Нафақа нима?
Савол: Нафақа дегани нима? Унга нималар киради?
Жавоб: "Нафақа - одамнинг яшаши учун зарур нарсалар бўлиб, бунга "ҳавойижи аслия" дейилади. Унга егулик-ичгулик, кийим-кечак ва уй-жой киради. Яъни озиқ-овқат, уй ижара ҳақи, кийим ва уй ашёлари харажати нафақадандир. Бу харажатлар замонга, ҳолатга, урф-одатга қараб ўзгариб туради." (Ниқоя)
Хотинга нафақа
Савол: Хотинга нафақа бериш эр киши зиммасига қачон фарз бўлади? Хотини бой бўлса ҳам барибир эри нафақа бериши керакми?
Жавоб: Ҳа, хотини бой бўлса ҳам, унинг нафақасини бериш эрнинг зиммасидаги фарздир. Нафақа, никоҳ ўқилиши билан эрга фарз бўлади. Эр-хотин иккаласи ҳам фақир бўлса, хотинга "фақир нафақаси" берилади. Бой бўлсалар, "бойлар нафақаси"ни бериш керак. Бири бой, иккинчиси фақир бўлса, "ўрта ҳол нафақаси" берилади.
"Урф-одатга боғлиқ ҳолда хотинга керакли озиқ-овқат, кийим-кечак ва уй ашёларининг барчаси нафақага киради. Эр буларни олиб бериши лозим. Хотинни ўз мол-мулкини сарфлашга мажбурлаб бўлмайди. Агар сарфлайдиган бўлса, эри буларнинг пулини аёлига тўлайди. Ҳавойижи аслиядан бўлган барча нарсаларни эри таъминлаши керак. Хотинини ишлаб пул топишга мажбурлаш ҳаром бўлади." (Баҳр-ур-роиқ)
Савол: Диний никоҳи ўқилган қизга тўйдан аввал ҳам нафақа бериш керакми?
Жавоб: "Эркак никоҳига олган қизни ўз уйига олиб кетмаса, қиз ота уйида қолса ҳам нафақасини бериш керак. [Қиз чақирилган ҳолда эр уйига бормаса ёки тўй бўлмасдан келмаса, у ҳолда нафақа бериш керак эмас.]" (Баҳжат-ул фатаво)
Савол: Хотин эри билан яшаётган уйда эр томондан қариндошларнинг келиб яшашига рози бўлишга мажбурми?
Жавоб: Йўқ, ҳатто "қайнота-қайнонаси дохил эрининг ҳеч бир қариндошини ўзи турган уйда бирга яшашга рози бўлмаслик аёлнинг ҳуқуқи ҳисобланади. Хотин рухсат берса, эри ўз маҳрам қариндошини уйига чақириб бирга яшаши мумкин. Эр ҳам хотинининг ота-она ва қариндошларини уйига киритмаслик ҳақига эга, лекин кўришишларига ва гаплашишларига моне бўлиш ҳақига эга эмас." (Саодати абадия)
Агар тўсқинлик қилса, эри гуноҳкор бўлади. Шунингдек хотин эридан рухсатсиз яқинларини кўргани бора олмайди. Агар борадиган бўлса, эрининг амрига қулоқ солмагани учун у ҳам гуноҳкор бўлади.
Савол: Қандай хотинга эри нафақа беришга мажбур эмас?
Жавоб: Муртад бўлган (диндан чиққан), эрининг ўғлини шаҳват билан ўпиб, "ҳурмати мусоҳара"га сабаб бўлган, ўлим иддатини кутаётган ҳамда эрининг уйидан ноҳақ қочиб кетган хотинга нафақа берилмайди. Эридан қочиб кетган аёлга "ношиза" дейилади.
Савол: Ажрашган хотинига собиқ эри қачонгача нафақа беради?
Жавоб: Иддат муддати тугагунча нафақа бериши фарз. Иддат муддати тугагач, динан нафақа берилмайди. Лекин балоғатга етмаган ўғил фарзанди ёки турмушга чиқмаган қизи бўлса, уларнинг нафақасини беришда давом этади.
Савол: Эри бой бўлган хотин ўз ўғлидан нафақа сўрай оладими?
Жавоб: Эри бой бўлган хотиннинг ўз ўғлидан нафақа талаб қилишга ҳақи йўқ.
Савол: Эри нафақа бермайдиган бўлса, хотин эрининг уйида қолдирган пулидан сарфлай оладими?
Жавоб: Фақат нафақа учун сарфлашга ҳақи бор. Нафақа егулик-ичгулик, кийим-кечак ва бош-пана демакдир.
Савол: Эри олисда бўлиб, унинг ёнига бора олмаган хотинга нафақа бериладими?
Жавоб: Ҳа, албатта. Эр сафарийлик масофаси қадар узоқда бўлса, йўл харажатини юбориб, хотинини ёнига чақиради. Хотин ёнида маҳрами бўлмагани учун сафарга чиқа олмаса, хотиннинг нафақаси узиб қўйилмайди. Эр сафар масофасича йироқ бўлмаса ва шунга қарамай хотини ёнига бормаса, эр шу муддатда хотинига нафақани узиши мумкин.
Савол: Хотин эрини уйга киритмаса ҳам эри унга нафақа бериши керакми?
Жавоб: Агар уй хотиннинг шахсий мулки бўлиб, эрини шу уйга киритмаса, нафақаси берилмайди. Хотин эрига мени уйингга олиб кет деса-ю, эри ўз уйига олиб кетмаса, нафақасини узмай тўлиқ беради.
Савол: Ҳажга эри билан бирга отланган хотиннинг йўл харажатларини ҳам эри тўлайдими?
Жавоб: Бериши шарт эмас. Лекин берса, яхшироқ бўлади.
Савол: Ўзини эридан узоқ тутадиган хотинга нафақа бериладими?
Жавоб: Хотин эрининг рухсати билан отасининг уйига кетган бўлса, нафақаси узилмайди. Рухсатсиз кетган бўлса, нафақа бериш керак эмас. Эрининг уйида ўзини эрига таслим қилмаса ҳам нафақасини бериш керак.
Савол: Эридан узоқлашиб, алоҳида бир уйда яшайдиган хотинга нафақа бериладими?
Жавоб: Эридан қочиб кетган хотинга нафақа берилмайди. Қайтиб келса, берилади.
Савол: Хотин қазо қилса, эри бир неча йил учун аввалдан бериб қўйган нафақаларини қайтариб олиши мумкинми?
Жавоб: Берилган нафақа хотиннинг шахсий мулкига айлангани учун қайтариб ола олмайди.
Отаси ўлган бола
Савол: Отаси ўлган ёш боланинг нафақасини ким беради?
Жавоб: Фақир бўлган боланинг онаси, опаси ва амакиси бой бўлсалар, нафақанинг учдан бирини онаси, ярмини опаси қолганини амакиси беради. Фақир боланинг бой опаси ва бир отадан бўлган опаси ҳамда бир онадан бўлган опаси бўлса, бу болага уч қиз биргалашиб қарайди. Нафақанинг бешдан учини бой опаси, бешдан бирини бир отадан бўлган опаси ва бешдан бирини бир онадан бўлган опаси беради. Чунки бу одам ўлганида мероси шу тартибда тақсимланади.
Ёш боланинг онаси, иккита опаси ва амакиси бўлиб, барчаси бой бўлса, нафақанинг олтидан бир улушдан онаси билан амакиси беради. Опалари олтидан икки улуш миқдорида беради.
Отаси ўлган болага меросхўрлар, мерос миқдорларига кўра биргалашиб нафақа беришади. Булар насаб жиҳатидан никоҳи абадий ҳаром бўлган етти кишидир. Булардан бой бўлганлари фақир бўлган қон тарафдан маҳрам бўлган қариндошларига бирга қарашга мажбур. Масалан, бир кишининг тоғаси ва амакисининг ўғли бор бўлса, унинг нафақасини тоғаси беради. Чунки ҳалиги киши фақир аёл бўлса, тоғаси маҳрамдир. Амакисининг ўғли номаҳрам бўлади. Номаҳрамнинг нафақа бериши фарз эмас. Мерос олмаса ҳам нафақани ҳамиша маҳрам қариндош беради.
Қариндошга нафақа
Савол: Қайси қариндошларга нафақа бериш керак?
Жавоб: Фақир ва ишлай олмайдиган ҳолда бўлган қариндошига нафақа бериш бой бўлган одамга вожибдир. Ишга яроқли катта эркак қариндошга фақир бўлса ҳам нафақа берилмайди. Етим ёш болалар ва тул (бева) аёлнинг нафақаларини бериш, улар соғлом, ишга яроқли бўлсалар ҳам, бой қариндошига вожиб. Ёш болаларнинг онаси ва амакилари бор бўлса ёки онаси ва акалари бўлиб, улар бой бўлса, болаларнинг нафақаларини ҳаммаси бирга беришади.
Савол: Ўзи фақир одам яқин қариндошларига нафақа бериш керакми?
Жавоб: Йўқ, керак эмас. Лекин фақир эрнинг ўз хотинига ва фақир отанинг ўз фақир фарзандларига нафақа бериши фарз.
Ота-онага ким қарайди?
Савол: Ота-онага меросдан кўпроқ улуш оладиган киши қараши керакми?
Жавоб: Йўқ. Ота-онага қараш, уларнинг вафотидан кейин кўпроқ мерос оладиган одамга фарз эмас. Уларга яқин ва уларнинг пушти камаридан бўлган кишиларга фарз. Масалан, ота-онанинг ҳаётда ўғилдан бир ўғил невара билан ўз қизлари қолган бўлса, фақат қизлари қарайди. Ҳолбуки, меросни қиз билан невара тенг бўлиб олади. Қиздан ўғил невара билан ота-онанинг ака-укаси ҳаёт бўлган кишига невараси қарайди. Ҳолбуки мероснинг барчаси ака-укага тегади. Қизидан туғилган фарзандларга мерос тегмайди. Бу ерда ака-ука пушти камардан эмас.
Савол: Кофир бўлган ота-она, бобо-буви ва бошқа қариндошларига нафақа бериш керакми?
Жавоб: Кофир бўлган зираҳми маҳрам қариндошга нафақа бериш фарз эмас. Лекин зиммий кофир бўлган ота-она ва фарзандларга нафақа бериш фарз.
Зираҳми маҳрам қон орқали, насаб орқали қариндош деганидир.
Ҳозир ер юзида зиммий кофир бўлмагани учун кофир бўлган ота-она ва фарзандга нафақа бериш шарт эмас.
Савол: Фақир ота-онанинг нафақасини ким беради?
Жавоб: Бой бўлган қизлари ва ўғиллари тенг миқдорда беришади. Меросдан оладиган улушига қараб берилмайди.
Савол: Фақир фарзанд фақир ота-онасига нафақа берадими?
Жавоб: Топгани кун кўришига етарли бўлган фақир фарзанднинг фақир ота-онасига нафақа бериши фарз эмас. Фақир бўлган ота-онаси билан бир уйда яшаб, кун кечиришади.
Болаларнинг нафақаси
Савол: Болаларнинг нафақасини ким беради?
Жавоб: Фақир бўлган болаларнинг нафақаси отанинг зиммасида. Ота ҳам фақир бўлса, ота зиммасига қарз бўлиш шарти билан бой онаси беради. Она ҳам фақир бўлса, бой бўлган бобоси беради. Агар бола бой бўлса, ўз молидан берилади.
Савол: Ўғил ва қиз фарзандга қачонгача нафақа берилади?
Жавоб: Ўғил фарзандга балоғат ёшига етгунча нафақа берилади. Қиз фарзандга турмушга чиққунича ва балоғатга етган касал ўғилни соғайиб кетгунича отаси боқади. Улар бой бўлсалар, ўз молларидан сарфлаб боқилади.
Савол: Ота балоғатга етган фарзандига нафақа беришга мажбурми?
Жавоб: Балоғатга етган ўғил фарзандига нафақа беришга мажбур эмас. Балоғатга етмаган ўғлининг ва ёшидан қатъи назар турмушга чиқмаган қизнинг ёки тул аёлнинг ва хаста ёхуд кўр бўлган катта ўғилнинг нафақаларини отаси беришга мажбур.
Савол: Турмушга чиқмаган қизнинг нафақасини ким беради?
Жавоб: Хоҳ қиз, хоҳ тул бўлсин, оила қурмаган фақир аёлни отаси боқишга мажбур. Отаси бўлмаса ёки фақир бўлса, бой қариндоши қарайди. Улар ҳам бўлмаса ёки боқа олмаса, давлат маош тайинлайди.
Савол: Ота ўз нафақасини таъминлаш учун ўғлининг молини сота оладими?
Жавоб: Ҳа, фақат нафақа учун сотиши мумкин, лекин бино ёхуд ерини сота олмайди. Она эса, ҳатто нафақа учун ҳам ўғлининг молини сота олмайди.
Савол: Бой ота, диний илмлар таҳсил қилаётган оқил-болиғ ва фақир ўғлига нафақа беришга мажбурми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: “Уй нафақага киргани учун уйсиз одам банкдан кредит олиши мумкин” дейилган. Бу уй Америка, Хитой каби хорижий давлатда бўлса ҳам нафақага кирадими?
Жавоб: У ерда кўпчилиги мусулмон бўлган маҳалла, жой бор бўлса, нафақага киради. Ундай жой топилмаса, нафақага кирмайди. Чунки солиҳ мусулмонлар орасида бўлмаган уй, шаръий маскан ҳисобланмагани учун нафақадан саналмайди. Кофир ўлкаларда, бидъат ва фисқ [очиқча гуноҳ қилиш] кўпайган жойларда яшаш жоиз эмас. Динини муҳофаза қилиш учун ҳижрат қилган [бошқа жойга кўчиб кетган] киши жаннат билан муждаланган. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Динини муҳофаза қилиш учун ҳижрат қилган мусулмоннинг жаннатга киришига кафил бўламан.” (Ҳаким)
Бир маҳаллада солиҳ кишилар қолмай, фасод ва бидъат кўпайса, бошқа маҳаллага ҳижрат қилиш ёки ундай шаҳардан бошқа шаҳарга ҳижрат қилиш вожиб бўлади. Яъни фарздир. Ўз юртининг барча шаҳарларида мусулмонларга азият берилаётган, ҳужум қилинаётган бўлса, бошқа ислом ўлкасига ҳижрат қилинади. Ислом ўлкаси бўлмаса, инсон ҳуқуқларига риоя қилинадиган, ибодат қилиш эркин бўлган ғайримуслим ўлкага кўчиб ўтади. Чунки у ердан узоқлашмаса, у ерга келадиган балога, исканжаларга гирифтор бўлади. Бир оят маоли: “Шундай фитнадан [ноқонуний ишларнинг авж олиши; амри маъруф ва наҳйи мункар қилишда сустлик кўрсатилиши; бирлик бузилиб, низолар ортиши; бидъатлар қоплаб кетиши, жиҳодда дангасалик кўрсатилиши каби гуноҳлардан] эҳтиёт бўлингки, [азоби] орангизда фақат зулм қилганлар билан чегараланиб қолмай [умумийлашиб, ҳаммага тегади], яхши билингки, Аллоҳнинг азоби жуда шиддатли бўлади.” (Анфол, 25) (Канзи маҳфий)