Қурбонликни қачонгача сўйиш мумкин?
Савол: Қурбонликни қачонгача сўйиш мумкин?
Жавоб:
1. Қурбонлик байрамнинг биринчи куни ҳайит намозидан бошлаб, учинчи куни қуёш ботгунча сўйилади. Жума намози ўқилмайдиган кичик қишлоқларда фажрдан кейин ҳайит намозидан олдин ҳам сўйилиши мумкин. Кечаси қурбонликни сўйиш жоиз бўлса ҳам макруҳдир. Шофеъий мазҳабида қурбон байрамининг тўртинчи куни ҳам сўйилади.
2. Нофила, ақиқа ва назр молни ҳамма вақт сўйиш мумкин. Лекин байрамда сўйилгани афзал.
3. Ҳайит жума кунига тўғри келса ҳам қурбонлик ҳайит намози ўқилганидан кейин сўйилади.
4. Қурбон байрамининг учинчи куни фақир бўлишини ёки сафарга чиқишини биладиган киши биринчи ва иккинчи куни қурбонлик сўйиши вожиб бўлмаса ҳам сўядиган бўлса, вожибни адо этган бўлади.
5. Фақир байрамнинг илк куни қурбонликни сўйганидан кейин учинчи куни бой бўлса, яна сўйиши керак эмас. Вожиб бажарилган бўлади. Учинчи куни бой бўлишини биладиган кишининг ҳам илк куни қурбонлик сўйиши жоиз.
Савол: Кечаси қурбонлик сўйиш жоизми?
Жавоб: Макруҳ бўлади. Эҳтиёж ва зарурат бўлмаса сўйилмайди. Кундуз сўйиш имкони бўлмаса, эртасига ҳам сўйиш имкони бўлмаса, кечаси сўйиш жоиз бўлади.
Қурбонлик учинчи куни шом намозининг азонигача сўйилади. Ундан кейин суйилмайди. Бу вақтгача қандайдир бир сабаб билан сўйилмаган қурбонликни Шофеъий мазҳабини тақлид қилиб, кечаси ёки эртасига, яъни тўртинчи куни ҳам сўйиш мумкин. Бундай ҳолатларда макруҳ бўлмайди. Лекин ҳеч қандай эҳтиёж бўлмасдан Шофеъий мазҳаби тақлид қилинмайди.