Насибининг топилмаслиги
Савол: Ҳеч қандай ахлоқий ёки жисмоний камчилигим бўлмаса ҳам ёшим ўттиздан ошганига қарамай, ҳалигача турмушга чиқмаганман. Қўни-қўшнилар орқамдан “Ўтириб қолди” деб гапиришмоқда. Бу ишда менинг айбим бўлмагани ҳолда бу ҳам тақдирданми?
Жавоб: Жабрия деган бидъат фирқаси тақдирни айблайди. Мутазила фирқаси эса тақдирни инкор қилади. Тўғри эътиқод бўйича, ҳамма нарса тақдирдандир. Тақдирнинг яхшиси-ёмони, ширини-аччиғи ҳаммаси Аллоҳу таолодандир. Тақдир бу Аллоҳу таолонинг келажакдаги ишларни азалда билишидир. Қазо эса тақдирда бор нарсаларни вақти келганида яратишидир.
Уйланиш, насиби топилиши ёки топилмасилик ҳам тақдирга боғлиқ. Аллоҳу таоло тақдирига кўра сабаблар яратмоқда. Масалан, бир қиз “Ё Рабби, турмушга чиқиш менга хайрли бўлса, турмушга чиқишни насиб қилгин” деб дуо қилади. Дуоси қабул бўлса, турмушга чиқади. Турмушга чиқиш учун тадбир олиб, сабабларга мурожаат қилиш керак. Масалан, ўтириб қолишдан ҳайиқиб дуч келган ёмон одамга турмушга чиқиб олгандан кейин айбни тақдирга тўнкамаслик лозим.
Сабабларга мурожаат қилиб, кейин турмушга чиқа олмадим деб ич-этини ейиш нотўғридир. “Насибука, йусибука” деб марҳамат қилинган. Бу “Насиб қилган бўлса, эришасан” деганидир. Яна “Насиб қилса келар Шому Ироқдан, насиб қилмаса кетар қошу қовоқдан” ҳам дейилади.
Одамни қийнайдиган ўйлардан қутулиш, бемалол ибодат қила олиш ва ҳаромлардан қочиш учун сабр билан дуо қилиш керак. Жаноби Пайғамбаримиз “Мўминнинг қуроли дуодир” деб марҳамат қилганлар. (И.Абуддунё)
Қуръони каримда ҳам маолан “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан сабр ва намоз орқали ёрдам сўранглар” деб буюрилган. (Бақара, 153)
Кўриб турганимиздек, сабр, намоз ва дуонинг аҳамияти катта. Одамларга ғам-ташвиш баъзи нарсаларда ўжарлик қилиб туриб олишидан келади. Тадбир олиш керак, лекин тадбирга ҳам ишониб қолмасилик лозим. Чунки тадбир тақдирни ўзгартира олмайди. Тақдирга рози бўлиш ва унга ишониш фарздир. Ҳадиси шарифда “Тақдиридан рози бўлиш бахтли бўлишга, рози бўлмаслик эса бахтсизликка аломатдир” деб марҳамат қилинган. (Термизий)
Муҳаммад Маъсум ҳазратлари айтдики:
“Одамга келадиган аламлар тақдири илоҳий билан келмоқда. Буларга рози бўлиш лозим. Ибодатларида давом этиб, аламларга, хасталикларга сабр қилиш керак. Аллоҳу таолонинг карамидан офият кутиш керак! Махлуқлардан ҳеч нарса кутмасдан, барча нарсанинг Ҳақ таолодан келганини билиш лозим. Дард-аламлардан қутулиш учун дуо ва истиғфор қилиш керак! Унинг тақдири, иродаси бўлмагунча, ҳеч ким бировга зарар бера олмайди. Шу билан бирга сабабларга мурожаат қилиш пайғамбарларнинг йўлидир. Сабабларнинг таъсирини эса Аллоҳу таолодан сўраш керак!” (1-жилд, 72-мактуб)