Назр душманлиги
Савол: Ҳар мазҳабсиздек диний ҳукмлар устида янгидан "тадқиқот" ва "текширув" ўтказишни одатга айлантирган битта шайхчалиш кимса, дунёлик фойда кўзлаб “Шу ишим ҳал бўлса ёки беморим соғайиб кетса уч кун рўза тутаман деб назр қилиш қабул бўлмайди! Бундай назр тақдирни ўзгартирмайди!” деди. Бу билан тақдирни ўзгартирадиган ибодат бор демоқчими?
Жавоб: “Бундай назр тақдирни ўзгартирмайди” дейиш бошқа назр ёки бошқа ишлар тақдирни ўзгартиради деган маънога келади. Бу эса умуман нотўғри. Қазо-и муаллақ туркумидан бўлганлардан ташқари тақдир ўзгармайди, уни ҳеч ким ва ҳеч нарса ҳам ўзгартира олмайди. Икки ояти карима маоли қуйидагича:
“Менинг сўзим ўзгармас ва мен бандаларга зулм қилувчи эмасман.” (Қоф, 29)
“Ҳар умматнинг бир ажали бор. Вақти келганида у бир соат на кечикади, на олдинга олинади.” (Аъроф, 34) (Бу икки оятда билдирилган ҳукм қазо-и мубрамдир, асло ўзгармайди. Қазо-и мубрам қатъий бўлган, ҳеч ўзгармайдиган ҳукм ва тақдирдир.)
Агар бошимизга тушган иш қазо-и муаллақ туркумидан бўлса, қабул бўлган дуо ёки хайрли бир иш билан унинг олдини олиш мумкин. Лекин биз бир ишнинг қазо-и муаллақданми ёки қазо-и мубрамдан эканлигини билмаганимиз учун чора-тадбирларини кўришимиз лозим. Имоми Раббоний ҳазратлари айтадики:
"Қазо, яъни Аллоҳу таолонинг яратадиган ишлари икки қисмдир: Қазо-и муаллақ ва қазо-и мубрам. Биринчиси, шартга боғлиқ ҳолда яратиладиган ишлар деганидир. Буларнинг яратилиш шакли, тарзи ўзгариши мумкин ёки умуман яратилмаслиги ҳам мумкин. Иккинчиси, шартсиз, муҳаққақ яратиладиган турдан бўлиб, ҳеч бир ҳолатда ўзгармайди, муҳаққақ яратилади. Қоф сурасининг “Сўзимиз ўзгармайди” маолидаги 29-ояти каримаси қазо-и мубрамни билдирмоқда." (1/217)
Тадбир тақдирни ўзгартирмайди
Назр, қазо-и мубрамни, яъни тақдирни ўзгартириш учун қилинмайди. Намоз ўқиш, рўза тутиш ва закот бериш каби бутун ибодатлар ҳам шундай. Буларнинг ҳеч бири тақдирни ўзгартириш мақсадида эмас, диннинг амри бўлгани учун бажарилмоқда.
"Олинган тадбирлар тақдирни ўзгартирмайди. Лекин биз тақдиримизни, бошимизга келадиганларни билмаганимиз учун бизники фақат тадбир олишдир. Тадбир олиш, сабабларга мурожаат қилиш эса, динимизнинг амридир." (Радд-ул мухтор, Дурар, Қудурий, Мабсут)
“Шу ишим ҳал бўлса, беморим соғайиб кетса...” деб назр қилишнинг ҳеч қандай зарари йўқ.
"Шартга боғлиқ ҳолда авлиё зотларга назр қилиш эса, ўзини гуноҳкор, дуо қилишга юзи йўқ деб билиб, муборак бир зотни васила қилиб, Аллоҳу таолога ёлвориш деганидир. Масалан “Хаста яқиним шифо топса ёки фалон ишим ҳал бўлса, савобини Саййидат Нафиса ҳазратларига бағишлаб, Аллоҳ учун уч Ёсин ўқиш ёки бир қўй сўйишни назр қилдим” дейилганда ушбу тилакнинг қабул бўлиб, рўёбга чиқиши кўп тажриба қилинган. Бу ерда Аллоҳу таоло учун Қуръони карим ўқиб ёки қўй сўйиб, савобини Саййидат Нафиса ҳазратларига бағишлаш орқали, у зотнинг шафоати туфайли Аллоҳу таоло хастага шифо бермоқда, бало-қазони кетказмоқда." (Саодати абадия)
Саййид Аҳмад Таҳтовий ҳазратлари айтдики: "Назр қилишнинг жоиз эканлиги оят ва ҳадислар билан собитдир. Шартга боғлиқ бўлган назр, шартлар ҳосил бўлишдан олдин бажарилмайди. Масалан “Хастам шифо топса, Аллоҳ учун фалон миқдор садақа беришни ва савобини Саййид Аҳмад Бадавий ҳазратларига ҳадя қилишни назр қилдим”деб, хастаси шифо топмасдан олдин назрини бажариш жоиз эмас. Хаста соғайиб кетганидан кейин қилиши лозим. Бирон шартга боғланган назр, шарт қилинган нарсанинг ҳақи сифатида эмас, шукр саждасидек Аллоҳу таолога шукр сифатида бажарилиши керак." (Имдод ҳошияси)
“Ё Рабби, агар хастамга шифо берсанг Саййидат Нафиса ҳазратларининг ёки имоми Шофеъий ҳазратларининг мақбараси ёнидаги фақирларни тўйдиришни назр қилдим” деса, ушбу назр саҳиҳ бўлади." (Неъмати ислом)
“Эй Аллоҳим, касалимга шифо берсанг фалон жойдаги фақирларни тўйдираман” деса, яъни назр Аллоҳ учун, фойдаси фақирлар учун бўлса ва назр қилинган нарса шунга ҳуқуқи бор фақирларга берилса, шу тариқа қилинган назр жоиз бўлади." (Ҳиндия)
“Хасталикдан қутулсам, Аллоҳу таолонинг ризоси учун бир қўй сўйиш назрим бўлсин” деса, назр саҳиҳ бўлиб, сўйиши лозим бўлади." (Дурар ва Ғурар)
Кўриб турганимиздек, дунё манфаати учун қилинган назрларнинг саҳиҳ эканлиги барча фиқҳ китобларида ёзилган. Бунинг аксини даво қилган биронта мўътабар китоб йўқ.