Қурбонлик қандай сўйилади?
Савол: Қурбонлик сўйилаётганда нималарга диққат қилиш лозим?
Жавоб: Молни сўйишда қуйидагиларга диққат қилиш керак:
1. Аввал тизза бўйи чуқур қазилади. Қурбонликнинг кўзлари латта билан боғланади. Қиблага қаратилиб, чап тарафи билан ётқизилади. Буқа, новвос каби йирик қорамолларни қулай сўйилиши учун илгакка осиш жоиз. Бўғзи чуқур ёнига келтирилади. Олдинги иккита ва битта орқа оёқлари учларидан бирга боғланади. Уч марта байрам такбири ўқилади. Сўнгра “Бисмиллоҳи Аллоҳу акбар” деб, туядан бошқа моллар бўғзидан сўйилади. “Бисмиллоҳи” деганда “ҳ” ҳарфини аниқ айтиш лозим. Буни аниқ айтганида унинг Аллоҳу таолонинг исми эканлигини ўйлаши шарт бўлмайди. “Ҳ” ҳарфини аниқ қилиб айтмаса, Аллоҳу таолонинг исмини сўзлаганини дилидан ўтказиши керак бўлади. Буни ўйламаса, сўйилган мол ўлакса бўлади ва ейилмайди. “Бисмиллоҳирраҳмонирроҳийм” дейиш ҳам жоиз. Лекин афзали “Бисмиллоҳи Аллоҳу акбар” дейишдир.
2. Бисмиллоҳ айтилганидан кейин дарров сўйиш шарт. Бисмиллоҳ айтганидан кейин пичоқни ўткирлайдиган бўлса, такрор бисмиллоҳ айтиши керак. Бисмиллоҳ айтганидан кейин мол ўрнидан туриб кетса, ётқизганидан кейин яна бисмиллоҳ айтиши лозим. Лекин бир оғиз сўз айтиш, бир луқма овқат ейиш, бир ютум сув ичиш каби озгина танаффус қилишнинг зарари йўқ. Бисмиллоҳ айтганидан кейин қўлидаги пичоқни ташлаб, бошқа пичоқ олса ҳам такрор бисмиллоҳ айтиши керак эмас.
3. Бир мол учун бисмиллоҳ айтилганидан кейин уни қўйвориб, бошқасини сўймоқчи бўлса, унга такрор бисмиллоҳ айтиши керак.
4. Кетма-кет бир нечта молни сўядиган киши барчаси учун алоҳида бисмиллоҳ айтиши зарур. Лекин молларни устма-уст ётқизиб сўядиган бўлса, битта бисмиллоҳ кифоя. Бир молни икки киши сўядиган бўлса, иккаласи ҳам бисмиллоҳ айтиши лозим.
5. Бисмиллоҳ айтишни унутадиган бўлса, зиёни йўқ. Лекин атайлаб бисмиллоҳсиз сўйиш ҳаромдир.
6. Молнинг бўғзида ҳалқум, яъни нафас олганда ҳаво юрадиган кекирдак, қизилўнгач ва икки ёнида биттадан қон томири бор. Бу тўрт томирдан учтаси бирданига кесилиши керак.
7. Шофеъий мазҳабида кекирдак ва қизилўнгач кесилса, кифоя. Лекин ҳиқилдоқ тугуни калла тарафида қолиши лозим. Ҳиқилдоқ тугунининг ҳаммаси вужуд тарафида қолса, сўйилган мол ейилмайди.
8. Қурбонликни сўядиган кишининг қиблага юзланиб туриши суннат.
9. Эркак ва аёл мусулмоннинг, жунубнинг, телбанинг, эс-ҳуши жойида бўлмаган, ёш бола ва сархушнинг бисмиллоҳ билан сўйган моли ейилади. Аҳли китобнинг (христиан ёки яҳудий) сўйгани ҳам ейилади. Лекин аҳли китобга қурбонликни сўйдириш макруҳ бўлади. Тилсиз ва суннат қилинмаган кишининг мол сўйиши макруҳдир.
10. Чапақай кишининг чап қўли билан қурбонлик сўйишининг зиёни йўқ. Тоза ишларни қилаётганда ўнгдан бошлаш суннати завоид, яъни мустаҳабдир. Бир узр билан чапдан бошлаш макруҳ бўлмайди. Яъни чап қўл билан сўйилган мол ва қурбонликни ейиш мумкин.
11. Бир эҳтиёж бўлса, қурбонлик молни ҳушдан кетказиб сўйиш жоиз. Бир пичоқ тортишда калласи танасидан узилган мол ҳам ейилади, лекин бундай кесиш гуноҳ бўлади. Молни энсаси тарафидан сўйиш ҳаром, лекин гўштини еса бўлади.
12. Қурбонлик молнинг терисини шилиш учун шишириш жоиз.
Савол: Хорижда қурбонлик молларни мусулмон одам сўяди, лекин терисини ғайридин шилади. Бундай териси шилинган қурбонлик молларнинг гўштини ейиш жоизми?
Жавоб: Ейишнинг зарари йўқ. Имоми Раббоний ҳазратлари ғайримуслим бир нарсага қўлини артганида бу нарса ифлос бўлмаслигини билдирган. Китоб аҳли бўлган ғайримуслимларнинг бисмиллоҳ билан сўйган молларининг гўштини ейиш жоиз эканлигини маълум қилган. Лекин заруратсиз емаган яхшироқ.
Савол: Молни сўйиш вақтида уч томирини кесгандан кейин молнинг жони чиқмасдан туриб, бошқа бир киши бисмиллоҳ айтмасдан калласини бутунлай кесиб ташласа, бу шаклдаги сўйиш жоизми?
Жавоб: Бундай қилиш дуруст эмас, бисмиллоҳ айтиб қилса ҳам яхши эмас. Лекин гўштини еса бўлади.
Савол: Қурбонлик молни сўйган кишига ҳақ сифатида қурбонлик молнинг гўшти ва териси бериладими?
Жавоб: Қурбонликни сўйган кишига ҳақ сифатида қурбонлик молнинг гўшти ва териси берилмайди. Терисини уйда меш, маҳси, дастурхон, жойнамоз каби нарсалар қилиб ўзи ишлатиши мумкин. Териси, гўшти сотиладиган бўлса, пули фақирга садақа қилиб берилади.
Савол: Таҳоратсиз ҳолда қурбонлик сўйиш жоизми?
Жавоб: Саҳиҳ бўлади. Ҳатто мажбур бўлганида жунуб ҳолида сўйса ҳам, саҳиҳ бўлади. (Фатавоий ҳиндия)