Ханбалий мазҳаби

Ханбалий мазҳабининг имоми - Аҳмад бин Ханбалдир (раҳматуллоҳи алайҳ)(ҳ.164-248; м. 780-854). Бағдодда туғилди. Куфа, Басра, Макка, Мадина, Шом, Яман каби ислом марказларига саёҳат қилди. Имоми Шофеъийдан дарс олди. Ҳанафий мазҳаби олимларидан имом Муҳаммад билан кўришди. Ҳадис фиқҳининг пешволаридандир.

Халифа Маъмун ўртага ташлаган ва Муътасим давом этдирган Қуръоннинг махлуқлиги масаласини қабул қилмади. Шу сабабли тазйиқ, шиддат ва қийноққа дучор бўлди. Охирида зиндонга ташланди ва у ерда 18 ой ётди.

Аҳли ҳадисдандир. Нассларнинг зоҳирини оларди. “Ядважҳистиво” каби мавҳумларни таъвил қилмасди. Лекин булар ҳақида “ҳақиқати маълум, кайфияти мажҳул” деб, бошқа изоҳ бермасди. 

Фиқҳда асос қилиб олган далиллари

Асосий далиллари: 1. Китоб. 2. Суннат. 3. Саҳобалар ижмоси. 4. Қиёс.

Қиёсдан кам фойдаланиб, зарурат ҳолидагина мурожаат қиларди. Ижтиҳод қилмасди. Суннат турганда бошқа нарса қарамасди. Суннатнинг барча турини далил сифатида оларди.

Истиҳсан, масолиҳ-и мурсала, урф-одатдан ҳеч фойдаланмас эди. Лекин муомалотда эркин келишув тарафдоридир. 

Шогирдлари

1. Исҳоқ Тамимий Абу Яъқуб Кавсаж Марвазий (251/865 вафот этди). Марвда туғилган. Ироқ, Ҳижоз ва Шомда илм ўрганди. Бағдодда Аҳмад ибн Ханбалдан илм ўқиди. Нишопурда яшади.

2. Муҳаммад бин Абдуллоҳ (272/885 йили вафот этди). Имом Аҳмаддан дарс олди.

3. Абу Бакр Асрам Аҳмад. Имом Аҳмаддан дарс олди. Фиқҳ масалаларини бобларга ажратди. Хотираси жуда кучли эди.

4. Абул-Қосим Умар Ҳусайн Хироқий (334/945 йили вафот этди). Кўплаб асарлар ёзди. “Мухтасар” номли асарида фиқҳ ҳақида 2300 та масала бор. Муваффақуддин ибн Қудома (620/1223 йили вафот этди) уни шарҳ қилиб, “ал-Муғний” деб номлаган. “Муғний” ханбалийларнинг фиқҳда асосий китобига айланган.

5. Абу Бакр Аҳмад Ҳаллол (313 йили вафот этди). Фиқҳ, суннат ва ахлоқ ҳақида асарлар ёзди. “ал-Жомий” номли асари машҳурдир. 

Мазҳабининг ёйилиши

Ханбалийлик Бағдод, Сурия, Ҳижоз ва Фаластинда ёйилди. Фотимийлар ва Айюбийлар даврида ҳам Мисрда тарафдорларига эга эди. (Мўғул) Хулағу босқинларидан кейин бу мазҳабдагилар кескин камайиб кетди. Халқ орасида ханбалийлик совуқ қарши олинди. Чунки мухолифларига қарши сал қаттиққўллик қилишарди. Шу сабабли кенг омма орасига кўп ёйила олмади. Лекин тарих бўйича ханбалий мазҳабини суистеъмол қилиб, ўз ғаразли мақсадларида ниқоб сифатида фойдаланганлар кўп учраб турди. 

Ибн Таймиянинг ханбалий мазҳабига зарари

Тақиййуддин ибн Таймия (728/1328 йилда ўлди), Харронда туғилди. Шомга кўчиб ўтди. Оиласи билан бирга ханбалий муҳитида ўсди. Кўплаб устозлардан дарс олди. Дарс беришни бошлади. Лекин жумҳури уламога зид қарашлари туфайли ҳибсга олинди. Сўнгра Қоҳирага юборилди. Чунки Ибн Таймия Аллоҳу таолонинг сифатларини одамларга тенглаб тушунарди. Илоҳни тажсимга (моддийлаштириш) ишонарди. Тажсим эса аҳли суннатга кўра куфр ҳисобланади.

Ибн Таймия “ядважҳайнжанбфавқ” каби оятларда ўтган Аллоҳу таолонинг муташобиҳ сифатларини таъвил қилмай моддий шаклда изоҳлади. “Истиво” ҳақида “мен курсида қандай ўтирсам Аллоҳ ҳам Аршда шундай ўтирибди” деб Аллоҳу таолога макон иснод қилди. Шу сабабли аҳли суннатдан чиқди. Аллоҳга замон ва макон иснод қилиш Уни жисмга ўхшатиш, шубҳасиз, очиқ-ойдин куфрдир.

XIX ва XX асрларда Ғарб шарқшунос ориенталистлари билан Ватикан измидаги миссионерлар 5 аср мобайнида Ислом оламида китоб ва дарсликларда номи тилга олинмай қўйган Ибн Таймияни қайта саҳнага олиб чиқди. Мақсадлари ботил ва бузуқ мафкураларини ёйишда ушбу исмни манба қилиш эди. Дарҳақиқат бутун дунёда дин бузғунчилари ва каллакесераларнинг деярли барчаси мана шу одамни ўзларига раҳбар деб санашади. 

Юртимизда ва бошқа Ислом ўлкаларида аҳли суннатга қарши, хориждан бошқарилувчи, "соф дин, соф ақида" деган шиорлар тагида Исломни бузиш ҳаракатлари анча йиллардан бери давом этаётгани сир эмас. Мисрда ушбу ҳаракат масон Афғоний - М.Абдуҳ - Р.Ризо учталиги зиммасига топширилди. Улардан айниқса Рашид Ризо, ал-Азҳарда Ибн Таймия идеологиясини ёйиш борасида катта ишлар олиб борди. Ўрта Осиё ва Кавказларда ушбу адашган одамнинг мафкурасини ёйиш вазифаси водийнинг баъзи муллалари билан Совет КГБси тарбиялаган "муфтий"лар зиммасида эди. Уларга ҳар бир китоб ва ваъзларида жўрттага Ибн Таймия исмини ишлатиш топширилган эди.   

Ханбалийликнинг ваҳҳобийликка айлантирилиши

Охирги асрда Ханбалий мазҳабини Арабистондаги ваҳҳобийлар ўз бузуқ мақсадларига восита қилишди ва сунний исломни ўзгартиришда ушбу мазҳабнинг обрўйидан фойдаланишди. Ватанимизда ваҳҳобийлик оқими Саудиядаги Ваҳҳобийлик (Робита) марказидан "совға" олиб турувчи дин пешволари, Исломий ўқув юртлари ва илоҳиёт факультетлари канали орқали диний идора ходимларига кучли таъсир ўтказди. Мавлуд ўқитиш, муборак кечаларда ибодат, қабр-мақбара зиёрати, вафот этганларга Қуръон ўқилиши, шафоат каби масалаларга баъзи муфтий, воиз ва имомларимиз қарши чиқиб, ваҳҳобийларга беминнат хизмат қилишди. Анча йиллардан буён ваҳҳобийлик оқими таъсирида қолган чаламуллалар масжид, мадраса, диний идора каби муассасаларга кириб борди. Сўнгги 20 йилда диний идорага кириб олган ваҳҳобийлар қўли билан диний асарларнинг матнлари, жума намози қоидаси, кейин намоз вақтлари билан саҳар-ифтор вақтлари ўзгартирилди. Шунча уринишлари оқибатида баъзи ибодатларимиз жиддий заҳм еган бўлса ҳам шукрки, аждодимиз амал қилиб келган аҳли суннат эътиқодини тамоман йўқ қила олишмади. 

Натижа  

Саҳобаи киром нақл қилган Исломни ўз ҳолича, муайян бир тизимга солиб халққа етказиш, мусулмонларнинг иймон ва амал бутунлигини таъминлаш, шу орқали мусулмонларнинг тарқоқлашиб кетишининг олдини олиш энг муҳим вазифа эди. Мана шу вазифа мужтаҳид тўрт мазҳаб имоми ва уларга эргашган олимлар тарафидан амалга оширилди. Аҳли суннат деб номланган бу олимлар мусулмонларнинг диний бирдамлик ва бутунлигини таъминлашди. Эътиқод, амал ва ахлоқда мана шу доира ташқарисида қолган одамнинг бидъат, залолат ва адашув сўқмоқларидан бирига тушмаслиги мумкин эмас.