Назрнинг шартларга мос бўлиши
Савол: Бир назримни бажо келтиришим учун назрнинг шартларга мос бўлиши керакми?
Жавоб: Ҳа, назр қилинган нарсанинг бажарилиши лозим бўлиши учун назрнинг шартларга мос бўлиши керак. Мисоллар билан тушунтирамиз:
1. Бир фарз-и айн ёки вожиб жинсидан бўлиши керак. Масалан, рўза, намоз, садақа каби. “Фалон ишим ҳал бўлса, юз метрга югураман” қабилида назр қилиш саҳиҳ бўлмайди.
2. Ўзи алоҳида бир ибодат бўлиши лозим. Таҳорат олиш ўзи алоҳида бир ибодат бўлмагани учун назр бўла олмайди.
3. Бу иш гуноҳ бўлмаслиги керак. Ҳаром нарсани назр қилиш қасам бўлади. Буни бажариш эса гуноҳ бўлади. Масалан бировни ўлдиришни назр қилган одам, назр қилганман деб уни ўлдирмайди. Ўрнига қасам каффорати беради. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:
“Гуноҳ ишлаш учун назр қилинмайди. Каффорати қасам каффорати кабидир.” (Насоий)
Байрам (ҳайит) куни рўза тутиш ҳаромдир. Лекин рўзанинг ўзи ҳаром бўлмагани учун Қурбон байрамида рўза тутишни назр қилиш жоиз бўлади. Бошқа кун тутиши керак. [Шунингдек нофила намозни жамоат билан ўқишни назр қилган киши макруҳ ишламаслик учун бу намозни ёлғиз ўқийди. “Тасбиҳ намозини жамоат билан ўқиётганларни кўрсам, макруҳ ишлаганликлари учун калтаклашни назр қилдим” деб назр қилган бўлса, айтганини қилмайди. қасам каффорати беради.]
4. Бажариши шундоқ ҳам ўзига фарз бўлган бир нарсани назр қилиш саҳиҳ бўлмайди. Масалан, “бу йилги Рамазон рўзасини тутаман” дейиш назр бўлмайди.
5. Назр қилган нарсаси мулк бўлиши, ўз мулкидан кўп бўлмаслиги ва бошқасининг моли бўлмаслиги керак. Масалан бир кишининг кўзини бошқа кишига бериш учун назр қилиши саҳиҳ бўлмайди. Бир сўми бўлган киши минг сўм садақа беришни назр қилса, бир сўм беради. “Ўғлим яхши бўлиб кетса, унинг маошидан бир қўй сўяман” деб назр қилиш саҳиҳ эмас. Ўз молидан назр қилиши лозим. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Аллоҳга қарши исён бўлган ишни ёки эга бўлмаган нарсасини назр қилиб бўлмайди.” (Муслим)
6. Назр қурбони маълум уч кунда сўйилиши лозим. Бу кунлар келишидан олдин сўйилса, қурбон бўлмайди ва назр бажарилган бўлмайди. Назр қурбони маълум уч кунда сўйилмаса, олтин ёки кумуш сифатида қиймати ёхуд тириклигича молнинг ўзи фақирларга берилади. Муайян уч кундан кейин сўйилиб, гўшти фақирларга тарқатиладиган бўлса, гўштининг қиймати тирик қурбон қийматидан кам бўлмаслиги лозим.
7. Назр қурбонини сўймасдан бадалини садақа қилиш жоиз эмас. Чунки назрни бажариш вожиб бўлгани учун бадали берилмайди. Агар қурбон байрамида сўйилмайдиган бўлса, бадали садақа қилинади. Қурбон деб айтилмаган бўлса, молни истаган вақтида сўйиши мумкин. Кечикса ҳам бадали берилмайди, сўйиши лозим.
8. Қурбон демасдан назр қилинса, масалан бир қўй сўяман деса, кун ва жойини айтса ҳам, истаган вақтида ва истаган жойида сўйиши мумкин.
9. Савобини ўлганларга ҳадя қилиш учун сўйиладиган қурбонлик ҳам барча қурбонликлардек фақат Аллоҳ розилиги учун сўйилади. Сўйган қурбонлигининг савобини бутун ўлганларга бағишлаши мумкин. Ўлган яқини учун меросхўри ёки бошқалар истаган вақтида ўз мулкидан мол сўйиб, савобини ҳадя қилиши мумкин. Буларнинг гўштидан сўйган киши ҳам ея олади. Чунки назр эмас.
10. Назр қурбонини қурбон байрамида сўймаган киши бадалини олтин сифатида фақирга бераётганида “Бу қурбон назрининг бадали” деб айтиши шарт эмас. “Ҳадя” деса ҳам бўлади.
11. Қурбон назр қилган одам байрамдан олдин сўйса, кейин байрамда сўйилиши кераклигини билса, байрамда ҳам яна сўядиган бўлгани учун бунинг гўштидан ўзи ҳам ейиши мумкин.