Маййит учун қурбон сўйиш
Савол: Маййит учун сўйиладиган қурбонлик қандай бўлиши лозим?
Жавоб:
1. Савобини вафот этганларга ҳадя қилиш учун сўйиладиган қурбонлик ҳам бошқа қурбонликлардек фақат Аллоҳ розилиги учун сўйилади. Сўйилган қурбонликнинг савобини ўлганларга ҳадя қилиш мумкин. Хоҳ фарз, хоҳ нофила, хоҳлаган ибодатни бажараётганда ёки бажариб бўлгандан кейин савобини ўлик-тирик хоҳлаган одамга бахшида қилиш мумкин. Намоз, рўза, ҳаж, умра, садақа, Қуръони карим ўқиш, авлиёнинг қабрини зиёрат қилиш, қурбонлик, зикр каби ибодатларнинг савобларини ҳам ўзгаларга ҳадя қилиши мумкин. Ҳадя қилган кишининг ўз савобидан ҳеч нарса камаймасдан бутун мўминларга савоби етиб боради. Яъни савоб ҳадя этилган кишиларга тақсимланмасдан ҳар бирига бутунича етиб боради.
2. Бир қурбонлик сўйиб савобини ўлик-тирик барча мусулмонларга бағишласак, ҳеч нарса камаймасдан ҳар бирига биттадан қурбон савоби боради. Бу Аллоҳу таолонинг бизлар учун бир лутфидир. Шунинг учун қозонган савобларимизни ўлик-тирик барча мусулмонларга бағишлашимиз лозим.
3. Расулуллоҳга атаб ҳам қурбонлик сўйиш мустаҳаб ва савоби жуда катта. Пайғамбаримиз иккита қурбонлик сўярдилар, бири ўзлари учун, иккинчиси уммати учун эди. Сўйган икки қурбонлигига “Бири ўзим ва авлодларим учун, иккинчиси қурбонлик сўя олмаган умматим учун” деб марҳамат қилардилар. Жаноби Расулуллоҳ Видо ҳажига кетаётганларида қурбонлик учун 100 та туя олиб бордилар. 63 тасини ўзлари сўйдилар, сўнгра пичоқни ҳазрати Алига бердилар. Қолганини у сўйди. Бу билан 63 йил умр кўришига ишорат қилган бўлдилар. Пайғамбаримиз учун қурбонлик сўйганда “Аллоҳ розилиги учун қурбонлик сўйишга ва савобини жаноби Расулуллоҳга ҳадя қилишга” деб ният қилинади.
4. Бир киши бири назр, бири ақиқа, бири вожиб бўлган ҳайит қурбони, бири нофила, бири маййитлар учун, бири жаноби Пайғамбаримиз учун қурбонлик қилишни хоҳласа, бир сигир олиб сўйиши мумкин.
5. Қурбонлик сўймаган мусулмон вафот этаётганида мерос қолдирган мулкидан ўзи учун қурбонлик сўйилишини васият қилса, васият қилинган қурбонлик ҳайит кунлари сўйилади. Бунинг гўштидан сўйган киши фақир бўлса ҳам ея олмайди. Барчасини бошқа фақирларга тарқатиши лозим.
6. Васият қилмай ўлган яқини учун вориси ёки бошқаси ҳар доим ўз мулкидан мол сотиб олиб, сўйиб, савобини маййитга ҳадя қилиши мумкин. Савоби сўйган одамга тегади. Бунинг гўштидан сўйган киши ҳам ея олади.
7. Савоби вафот этганларга бағишланадиган молни ҳар доим сўйса бўлади.
Қурбонлик дегани қурбон байрамининг илк уч кунида бой учун вожиб, фақир учун эса нофила сифатида сўйиладиган қўй, эчки, сигир ёки туя деганидир. Қурбонлик сўядиган киши байрамнинг илк уч кунида сўйиши керак. Бундан кейинга қолса ва мавжуд бўлса, тириклигича садақа қилинади. Назр қурбони байрамнинг илк уч кунида сўйилиши керак. Бу кунлар келишдан аввал сўйилса, қурбон бўлмайди ва назр ҳам бажарилган бўлмайди. Назр қурбони маълум уч кун ичида сўйилмаса, олтин-кумуш қилиб қиймати ёки тириклигича молнинг ўзи фақирларга берилади.
Уч кун ўтиб бўлганидан кейин сўйилиб, гўшти фақирларга тарқатиладиган бўлса, гўштнинг қиймати тирик қурбон қийматидан кам бўлмаслиги лозим. Кам бўлса, орасидаги фарқи пул сифатида тарқатилади. Қурбон демасдан назр қилинса, масалан, бир қўй сўяман деса, кунини ва жойини маълум қилса ҳам, қурбон байрамининг уч кунида ёки истаган вақтида сўйиши мумкин.