Динимизни тўғри фиқҳ китобларидан ўрганайлик

Тоат-ибодатлари ва эътиқодини муайян бир мазҳаб бўйича адо этмаган одамнинг иймонини муҳофаза қилиши жуда қийин. У жар ёқасида турган одамга ўхшайди. Кичик бир эпкин ҳам уни жар тубига жўната олади. Чунки одам фақат ўз ақли билан диннинг бутун амру тақиқларини Қуръони каримдан чиқариши имконсиз. Шунинг учун оқил ва болиғ мусулмоннинг аввало калимаи шаҳодат айтиши ва маъносини ўрганиб, ишониши лозим. Сўнгра аҳли суннат олимларининг китобларида ёзилган эътиқод, яъни ишониш керак бўлган маълумотларни ўрганиб, буларга иймон келтириш керак. Ундан кейин аҳли суннатнинг тўрт мазҳабидан бирининг китобларида ёзилган фиқҳ илмларини, яъни исломнинг беш шарти, ҳалол-ҳаромларни ўрганиши, буларга ишониши ва амал қилиши лозим. Буларни ўрганиб, амал қилишнинг лозимлигига ишонмаган, аҳамият бермаган одам “муртад” бўлади. Яъни калимаи шаҳодат айтиб, мусулмон бўлганидан кейин яна кофир бўлади.

Тўрт мазҳабнинг эътиқоди бир хил бўлиб, амалий ҳукмлари фарқланади. Тўрт мазҳабдан хоҳлаган бирининг иймон ва фиқҳига тобе бўлган мусулмонга “аҳли суннат” ёки “сунний” дейилади. (Бу тўрт мазҳаб - ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалийдир. Ҳозирги кунда шу тўрт ҳақ мазҳабдан бирига тобе бўлмаган одам, ким бўлишидан қатъий назар, бидъатчидир.) [Дурр-ул мухтор ҳошияси, Забойиҳ қисми]

Тўрт мазҳаб орасида Қуръони карим билан ҳадиси шарифларда очиқча келган амр ва тақиқларга амал қилишда ҳеч қандай фарқ йўқ. Фақатгина очиқча айтилмаган масалаларни тушунишда бир-биридан фарқланишган. Бу фарқликлар эса, Аллоҳу таолонинг мусулмонларга раҳмидир. Сиҳҳати, шароити, иқлим ва минтақаси ҳар хил инсонларга қайси мазҳаб бўйича амал қилиш қулай бўлса, шунинг фиқҳ китобларига кўра ибодат қилади.

Агар ер юзида ягона мазҳаб бўлганида, ҳамма унга амал қилишга мажбур бўларди. Бу эса кўплаб кишиларга машаққат туғдирарди. Ҳатто кўплаб инсонларнинг ибодат қилиши имконсиз бўлиб қоларди. Тўрт мазҳабдан хоҳлаган бирига амал қилувчи мусулмонлар бир-бирларини биродар деб билади. Тарихда бир-бирига қарши уруш-жанжал қилганлари бирон марта бўлмаган. Улар мазҳабчилик қилиб, талашиб-тортишмайди, бошқа уч мазҳабни ёмонламайди.

               ***

Мазҳаб имомларимиз “Олимлардан сўраб ўрганинг” маолидаги ояти каримага мувофиқ  равишда Қуръони каримнинг маъносини тобеъин ва асҳоби киромдан ўрганиб, китобларига ёзганлар. Бошқа олимларимиз ҳам уларнинг иктобларидан, тафсирдан, ҳадисдан тушунганларини бизга ўхшаганларга очиқ, қулай ўргатиш учун минглаб фиқҳ ва илмиҳол китобларини тайёрлаганлар. У ҳолда биз ҳам динимизни тўғри ўрганиш учун, аҳли суннат олимларининг иттифоқ билан қабул қилинган бу фиқҳ китобларидан ўрганишимиз керак. (Ислом ахлоқи)