Қайнона-келин муаммоси
Савол: Бир фарзандли, оилали эркакман. Аёлим ўранган ва намозларини ўқийди. Лекин ота-онам аёлимни ёқтирмайди, доим уни ҳақорат қилишади. Мен ҳам аёлимга ота-онам билан яхши муомалада бўл, дейман. Ота-онамни ранжиган ҳолда кўрсам, аччиқланиб, аёлимни ураман. Охир-оқибат, аёлимни ота-онасиникига олиб бориб ташладим. Менга нима қилишни тавсия қиласиз?
Жавоб: Ўранган ва намозларини ўқийдиган аёл улуғ неъматдир. Неъматнинг қийматини билмасангиз қўлингиздан кетади.
Қайнона-келин муаммоси янгилик эмас. Ўзингиз алоҳида яшашингиз бунга чора бўлиши мумкин. Агар қайнона-келиннинг жанжаллари тинмаса, уларни бир-бири билан кўриштирмаган маъқул.
Ота-онам хоҳлаяпти деб аёлга қўл кўтарилмайди, ажрашилмайди. Қилган ишингиз жуда ёмон ва нотўғри. Муҳтарам Пайғамбаримиз марҳамат қилдиларки:
“Аёлларингизга азият берманг! Улар Аллоҳу таолонинг сизларга омонатидир. Улар билан юмшоқ муомалада бўлинг, яхшилик қилинг!” (Муслим)
“Аёлини ноҳақ урган кишининг даъвочиси қиёматда мен бўламан. Аёлини урган кимса Аллоҳ ва Расулига осий бўлади.” (Р. Носиҳин)
“Мусулмонларнинг иймон жиҳатидан энг устуни, ахлоқи энг гўзали - аёлига яхши, мулойим муомалада бўлганидир.” (Термизий)
“Мусулмонлар орасида энг яхшиси, энг фойдалиси - аёлига ҳаммадан кўп яхшилиқ қилган ва ҳаммадан кўп фойдали бўлгандир. Сизларнинг орангизда аёлига нисбатан энг яхши, энг хайрли, энг фойдали бўлгани менман.” (Насоий)
“Аёлига меҳр ва севги билан боққан эрнинг дафтарига бир қул озод этгандек савоб ёзилади.” (Р. Носиҳин)
Уйга келганида аёлига салом бериб, аҳволини сўраш керак. Ғам-ташвишига ва севинчига шерик бўлиш лозим. Чунки у бошқалардан умидсиз ва фақат унга ўрганган дўсти, дардкаши, уни қувонтирувчиси, фарзандларининг тарбиячиси ва турли эҳтиёжларини қондирувчисидир. Ояти каримада маолан айтилдики:
“Яхши аёллар Аллоҳга итоат қилади ва эрларининг ҳақларига риоя қилади. Эрлари йўқ вақтида уларнинг номусларини ва молларини Аллоҳнинг ёрдами билан ҳимоя қилади.” (Нисо, 34)
Эркак доимо айбни ўзидан излаши, “Мен яхши бўлганимда, у бундай бўлмасди” деб ўйлаши керак. Аёлининг яхшилигини, иффатини Аллоҳу таолонинг катта неъмати деб билиши лозим. Унинг инжиқликларига яхшилик билан муомала қилиши, яхшилиги кўпайиб, ишларини астойдил қилганида унга дуо қилиши ва Аллоҳу таолога шукр қилиши керак. Чунки яхши, дуруст аёл улуғ неъматдир. Яхши муомалада бўлиш дегани фақатгина аёлини ранжитмаслик эмас, ундан келадиган қийинчиликларга чидаш деганидир. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:
“Аёлининг ёмон феъл-атворига тоқат қилган эркак балоларга сабр қилган ҳазрати Айюб каби мукофотларга эришади.” (И. Ғазолий)
Яхши мусулмон бўлиш учун аёли билан яхши муомалада бўлиш шарт. Қуръони каримда маолан “Улар билан яхши, чиройли муомалада бўлинг!” деб буюрилган. (Нисо, 19)
Савол: Ота-онанинг саксон ҳаққи тўғрисидаги мақолани ўқигандан кейин ишларимиз алғов-далғов бўлиб кетди. Эрим онасини уйимизга кўчириб келмоқчи. Алоҳида яшашганимизни ўзида ҳам бир-биримиз билан келиша олмасдик. Энди уйимизнинг тинчи йўқолади. Бизнинг тортишувларимиздан мактабга борадиган ўғлимнинг асаблари бузилди, депрессияга тушиб қолди. Эримнинг, онасининг соғлиги ва моддий аҳволи яхши. Аввалги уйида ҳам яшаши мумкин. Қайнонамнинг уйимизга кўчиб келиб, ҳузур-ҳаловатимизни бузишга ҳаққи борми?
Жавоб: Эрингизнинг топиши-тутиши яхши бўлганига қараганда, онасини ўз уйига кўчириб келишга мажбур эмаслиги кўриниб турибди. Фарзанднинг ота-онасини улар муҳтож бўлмагунча ўз уйига кўчириб олиб келиши шарт эмас. Келинни қайнона билан бир уйда яшашга мажбурлашга бўлмайди. Агар мажбурланса, уйдан ҳузур-ҳаловат ан ўшанда қочади. Ақлли эр ўз уйининг тинчини бузмайди. Динга хилоф бўлмаган бошқа чорасини топади.