Динимизда саломлашишнинг аҳамияти ва ҳукми

Динимизда саломлашишнинг аҳамияти катта. Салом – хавфсизлик, ҳузур, саломатлик, соғлиқ, тинчлик, роҳатлик, яхши натижа, қутулиш каби маъноларни билдиради. Салом бериш бир кишига қилинадиган энг чиройли дуодир. Салом “Мен мусулмонман, мендан сенга зарар келмайди, саломатдасан” ва “саломат бўл, сўнгги нафасингни мусулмон сифатида бер” маъноларига келади.

Салом бериш суннат, алик олиш фарздир. Мусулмонларнинг ёнига келганда, кетаётганда, учрашганда, ажралишганда мутлақо салом бериш керак. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:

“Бир жойга, бир мажлисга кирган одам у ердагиларга салом берсин. У ердан туриб кетаётганида яна салом берсин.” (Термизий)

Салом бераётганда “Саломун алайкум” тарзида кўпликда айтилади. Бирликда айтилмайди. Чунки ёнимизда фаришталар ҳам бор.

“Саломун алайкум” дейилганда “Ва алайкум салом” дейиш фарздир. “Ассалому алайкум” дейилганда эса “Ва алайкум ассалом” дейилади. Ҳар иккаласида ҳам “ва” сўзини айтиш керак. “Ва алайкум”даги “ва” (сенга ҳам) маъносига келади. Яъни “Аллоҳнинг саломи бизнинг устимизга бўлганидек, сизга ҳам бўлсин” деганидир. Фақатгина “Алайкум салом” эса худди “Салом бизга эмас, сизга бўлсин” сингари уйғунсиз маънога келади. Шу сабабли “ва”ни айтмасдан алик олиш жоиз бўлса ҳам “ва”ни қўшиб айтиш тўғрироқ бўлади..

Саломда суннат шуки, маратабаси ва неъмати кўпроқ одам биринчи салом беради. Катта кичикка, бошлиқ ишчисига, ўқитувчи ўқувчисига, ота ўғлига, она қизига аввал салом беради.

Бегона қизларга ва ёш аёлларга салом берилмайди. Салом берилиши жоиз бўлмаган бу кишилар салом берсалар, алик олинади, фитна чиқарилмайди. “Ҳадиқа” китобида “Амакисининг қизидек номаҳрам қариндошини зиёрат қилиш вожиб эмас. Лекин уларга ҳадя, салом йўллаш мустаҳабдир” дейилган. (Саодати абадия)

Амакисининг қизи уйланиши жоиз бўлган бегона аёлдир. Бегона бўлишига қарамай салом йўллаш мустаҳаб бўлмоқда. Мана шундай истинснолар бор. Баъзи сабаблар билан тақиқлар мубоҳга айланади. Масалан, ишхонамизга келган ёки уларнинг ишхоналарига борганимизда гаплашишга мажбур бўлган аёлларга салом бериш, саломларига алик олиш гуноҳ бўлмайди. Ҳатто аёл киши “Хуш келибсиз” дея қўлини узатса, қўл олишиш ҳам жоиз бўлади. Ҳолбуки эҳтиёжсиз бегона аёл билан қўл олишиш ҳаромдир. Бу нозикликни, истисноларни яхшилаб билиб олиш керак, фитнага сабаб бўлмаслик лозим.

              ***

Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари айтди: “Бир мўмин бошқа мўминга салом берганда “бутун пайғамбарларга, фаришталарга, авлиёнинг барчасига” дея хаёлидан ўтказса, барчаси саломига алик олади. Баъзи фаришталарнинг хусусий вазифаси бўлганлиги учун (баъзилари қиёмда, баъзилари саждада) жавоб бера олишмайди. “Барча фаришталарга” деб хаёлидан ўтказгани учун уларнинг ўрнига Аллоҳу таоло жавоб беради. Кошки бошқаларнинг ўрнига ҳам Аллоҳу таоло жавоб берганида эди.” Бу қандай улуғу неъмат...