Тенги билан турмуш қуриш
Савол: Тажрибали кишилар “Уйланаётганда танлаган ёрнинг таҳсили сеники билан бирдек бўлишига ва бир жойдан бўлишига эътибор бериш керак” дейишади. Булар диний тарафдан ҳам шундайми? Бир қиз йигитдаги нималарга эътибор қаратиши керак?
Жавоб: Тинч-тотув яшашда таҳсилнинг ва айни жойда яшашнинг афзалликлари бор. Лекин булар шарт эмас. Таҳсилдаги фарқ катта бўлса, унинг савиясигача тушиб, бирон нарсани тушунтириш қийин бўлади. Бошқа-бошқа жойлардан бўлса, урф-одатлари турлича бўлиб, бир-бирларини тушуниш қийин бўлади. Бир жойдан бўлса, одатларда келишиш осонлашади. Лекин қиз ва йигитда қуйидаги уч сифат бўлишига диққат қаратиш керак:
1. Динига маҳкам бўлиши.
2. Соғлом бўлиши, оиласига дарз туширадиган хасталикларга чалинмаган бўлиши.
3. Феъл-атвори, ахлоқи яхши бўлиши керак. Бўлар-бўлмасга аччиқланадиган, бурга учун кўрпа ёқадиган кишилар билан яшаб кетиш қийин бўлади.
Бу сифатларга эга бўлган йигит ва қизни тенги билан уйлантириш керак.
Ҳадиси шарифда “Қизингизни тенгига турмушга беринг” деб марҳамат қилинган. (Термизий)
Тенги бўлиши дегани йигитнинг насабда, мол-мулкда, дин ишларида ва шарафда қизга мос бўлиши деганидир. Буни бой бўлиш, маоши кўп бўлиш, ўқиган бўлиш ва бир жойдан бўлиш деб тушунмаслик керак. Тенги дегани йигитнинг солиҳ мусулмон бўлиши, намоз ўқиши, спиртли ичимлик ичмаслиги, яъни исломиятга амал қилиши ва нафақасини топадиган даражада қўлидан иш келиши деганидир. Йигит қуйидаги хусусларда қиздан устун бўлиши керак, тенг бўлса ҳам бўлади.
1. Касб-ҳунарда йигит устун ёки тенг бўлиши керак.
2. Йигит қиздан бой бўлиши ёки даромади аёлга нисбатан кўп ёхуд тенг бўлиши керак. Бой қиз фақир йигитнинг тенги ҳисобланмайди. Йигит маҳри муъажжални (никоҳдан олдин бериладиган мол, олтин, кумуш, қоғоз ва бошқа қийматли нарсалар) ва бир ойлик нафақани бера оладиган кучда бўлса, бой қизнинг тенги ҳисобланади. Қишлоқлик йигит шаҳарлик қизнинг тенги ҳисобланади.
3. Йигит қизга нисбатан диндор бўлиши ёки тенг бўлиши керак. Фосиқ йигит солиҳа қизнинг, ҳатто солиҳ кишининг қизига ҳам тенг бўла олмайди.