Ғарбдаги ғайриинсоний турмуш сабаблари

Бугун ғарб мамлакатларида зино, фаҳш жуда кенг ёйилган. Бунинг энг муҳим сабаби эса аёл ва эркакларнинг бир-бирлари билан назоратсиз, меъёрсиз шаклда кўришишларидир. Шунинг дастидан ғарбда зино қилмай умр кечирган бир эркак ёки аёл жуда ҳам кам учрайди.

Эркак-аёлнинг ҳеч қандай андишасиз бирга ўтириши, гаплашиши ва кўришиши орқали “мана аёлларга ҳурмат кўрсатяпмиз, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя қиляпмиз” десалар ҳам, уларни бу хатарга ўзлари дучор қилиб, аслида аёлларни эркаклар қўлида хор қилишмоқда ва савдо матоҳидек фойдаланишмоқда. Мусулмон аёллари номус ва ҳаё соҳиби сифатида эрлари ёнида ва ҳамма жойда муҳтарам, қийматли бўлганлиги учун эрлари уларни бундай дуч келган эркак даврасига солиб, хавф-хатар ва ҳақоратга лойиқ кўрмайди.

Ҳар бир одам энг севган ва ўзи учун қадрли деб билган нарсасини ўз нафси учун бегона кўздан асраганидек мусулмонлар ҳам ўзлари учун ҳамма нарсадан қадрли, азиз ва муҳтарам деб билган эрларини, аёлларини осмондаги қушдан ҳам асрайдилар. Бу эса муҳаббатниннг, севгининг кўплигидандир.

Европаликлар бу хусусда ахлоқ ва номус туйғусидан узоқлашган. Эр аёлини ёки аёл эрини рашк қилса, буни кулгули ва мазах мавзуси аҳмоқлик деб қабул қилишади. Биров ҳақида “фалончи рашкчи экан” дейилса, у жамиятда тарбиясиз ва аҳмоқ ҳисобланади.

Баъзи христианлар озгина бўлса ҳам бу пасткашликнинг фарқига борган. Шундай ҳақни тан олган христианлардан бири Германияда туғилиб ўсган ва протестант сифатида вояга етганига қарамай бал, маскарад каби жойларга ўз сингилларини олиб бориб, бировларнинг қўлига топширишга ор-номуслари йўл қўймай ўз ватани Германияни ва ўз дини христианликни тарк этиб, Истанбулга кўчиб келиб, мусулмон бўлиш шарафига эришди.

Европани кўрганлар билганидек кўплаб асилзода оилаларда эр-хотин орасида шаклий тенглик бор. Уйларига меҳмон келганида ва ўзлари ҳам меҳмондорчиликка борганларида дўстлари олдида гўёки бир-бирларига жуда боғланиб қолган жуфтлардек чиройли муомала қилишади. Лекин бироз вақт ўтиб, оилалар яқинлашиб кетгач, уларнинг асл башаралари намоён бўлади. Яъни ҳар қайсиси бир-биридан нафратланадиган даражада зериккан, жонига теккан. Ҳатто баъзи жуфтлар “Мен билан ишинг бўлмасин, мен ҳам сенинг ишингга аралашмайман” дея келишиб олишган. Шу тариқа эркакнинг бир нечта севгилиси бўлганидек, аёлнинг ҳам бир неча севгилилари бор. Иккаласи ҳам кайфу сафода алоҳида-алоҳида вақт ўтказмоқда. Бундан ташқари, икки тарафдан бири ҳаётлигида ўзга билан турмуш қура олмагани учун бир-бирларининг ўлимини кутиб яшашади. Баъзан бир-биридан қутулиш учун ўлдиришга ҳам уринадиганлар учраб туради.

Бутун бу ғайриинсоний турмушнинг сабаби фақат зино ва ёмон ахлоқдир. Қисқаси дунёга муккасидан кетишдир.