Назр қандай қилинади?

Савол: Назр қилиш қандай амалга ошади? 

Жавоб: Бир нарсани назр қилиш икки хил бўлади: Мутлақ назр, шартга боғлиқ назр. 

1. Мутлақ назр: “Аллоҳ учун бир йил рўза тутаман” дейиш каби бўлиб, бирон шартга боғлиқ эмас. Буни айтаётганда ният қилмаса ҳам, гап орасида оғзидан чиқадиган бўлса, бажариши вожиб бўлади. Чунки назрда ниятсиз, ўйланмасдан гапириш худди ўзи истаб айтишдек жиддий қабул қилинади. Ҳатто “Аллоҳ учун бир кун рўза тутиш зиммамга фарз бўлсин” демоқчи бўлиб, хатолашиб “бир ой рўза тутиш” деб юборса, бир ой тутиши лозим бўлади. 

Назр қасамга ўхшайди. Бир киши “Назр қилдим” деса, нимани назр қилганини айтмаса ва ният қилмаса, қасам каффорати бериши керак. Бир одам Аллоҳ розилиги учун рўза тутаман деса, неча кунлигини айтмаса ва ҳеч нарсани ният қилмаса ёки фақат назр учун ният қилса, бу рўзаси назр бўлади ва ками уч кун тутиши лозим. Буни айтаётганида назр эмас, қасам ичишни ният қилса, қасам бўлади. Рўзасини бузадиган бўлса, қасам каффорати лозим бўлади. Ҳам назр, ҳам қасам бўлишини ният қилса, ушбу рўза ҳам назр, ҳам қасам бўлади. Буни бузадиган бўлса, ҳам назр, ҳам қасам каффорати бажаришни тақозо қилади. 

Назр қилинган нарса фарз ёки вожиб туркумидан бир ибодатга ўхшаши ҳамда ўзи алоҳида мустақил ибодат бўлиши керак. Масалан, таҳорат олиш, ўлик кафанлаш каби ўзи алоҳида ибодат бўлмаган ишлар назр қилинмайди. Хастани зиёрат қилмоқ, жанозани кўтариб юрмоқ, ғусл қилмоқ, масжидга кирмоқ, Қуръони каримни ушламоқ, азон айтмоқ, масжид қурмоқ каби амаллар барчаси ибодат бўлса ҳам, ҳеч қайсиси мустақил, алоҳида бир ибодатга ётмайди. 

Шартга боғлиқ бўлмаган назрни киши ўзи фақир бўлса ҳам, дарров бажариши лозим.  

2. Шартга боғлиқ бўлган назр: Мурод қилинган шарт ҳосил бўлса, назрни бажариши керак. Буни бажармасдан ўрнига қасам каффоратини бериш ҳам жоиз. 

Агар қилинган назр бирон бир тилакнинг ҳосил бўлишига боғланса, шарт қилган тилак ҳосил бўлганда назр қилган нарсасини бажариши лозим бўлади. Ҳосил бўлишини хоҳламаган нарсани шарт қилса, ўша нарса ҳосил бўлса, ҳаж, рўза, садақа, нофила намоз каби назрларини хоҳласа бажаради. Хоҳламаса, бажармасдан, ўрнига қасам каффоратини беради. Масалан, "Али билан гаплашсам, Аллоҳ учун юз сўм садақа назр қилдим" деса ва ортидан Али билан гаплашса, хоҳласа садақани беради ёки қасам каффоратини беради. 

Шартга боғлиқ бўлган назрни шарт ҳосил бўлишдан аввал бериш жоиз эмас. Масалан, “Шу касалликдан шифо топсам, Аллоҳ учун шунча садақа бераман ва савобини Аҳмад Яссавий ҳазратларига ҳадя этишни назр қилдим” деса шифо топишидан аввал назрини бажариш жоиз эмас. Назрни шифо топганидан кейин бажариши керак. Шартга боғлиқ бўлган назрни бажараётганда қаерда, кимга (фақир исми), нечта фақирга (фақир сони) ва пулнинг қайси жинси (олтин, кумуш, қоғоз пул)дан беришини назр қилаётганда айтганидек бажариши шарт эмас. 

Назрни адо этиш лозимлиги Қуръони каримда, ҳадиси шарифларда билдирилган ва ижмои уммат ҳосил бўлган. Ҳаж сураси 29-ояти каримада маолан “Назрларини бажарсинлар” деб буюрилган. Шунинг учун назрни адо этиш вожибдир. Бунга "фарз" деган олимлар ҳам бўлган.  

Савол: Тил билан айтилмасдан кўнгилдан ўтказилган назр ва қасамнинг ҳукми қандай бўлади? 

Жавоб: Кўнгилдан ўтказиш билан назр ва қасам бўлмайди. Тил билан айтилиши шарт. 

Савол: “Шу имтиҳондан ўтадиган бўлсам, фалон масжидда бир вақт аср намозини ўқийман” деб назр қилса, уйда ёки бошқа масжидда ўқиса жоиз бўладими?

Жавоб: Бажарилиши ўзига фарз бўлган нарсани назр қилиш саҳиҳ эмас. Аср намозини ўқиш шундоқ ҳам фарз. Яъни бу назр саҳиҳ бўлмайди. Нофила намоз назр қилинганида эди, албатта ўша масжидда ўқиш шарт бўлмасди. Бошқа жойларда ҳам ўқиса бўларди. Чунки назрда маконга риоя қилиш шарт эмас.

Савол: Шукр нияти билан “Хасталикдан қутулган отам учун бир қурбонлик сўяман” дейиш назр бўладими? 

Жавоб: Ҳа, назр бўлади. 

Савол: Товуқдан, хўроздан қурбонлик бўлмайди, лекин назр бўладими? 

Жавоб: Назр қилса бўлади. Қурбонлик бўлмайди дегани, назр қилишга ҳам бўлмайди дегани эмас. Назрда аталган амалнинг фарз ёки вожиб туркумидаги бирон ибодатга ўхшаши ҳамда ўзи алоҳида бир ибодат бўлиши керак. Масалан садақа бериш нофила ибодатдир, лекин фарз бўлган закотга ўхшагани учун уни назр қилса бўлади. 

Тирик товуқ, хўроз назр қилиш жоиз бўлганидек, сўйиб гўштини фақирларга едириш ҳам назр бўла олади. Ҳатто битта тухумни ўзини назр қилишнинг ҳам зарари йўқ. Назр фақат фақирларга берилади.