нарса тўшаб қўйса, яхши бўлади. Лекин шарт эмас.
Савол: Ёш болалар баъзан гиламларнинг устига сийиб қўяди. Шу ер қуригач таҳорат олиб, ҳўл оёқ билан шу жойни боссак, оёғимизга нажосат теккан бўладими?
Жавоб: Йўқ, нажосат тегмайди.
Савол: Ел чиқаргандан кейин истинжо қилиш керакми? Ич кийим ҳўл бўлса, ювиш лозимми?
Жавоб: Сув билан истинжо қилганидан кейин нами кетмасдан туриб, ел чиқарса, янгидан истинжо қилиш мандуб, яъни яхши бўлади. Лекин қуруқ вақтида ел чиқарганида ювиш бидъат бўлади. Ел чиқарганда ҳўл ич кийим нажс бўлмайди, ювиш керак эмас.
Савол: Шаҳид бўлган одам қонли кийими билан кўмилар эмиш. Қон нажс эмасми? Тоза ҳисобланадиган қон ҳам бўладими?
Жавоб: Шаҳиднинг қони ўз устида қоладиган бўлса, тоза бўлади. Ейилган гўшт, жигар, юрак ва талоқда бўлиб, оқмаган қонлар ҳамда балиқ қони ҳам тозадир. Бит, бурга ва қандала қонлари ҳам нажс эмас. Яъни уларнинг қони текканда ҳам намоз ўқиса бўлади. (Саодати абадия)
Савол: Мазий ва вадий Шофиъийда ҳам нажсми?
Жавоб: Ҳа. Шофиъий мазҳабида фақатгина маний тоза.
Савол: Лой нажсми?
Жавоб: Лой нажс эмас. Йўлдан сачраган лойлар ҳам намозга моне эмас.
Савол: Баданим қуёшда куйди. Шилиниб, тўкилган терилар нажсми?
Жавоб: Қон томири ва қон бўлмагани учун нажс эмас.
Савол: Баъзи Америкада ишлаб чиқарилган тамаки (махорка) маҳсулотларига “Спирт билан ювилган” деган ёзув бор. Бундай тамакилар нажсми? Бундай тамакини чўнтагига солиб, намоз ўқиса бўладими?
Жавоб: “Спиртда ювилган” деган ёзуви бўлса, тамаки нажс бўлади. Буларни чўнтагига солиб, намоз ўқилмайди.
Савол: Ҳаром бўлган афюн каби гиёҳванд ўтлар ва тамаки нажсми? Буларни чўнтакка солиб намоз ўқиса бўладими?
Жавоб: Булар нажс эмас. Намоз ўқиётганида чўнтакда бўлиши намознинг сиҳҳатига таъсир қилмайди. Гиёҳванд қаттиқ моддаларни ҳушини йўқотадиган даражада фойдаланиш ҳаромдир. Дориларда оз миқдорда ишлатилиши гуноҳ эмас. (Саодати абадия)
Савол: Жигар, талоқ, юрак ва гўштда бўлиб, оқмаган қонлар устимизга тегса, буларни ювмасдан намоз ўқисак бўладими?
Жавоб: Бу қонлар нажс эмас. (Мароқил фалоҳ)
Савол: Қассобнинг чопган гўштдан устига сачраганлари нажс бўладими? Гўштнинг устида қон бўлгани ҳолда улардан қийма қилиш жоизми?
Жавоб: Талоқ, жигар ва гўштларнинг устидаги оқмайдиган қонлар тозадир. Сўйилган молнинг гўштидаги қонлар тозадир. Гўштини чопаётганимизда устимизга сачраганлари нажсдир. Сачрамасдан гўштнинг устида қолганлари тоза бўлгани учун улардан қийма қилишнинг зарари йўқ.
Савол: Чўнтагимиздаги қонли талоқ билан намоз ўқисак бўладими? Талоқдаги қон нажсми?
Жавоб: Жигар, талоқ, юрак ва гўштдаги оқмайдиган қон нажс эмас. Талоқни ёнига олиб намоз ўқиса бўлганидек, бу қонлар либосимизга тегса ҳам кийимни нажс қилмайди. (Мароқил фалоҳ)
Савол: Таҳорат олаётганда ерга тўкилган сувни пайпоқ билан босганда ҳўл бўлган пайпоқ нажс бўладими?
Жавоб: Нажс бўлмайди.
Савол: Ҳанафий ва Шофиъийда итга тегиш таҳоратни бузадими? Сўлаги ва туклари нажсми?
Жавоб: Ҳанафий мазҳабида итга тегиш таҳоратни бузмайди. Итнинг сўлаги нажс, туклари тоза. Сувга тушгандан ёки ёмғирдан кейин силкинган итнинг устидан сачраган томчилар нажс эмас.
Шофиъий мазҳабида ҳам итга тегиш таҳоратни бузмайди. Итнинг жунлари ҳўллигида тегса ёки сўлаги уст-бошимизга тегса, бу жойни бир марта лойқа сув билан жами етти марта ювиш лозим.
Савол: Мушук юрган жойда намоз ўқиса бўладими?
Жавоб: Мушук тоза ҳайвон. У юрган жойда намоз ўқиш мумкин.
Савол: Илон ва тўнғиз териси ошланса, тоза бўладими?
Жавоб: Тўнғиз ва илон териси ошланса ҳам тоза бўлмайди. Бу терилардан ясалган сумка, камар, кармон, кийим билан намоз ўқилмайди. (Халабий, Ҳидоя, Ҳиндия, Мезон-ул-кубро, Мазоҳиб-ил Арбаъа, Саодати абадия)
Тўнғиз, илон, сичқон ва инсон терилари ошланса ҳам тоза бўлмайди. (Радд ул мухтор)
Тўнғизнинг териси ошланиш билан тоза бўлмайди. (Нисоб-ул фиқҳ, Тарғиб-ус салот, неъмат-и ислом, Ислом илмиҳоли)
Шофиъийда тўнғиздан ташқари итнинг териси ҳам ошлаш билан тоза бўлмайди. (Мисбаҳ-ун-нажот)
Бир ҳукмга бир олим суннат, бошқаси макруҳ деса, макруҳ дейилган қавл асос қилиб олинади. Илон ва тўнғиз терисига тоза деган олимлар бўлса ҳам, нажс деганларники асос қилиб олинади.
Савол: Бензин қуйилган идишни чайиб ташлаб, ичига сув қўйдик. Бу сувнинг таъми ва ҳиди ўзгарди. Бу билан таҳорат олсак бўладими?
Жавоб: Бензин нажс эмас, таҳорат олса бўлади.
Савол: Пойафзал тикаман, ғайримуслимларга илон терисидан пойафзал ясашим жоизми?
Жавоб: Жоиз. Намоз ўқийдиган мусулмонларга ясамаслик керак. Чунки илон териси нажсдир.
Савол: Ит босиб юрган жойлаларда намоз ўқиса бўладими?
Жавоб: Ит босган жойлар нажс бўлмайди. Ҳатто лойни босса ҳам нажс бўлмайди.
Савол: Сут эмадиган гўдакнинг қусмуғи нажс бўладими?
Жавоб: Ҳа, оғир нажосат бўлади. (Саодати абадия)
Савол: Орал секс ҳақида манийнинг ифлос эканлиги ва уни ютиш гуноҳ эканлиги айтилади. Бу нотўғри. Аёлларнинг кўкрагидан чиқадиган тоза сут, оғзимиздаги тупук, вужуддан чиқадиган тер еб-ичаётган асал, ширинлик каби озиқ-овқатлардан ҳосил бўлганидек, маний ҳам шулардан ҳосил бўлади. Мана шу манийдан фарзанд ҳам ҳосил бўлади. Манийга қанақасига ифлос дейиш мумкин?
Жавоб: Бу қиёслаш мутлақо нотўғри. Сийдик йўлидан чиқадиган маний тоза озиқ-овқатдан ҳосил бўлганидек, инсоннинг сийдиги ва ахлати ҳам шулардан ҳосил бўлади. Уларни ҳам еб-ичишга бўладими?
Фарзанд манийдан ҳосил бўлгани учун манийга тоза дейиш хуруфийлар ақидасига ўхшайди. Улар айтишадики: “Аёлим менга ҳалол бўладию нега қизим ҳаром бўлсин? У ахир менга ҳалол бўлган аёлимдан туғилганку. Аёлим ҳалол бўлганидан кейин ундан пайдо бўлганлар ҳам ҳалол бўлиши керак.”
Динда на сизнинг, на бизнинг қиёсимиз далил бўла олади. Далил фақат мўътабар дин китобларимиз билдирган ҳукмлардир. Китоблар “Маний ейилмайди, ичилмайди” деган. (Радд ул мухтор)
Кийимга теккан маний Шофиъийда намозга моне эмас. Лекин манийни ялаб, ютиш Шофиъий мазҳабида ҳам ҳаромдир. Нитрат кислота ёки бошқа заҳарни чўнтакка солиб, намоз ўқиса бўлади. Чунки нажс эмас. Лекин уни ичиш ҳаром. Бир нарсанинг нажс эмаслиги, уни еб-ичиш ҳаром эмас деган маънога келмайди.
Савол: Касаллик туфайли белимга боғланган гўшт кўп тургани учун ҳидланиб, қуртлади. Шундай ҳидланган гўшт баданимга боғланган ҳолда намоз ўқиш жоизми?
Жавоб: Гўшт, ҳидланиб, қуртлаш билан нажс бўлмайди. Намозга моне эмас. (Ислом ахлоқи)
Савол: Эр ёки хотин кишининг сочи чўнтагимизда бўлганида намоз ўқий оламизми? Инсон ўлганида сочи, ҳайвон ўлганида жунлари нажс бўладими?
Жавоб: Инсон ўлганида Ҳанафий мазҳабида нажс бўлади. Бошқа уч мазҳабда нажс бўлмайди. Ҳанафийда ўликнинг жуни, суяги, томирлари ва тиши тозадир.