Таяммум қандай олинади?
1.Аввал жунубликдан ёки таҳоратсизликдан покланиш учун ният қилинади.
Таяммум билан намоз ўқий олиш учун ёлғиз таяммумга деб ният қилиш етмайди. Ибодат саналадиган бирор амални, масалан жаноза намози, тиловат саждасини адо этиш учун ёки ғусл ва таҳорат учун таяммумга, деб ният қилиш керак.
Таяммум ниятида, таҳорат ёки ғусл учун - деб, ажратиб айтиш ҳожат эмас. Чунки, таҳорат учун ният қилинганда, айни вақтда жунуб бўлса, жунубликдан ҳам покланган бўлади. Ғусл учун ният қилиниб, олинган таяммум билан намоз ўқиш мумкин. Бу таяммумдан кейин «Таҳорат олишга» - деб, иккинчи марта таяммум олиш ҳожат эмас.
2. Енглар, тирсакдан юқорироққача шимарилиб, икки қўл кафти пок тупроққа, тошга, тупроқ ёки оҳак билан шувалган деворга суркалади ва энг камида уч бармоқ тегадиган қилиб, икки кафт билан юзга бир марта масҳ тортилади. Кафт, юзнинг зарра қадар жойига тегмасдан ўтса, таяммум олинган бўлиб ҳисобланмайди.
Юзни тамоман масҳ эта олиш учун, ҳовуч очиқ ҳолда, тўртта бармоқ бир бирига ёпиштирилган ва икки қўлнинг энг узун (ўртанча) бармоқлари бир бирига текказилган ҳолатда, иккала кафт билан сочнинг тугаган жойидан жағларга қараб секин силаб тушилади. Бунда, бармоқлар кўндаланг вазиятда пешонани, қовоқларни, буруннинг икки ёнини ва лабнинг уст қисми билан лабнинг ўзини ва юзни яхшилаб силаб ўтиши керак. Бу аснода, кафтнинг ичи ҳам чакка (яноқ)ларни силаб ўтади ва масҳ том (тўлиқ) тортилган бўлади.
3. Кейин яна икки кафт тупроққа сурилиб, бир бирига тўқнаштирилиб тупроқлари қоқилгач, аввал чап қўлнинг тўртта бармоғининг ичи билан ўнг қўлнинг ост тарафи бармоқ учидан тирсаккача силанади. (Бу пайтда ўнг қўлнинг кафти кўкка қараб туриши керак). Ундан кейин, ўнг қўлнинг ич тарафи чап қўлнинг ички тарафи билан тирсакдан бармоқ учларига қараб силанади. Охирида чап бош бармоқнинг ичи билан ўнг бош бармоқнинг ташқариси силанади. Бу вақтда, узук бармоқдан чиқартилган бўлиши керак. Кейин яна худди ўша тартиб ва ўша шаклда ўнг қўл билан масҳ қилинади. Кафтлар тупроққа суркалиши шарт. Сурилгандан кейин кафтларга албатта тупроқ ёпишган бўлиши шарт эмас. Таҳорат учун ҳам, ғусл учун ҳам таяммум бир хилда олинади.
Таяммумни бузадиган сабаблар
Таяммумни ижоб эттирадиган, яъни зарур қилиб қўядиган узр ҳоли йўқолганида; сув топилганида; таҳоратни ва ғуслни бузгувчи ҳодисалар содир бўлганида, таяммум ҳам бузилади.