Қурбонлик ҳақида савол-жавоблар
Савол: Нафақадаги одам уч ойда бир нисоб миқдорида маош олади. Маошини олган вақтида бой бўлади. Лекин ойнинг охиригача пули аранг етади. Унинг қурбонлик сўйиши керакми?
Жавоб: Нисобдан ортиқ пул олиб, дарров сарфламаса, динан бой ҳисобланади. Қурбон байрамида пули нисоб миқдорида бўлса, қурбонлик сўяди. Етмаса сўймайди.
Олган ижара ҳақи (маош) билан кун кечирадиган киши нисобга молик бўлса, пул йиғиб фитр бериши ва қурбонлик сўйиши лозим. Гўштнинг барчасини ўзига олиб қолиб, бир неча ой гўшт сотиб оладиган пулини йиғиши лозим. Шу йиғилган пул келаси йилнинг фитр ва қурбонлиги учун сарфланади. Шу тариқа фитр ва қурбонлик савобидан маҳрум қолмаслиги керак. Қурбонк сўйган киши ўзини жаҳаннамдан озод қилган бўлади. Бир ҳадиси шарифда “Хасисларнинг энг ёмони (сўйиши лозим бўлса ҳам) қурбонлик сўймаган кишидир” деб марҳамат қилинган. (Саодати абадия)
Савол: Шофеъий мазҳабидагилар одатда қурбонлик сўйишмайди. Бунинг сабаби нима?
Жавоб: Балки бизга фарз эмас сўйишмаса керак. Шофеъийда қурбонлик сўйиш Ҳанафий мазҳабидагидек вожиб эмас, суннати муаккададир, яъни қувватли суннатдир. Ҳанафий мазҳабида фарздан кейин вожиб келади. Шофеъийда эса суннат келади. Фарздан кейин келган бир амрни кучи етгани ҳолда бажармаслик дуруст эмас. Жаноби Пайғамбаримиз “Қурбонлик сўймаган киши масжидимизга келмасин” ва “Хасисларнинг энг ёмони қурбонлик сўймагандир” деб марҳамат қилганлар. Буни бутун мусулмонлар учун айтганлар. Кучи, имкони бўлган Шофеъий мазҳабидагилар бу суннатни тарк этмасликлари керак. Шофеъийда ақиқа сўйиш ҳам суннат. Имкони бўлган Шофеъий байрамда ақиқа ҳам сўйиши мумкин.
Савол: Қон теккан кийимни ювгандан кейин қолган қон изи нажосат ҳукмида бўладими?
Жавоб: Ранги қолишининг аҳамияти йўқ. Тоза ҳисобланади.
Савол: Бошқа давлатда яшайдиган ва бой бўлган киши қурбонлик молини арзон бўлган бошқа жойда ваколат билан сўйдира оладими?
Жавоб: Муҳим бўлгани нарх эмас, қурбонликнинг сўйилишидир. Текинга олиб сўйса ҳам барибир қурбонлик қарзидан қутулган бўлади.
Савол: Закотдан қарзи бўлган киши албатта қурбонлик сўйиши лозим эмиш. Бу тўғрими?
Жавоб: Закотдан қарзи бўлган киши аввал закот қарзини бериши фарз.
Савол: Қурбонлик мол сўйилганда унинг қони сўйган кишининг ёки оила аъзоларидан бирининг пешонасига, янги олинган автомобилга ва бошқа шу каби жойларга суркалади. Бунинг сабаби нима?
Жавоб: Қон ҳеч жойга суркалиши керак эмас. Ибодат ниятида қилаётган бўлса, бидъат, ҳаром бўлади.
Савол: Бир киши қурбонликка сўядиган моллари кўп бўлганидан пешин намозига улгурмади. Уст-боши қон, ёғ. Таҳорат олиш учун сув ҳам йўқ. Қурбонлик молларнинг олдидан кетиш имкони бўлмади. Бундай ҳолатда намозни қазога қолдирса бўладими?
Жавоб: Моликий мазҳабини тақлид қилиб, ўқиши мумкин эди. Чунки Моликий мазҳабида кийими нажосатдан пок бўлиши фарз эмас, суннат. Сувни эса бировга айтиб олдирса бўларди. Намозни қазога қолдириш ҳаромдир. Бу ҳам имконсиз бўлса, аср вақтида жам қилишни ният қилади. Ханбалий мазҳабида бундай қийин вақтларда икки намозни жам қилиш жоиз.
Савол: Қурбонлик сўйиш Ҳанафий мазҳабида вожиб, қолган уч мазҳабда муаккад суннатми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Байрамдан икки ой олдин қурбонлик учун сотиб олинган молнинг сутидан ичиш жоизми?
Жавоб: Қурбонликка сўйиш ниятида олинган молнинг сутидан ичилмайди, Соғилиб, фақирга берилади.
Савол: Қурбонлик учун олинган мол байрамдан аввал туғадиган бўлса, буни нима қилиш керак?
Жавоб: Қурбонлик молнинг сути, жуни каби бузоғи ё боласи ҳам фақирларга садақа қилиб берилади. Қурбонлик учун сўйишга ният қилиб сотиб олингандан бошлаб унинг сутидан, жунидан фойдаланиш жоиз эмас.
Савол: Америкада қурбонлик мол терисини сотиш ва ошлатиш имкони йўқ. Шунинг учун уни ахлатга ташласа бўладими?
Жавоб: Бошқа чора бўлмаса, жоиз.
Савол: Даромади тўла ҳаромдан келган бир киши топган пули билан савоб олиш нияти билан қурбонлик сўйса, куфр бўладими?
Жавоб: Ҳа, ҳаромдан савоб кутиш куфрдир.
Савол: Отаси қурбонлик учун бир қўчқор сотиб олди, лекин байрамга етмасидан ўзи вафот этди. Энди бу қўчқорни сўйиш керакми?
Жавоб: Қўчқор меросчиларга қолади. Сўйиш керак эмас.
Савол: Бувим “Аёли ҳомиладор бўлган киши қурбонлик сўя олмайди. Агар сўядиган бўлса, туғиладиган фарзанднинг овози хириллаб чиқади” деди. Бундай нарса борми?
Жавоб: Бу хурофотдир, асли йўқ.
Савол: Қурбонлик сўйган баъзи қўшниларимиз бизга гўшт олиб келганида “Сизлар ҳам қурбонлик сўйдингларми?” деб сўрадилар. Бундай савол бериш дурустми?
Жавоб: Ҳеч ҳам дуруст эмас. Сўйган одам гўшт олиш учун сўймадим дейиши мумкин. Сўймаган киши ҳам уялганидан сўйдик дейиши мумкин. Ёлғон гапиришга сабаб бўлиш яхши эмас. Қурбонликнинг гўшти қурбонлик сўйган бой кишига ҳам берилиши мумкин. Диний китобларда айтиладики:
Қурбонлик сўйган одам бунинг гўштидан фақир бўлсин, бой бўлсин истаганига бера олади. Гўштнинг учдан бирини уйга қолдириш, учдан бирини қўшниларга, қолганини фақирларга бериш мустаҳабдир. (Саодати абадия)