Динда назр йўқми?

          Савол: “Аллоҳнинг назрга эҳтиёжи йўқ. Назр қилиш нотўғри. Назр қилиш Аллоҳ билан савдолашиш маъносига келади” дейишади. Динимизда назр йўқми?

Жавоб: Динимизда назр бор. “Аллоҳнинг назрга эҳтиёжи йўқ” дегани нимаси? У ҳолда “Аллоҳнинг намозга, рўзага ҳам эҳтиёжи йўқ” деб бу ибодатларни ҳам инкор қилиш керакми?

Назрнинг савдолашиш билан умуман алоқаси йўқ. Бир ишимизнинг натижаси яхши бўлиши учун назр қилиш бу ишнинг ҳал бўлиши учун дуо қилишдек гап.

Бақара сурасининг 270-ояти каримасида маолан “Фақирга берган садақангиз ва қилган назрларингизни Аллоҳу таоло билади” ва Ҳаж сурасининг 29-оятида маолан“Назрларини бажо келтирсинлар” деб буюрилди. Инсон сурасининг 7-оятида “Улар назр қилган нарсаларини бажарадилар” дейилиб, яхшилар мадҳ этилмоқда. Ушбу ояти карималарда Аллоҳу таоло қилганларингизни биламан демоқда. Назр қилганларни мадҳ этмоқда. Назрнинг фақирларга нафақа эканлигини билдирмоқда. Назр ҳақида ҳадиси шарифлар:

“Қилган назридан қайтган одам, ўз қусмуғини еган итга ўхшайди.” (Муслим)

“Аллоҳу таоло “Мен учун бир-бирини севган, мен учун бир-бирига ёрдам қилган ва мен учун атаган назрларини бажо келтирганларни севаман” деб буюрди.”(Табароний)

“Меҳмонга борган рўзадор киши агар Рамазон, қазо ва назр рўзасини тутган бўлмаса, [нофила] рўзасини бузсин!” (Табароний)

“Назр қурбонининг гўшти ейилмайди.” (Бухорий)

“Охирзамонда шундай бир гуруҳ пайдо бўлади, атрофига хиёнат қилади, уларга ишонилмайди. Ҳеч ким сўрамаса ҳам, гувоҳлик қилишади. Назр қилиб, бажаришмайди.” (Бухорий)

Бу ҳадиси шарифлар назрнинг динда борлигини кўрсатиб турибди. Назрнинг яна бир фойдаси бор. Бу ҳам хасислар молларини хайрли ишга сарфлашади. Икки ҳадиси шариф маоли қуйидагича:

“Назр, Аллоҳнинг тақдирини ўзгартирмайди. Лекин назр баъзан тақдирга мос бўлиб, бу эса хасиснинг қизғанган молини беришига сабаб бўлади.” (Муслим)

“Аллоҳу таоло “Назр тақдирни ўзгартирмайди. Лекин аввал хайр қилмаган хасисдан назр сабабли хайр чиққан бўлади” деди.” (Бухорий)

“Назр тақдирни ўзгартирмайди” дегани назр фойдасиз, кераксиз дегани эмас. Намоз, рўза ҳам тақдирни ўзгартирмайди. Инсон тақдирида бўлган ишларни қилади. Агар “Фалон киши назр қилади ва бу иши ҳал бўлади” деб тақдир қилинган бўлса, бу иш албатта бўлади.

Шартга боғлиқ ҳолда авлиё зотларга назр қилиш эса, ўзини гуноҳи кўп, дуо қилишга юзи йўқ деб билиб, муборак бир зотни васила қилиб, Аллоҳу таолога ёлвориш деганидир. Масалан “Хаста яқиним шифо топса ёки шу ишим ҳал бўлса, савобини Саййидат Нафиса ҳазратларига бағишлаб, Аллоҳ учун уч Ёсин ўқиш ёки бир қўй сўйишни назр қилдим” деганда бундай тилакнинг ижобат бўлгани кўп тажриба қилинган. Бу ерда Аллоҳу таоло учун Қуръони карим ўқиб ёки қўй сўйиб, савобини Саййидат Нафиса ҳазратларига бағишлаш орқали унинг шафоати билан Аллоҳу таоло хастага шифо бермоқда, бало-қазони кетказмоқда. (Саодати абадия)