Назрга тегишли савол-жавоблар
Савол: Қурбон байрами куни рўза тутаман деб назр қилдим. Ҳайит куни рўза тутилмайдигани учун энди рўзани бошқа куни тутишим керакми?
Жавоб: Ҳа, бошқа кун тутиш лозим бўлади.
Савол: Бир киши Аллоҳу таолонинг розилиги учун рўза тутаман деса, лекин неча кун тутишини айтмаса, рўза тутиши керакми?
Жавоб: Ҳа, бу рўзаси назр бўлади ва уч кун рўза тутиши лозим.
Савол: Икки ой аввал ўғил фарзандлик бўлдим. Бу фарзандимиз учун кексайиб қолган бувиси “Бола соғ-саломат туғилса, уч кун рўза тутаман” деганди. Энди хасталангани учун рўза тута олмаяпти. Нима қилиши керак?
Жавоб: Соғайгунгача кутади. Агар соғайиб кетишининг имкони бўлмаса, қасам каффорати беради.
Савол: Икки киши бир қўйни қурбонликка назр қилиши жоизми?
Жавоб: Икки киши бир қўй назр қилиши жоиз эмас. Икки киши бир қўйни қурбон деб ҳам сўя олмайди. Бир киши бир товуқ ёки битта тухум ҳам назр қилиши мумкин. Лекин қурбонлик қиладиган бўлса, қурбонлик шртларига жавоб берадиган мол сўйиши лозим.
Савол: Кўнглимдан “Онам хасталикдан қутулса, Аллоҳ розилиги учун бир қўй сўяман” деб ўтказдим. Бу назр бўладими?
Жавоб: Кўнгилдан ўтказиш билан назр бўлмайди. Тил билан айтилиши керак.
Савол: Бой киши ҳаётининг неъматига шукр сифатида сўйишни ният қилган молни сўйиши вожиб бўладими?
Жавоб: Ҳа, вожиб бўлади.
Савол: Назр қилган молни сўймасдан пулини опамнинг ўғлига берсак бўладими?
Жавоб: Назр қилинган молни сўйиш шарт. Жиянингиз бой бўлмаса, гўштини унга беришингиз мумкин. Назрни бажариш вожиб бўлгани учун бадали берилмайди. Агар қурбон байрамида сўя олмаса, бадали садақа қилинади. Қурбон деб айтмаган бўлса, назр қилинган молни исталган вақтида сўйиш мумкин. Кечикса ҳам бадали берилмайди. Сўйиш лозим.
Савол: “Фалон ишим ҳал бўлса, савобини имоми Раббоний ҳазратларига бағишлаб, 3 Ёсини шариф ўқишни назр қилдим” деганимда Ёсинларни кетма-кет орасини узмасдан ўқишим керакми ёки бошқа-бошқа вақтларда ҳам ўқисам бўладими?
Жавоб: Кетма-кет ўқиган яхши. Бошқа-бошқа вақтларда ҳам ўқиш жоиз.
Савол: Фалон ишим ҳал бўлса, фалончига шуни бераман деган, яъни исмини атаб назр қилганда назрни аталган кишига эмас, бошқасига берса ҳам бўладими?
Жавоб: У кишининг фақир бўлиши лозим. Фақир одамни ўзгартирса ҳам пул миқдори ва бериладиган нарса ўзгартирилмайди.
Савол: Ўн киши жамоат билан нофила намоз ўқишни назр қилдик. Энди алоҳида ўқишимиз керакми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Менинг бир назрим бор. Лекин ҳали ҳосил бўлмади. Мен назримни ҳозир бажарсам, назрим ҳосил бўлганидан кейин яна такрор бажаришим керакми?
Жавоб: Назр қилинган нарса ҳосил бўлмасдан назр бажарилмайди. Бажарилса, ҳам такрор янгилаш лозим.
Савол: Фақир киши “Иншаллоҳ қурбон сўяман” деди. Лекин сўя олмади. Иншаллоҳ дегани учун назр бўлмайдими?
Жавоб: Назр бўлади.
Савол: “Рўзани Маккада тутаман” деб назр қилган киши Маккада рўза тутадими?
Жавоб: Йўқ. Бунга амал қилиш шарт эмас. Истаган жойида тутади.
Савол: Бир қўй назр қилгандик. Бунинг ўрнига сигир сўйсак, назримиз бажарилган бўладими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: “Иншаллоҳ ҳажга бораман” дейиш назр бўладими?
Жавоб: Назр эмас, орзудир.
Савол: “Овқат борми, эртага рўза тутаман” дейиш назр бўладими?
Жавоб: Назр эмас, хабар бериш бўлади.
Савол: Назрга сўйилган молнинг барчасини фақир меҳмонларга едириш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: “Агар шу иш бўладиган бўлса, калламни кесаман” дейиш назр бўладими?
Жавоб: Йўқ, бўлмайди.
Савол: Мавлуд ўқишни назр қилгандим, ўрнига Қуръони карим ўқишим жоизми?
Жавоб: Қуръони карим ўқиган афзал.
Савол: Етти қўй назр қилган одам бунинг ўрнига битта сигир сўя оладими?
Жавоб: Йўқ, сўя олмайди.
Савол: Бошимга тушган балолардан қутулиш ниятида “Бир қўй сўйиб мусулмонларга едираман” дейиш назр бўладими?
Жавоб: Аллоҳ розилиги учун деб ният қилган бўлса, назр бўлади.
Савол: Уйимнинг олдига масжид қурилса, уйдаги гиламни у ерга совға қилишни назр қилдим. Масжид қурилди. Бу гиламни бир фақирга берсам бўладими?
Жавоб: Масжиднинг бу гиламга эҳтиёжи бўлмаса, фақирга берса бўлади.
Савол: “Ҳар бомдод намозини ўқий олмасам, уч кун рўза тутаман” деб назр қилдим. Назримни бажаришим керакми?
Жавоб: Намознинг қазосини ўқиш кифоя.
Савол: Назрини бир неча йил кечиктириш гуноҳми?
Жавоб: Йўқ, лекин савоби камаяди.
Савол: “Бир ҳафтада Қуръонни хатм қиламан” деб назр қилган киши бир ҳафтада тугатиши керакми?
Жавоб: Йўқ. Ундан оз ёки кўп вақтда ўқиб тугатиши мумкин.
Савол: “Шу гуноҳни ишласам қўчқор сўяман” дейиш назр бўладими?
Жавоб: Йўқ. Ният қилинган нарса учун назр қилинади.
Савол: “Ўғлим соғайиб кетса, минг сўм садақа бераман” деб назр қилдим. Пулнинг ўрнига шу қийматда ашё берсам жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз.
Савол: Қурбонликка ярамайдиган қўзини садақа деб назр қилса бўладими?
Жавоб: Ҳа. Ҳаром бўлмаган исталган нарсани садақа деб назр қилса бўлади.
Савол: Назр қилиб сўйилган молнинг қонини назр қилган кишининг пешонасига суркашади. Бу тўғрими?
Жавоб: Йўқ, нотўғри иш.
Савол: Қайноғам ҳар сафар қурилиш бошлашидан аввал сўйишни одатга айлантирган молининг гўштидан бой кишиларнинг ейиши жоизми?
Жавоб: Бойлар, аёли ва фарзандлари ея олмайди. Шунчаки усталар есин деб сўйган бўлса, яъни гўшт сотиб олгандан арзон тушади деб олган бўлса, назр бўлмайди. Ҳамма ея олади.
Савол: Бизнинг бир назр қурбонимиз бор эди. Лекин орадан иккита қурбон ҳайити ўтиб кетди. Қийматини олтинда бериш шартми?
Жавоб: Вожиб бўлади.
Савол: Катта миқдорда қарзи бўлган бир танишим бор. Пайдар-пай қарзларини тўламоқда. Ишлари ҳам ёмон эмас. Аллоҳ учун қон чиқариб, гўштини ишчиларига бермоқчи. Ҳам Аллоҳ изни билан назардан, бало-қазодан сақланамиз деяпти. Саволим шу: Қарзи бўлган кишининг садақа бериши тўғрими? Қурбонлик пулига тегиб бўлмайди дейилади. Садақа беришнинг бир даражаси борми?
Жавоб: Дарров бериши керак бўлган қарз билан муддатли қарзларнинг ҳукми бўлак. Муддатли қарзлари бўлган киши ҳар қандай садқани бериши мумкин. Назр сўяди. Лекин назрга сўйилган молни фақат фақир кишилар ея олади. Ишчилар орасида мулки нисоб миқдорига етадиган уста бўлса, ейиши жоиз эмас. Агар ейдиган бўлса, бунинг пулини бир фақирга бериши лозим. Зудлик билан бериши керак бўлган қарзи бор киши ҳам оз миқдорда садақа бера олади.
Савол: Аллоҳу таоло розилиги учун қурбонлик сўймоқчиман. Назр эмас. Уй олдим, автомобиль олдим. Шунинг учун сўймоқчиман. Ўзимизнинг оила аъзолари бунинг гўштидан ея оладими?
Жавоб: Олган уй ёки автомобиль туфайли Аллоҳ розилиги учун мол сўядиган бўлса, бу назр бўлади. Бошига тушган балолардан қутулиш ниятида, Аллоҳ розилиги учун бир қўй сўяман дейиш ҳам назр бўлади. Қурбонлик деб ният қиладиган бўлса, бу ҳам назр бўлади, лекин бу назрни қурбон байрамида сўйиши лозим бўлади. Унинг гўштидан сўйганлар ва бой кишилар ея олмайди. Гўшти фақирларга тарқатилади.
Савол: Янги автомобиль олганда автомобилнинг ғилдираги ёнида ёки уйнинг пойдевори қуйилаётганда қурбонлик сўйиш дурустми?
Жавоб: Меҳмон ёки ёқтирган кишиси келганида бу одам ҳурматига ёки шукр сифатида мол сўйиш жоиз эмас. Меҳмон келмасидан ёки келганидан кейин назр қилинади ва назр сифатида, яъни Аллоҳ розилиги учун сўйилади ва гўштлари фақирларга берилса, жоиз.
Аллоҳу таолонинг розилиги учун бўлмай, фақат ҳаждан келган одам учун ва келган бошлиғини кутиб олиш учун сўйилган мол ўлакса ҳукмида бўлади. Буни сўйиш ва ейиш ҳаром. Келган кишига зиёфат учун сўйишнинг эса ҳеч зарари йўқ.
Автомобиль олганда, уйнинг пойдеворини қуйишни бошлаганда ёки хаста яқини соғайганида Аллоҳ розилиги учун қўй сўйишни назр қилиб, гўштини фақирларга садақа қилиш жоиз.
Бир киши сўйган молини Аллоҳ учун сўйса, хоҳ автомобиль ғилдираги ёнида, хоҳ автомобилнинг устида сўйсин, зарари йўқ. Назр қилинган молни фақат Аллоҳ розилиги учун сўйиш керак. Инсон учун, бут-санам, ҳайкал учун сўйилганлар ейилмайди.
Фақир бўлсин, бой бўлсин назр қилган киши, назр қилиб сўйган молининг гўштидан ея олмайди ва закот олиши жоиз бўлмаган кишиларга едира олмайди.
Ота-онасига, фарзандларига, эр-хотин бир-бирига фақир бўлсалар ҳам едирмайди. Ўзи еса ёки буларга едирса, ейилган гўштнинг қийматини фақирларга садақа қилиб беради.
Савол: Назр рўзаси кетма-кет тутиладими?
Жавоб: Қандай ният қилинган бўлса, шундай тутилади. Шунча кун рўза тутаман деган бўлса, яъни кетма-кет тутаман демаган бўлса, ихтиёрийдир. Истаганидек тутади.
Савол: Назр қилган қирқ Ёсинни бошқа бировга ўқитишим жоизми?
Жавоб: Жоиз. (Радд-ул мухтор)
Савол: Хўроз назр қилган киши хўрозни сўйиши шартми?
Жавоб: Йўқ, сўйиши шарт эмас. Хўрозни тириклигича бир фақирга бериши мумкин. Чунки хўроздан қурбонлик бўлмайди. Қўй сўйишни назр қилганида эди, бадали берилмасдан истаган вақтида сўйиши лозим бўларди.
Агар қўй қурбонлик деб назр қилинса, истаган иши ҳосил бўлгандан кейин илк қурбон ҳайитининг илк уч кунида сўйиши керак. Сўйилмаса, бадали олтинда бир фақирга берилади.
Савол: Бир ёшга тўлган иккита қўзи назр қилган киши буларнинг ўрнига катта қўчқор сўйса бўладими?
Жавоб: Йўқ, мумкин эмас. Иккита мол сўйиши керак.
Савол: Қўй назр қилган киши унинг ўрнига эчки сўйса бўладими?
Жавоб: Ҳа, бўлади.
Савол: Шу ишим ҳал бўлса бир мол сўяман деб назр қилдим. Лекин ҳозир қўй назр қилдимми ёки эчки, эслай олмаяпман. Қайси молни қачон сўйишим керак?
Жавоб: Назрда одатга кўра иш тутилади. Назр моли дейилганда одатда қўй тушунилади. Қачон сўйиши кераклигини эслай олмаган киши эҳтиётан қурбон байрамида сўяди.
Савол: Назр қилаётганда “Аллоҳ розилиги учун” демасдан фақат намоз ўқишни, рўза тутишни ёки қурбонлик сўйишни назр қилган кишининг назри саҳиҳми?
Жавоб: Ҳа, саҳиҳ бўлади. Чунки булар шундоқ ҳам Аллоҳ розилиги учун қилинади. Аллоҳ розилиги учун демаса ҳам назр саҳиҳ бўлади.
Савол: Қўчқор назр қилган киши албатта қўчқор сўйиши керакми? Ўрнига бошқа мол сўя олмайдими?
Жавоб: Қўчқор сўйиши шарт эмас. Ўрнига қўй, эчки, сигир ҳам сўйиши мумкин. Лекин сигир назр қилган киши битта қўчқор эмас, еттита сўйиши лозим.
Савол: Назр қилган садақани балоғатга етмаган болага берса бўладими?
Жавоб: Ҳа, бола ва отаси фақир бўлса, назр саҳиҳ бўлади.
Савол: Шу ишим ҳал бўлса, шунча пулни фалон жойга бераман деб назр қилдим. Бу ишим ҳал бўлди. Энди бу пулни закот қилиб берсам, назр қарзидан қутулган бўламанми?
Жавоб: Назр қарзидан қутулган бўлмайди. Назрни ҳам бериш керак. (Қозихон)
Савол: Мол сўядиган имкони бўлмаган ҳолда “Шу ишим ҳал бўлиб кетса, Аллоҳ розилиги учун бир қўй сўйишни назр қилдим” деган кишининг иши ҳал бўлгач, назрни сўйиши вожиб бўладими?
Жавоб: Вожиб бўлмайди. Бундай саҳиҳ бўлмаган назрни қасддан қилиш гуноҳдир.
Савол: Бир қўчқоримни ўғирлаб кетишди. Мен “Агар бу қўчқорни топадиган бўлсам, сўйиб гўштини фақирларга тарқатаман” деб назр қилдим. Танишлар қўчқорни топиб олиб келишди. Энди бу қўчқорни сўйишим керакми?
Жавоб: Инсон фақат ўз мулки бўлган молни назр қилиши мумкин. Ўғирланган мол сизнинг мулкингиздан чиқади. Бу қўчқорни назр қилишингиз саҳиҳ эмас. Саҳиҳ бўлмагани учун ҳам бу қўчқорни сўйишингиз керак эмас. Нотўғри назр қилганингиз учун тавба-истиғфор қилишингиз кифоя.