Қурбонликка мол сотиб олаётганда

Савол: Қурбонликка мол сотиб олаётганда нималарга эътибор бериш керак?

Жавоб:

1. Қурбонга сўйиладиган молни сотиб олаётганда “Ҳайит куни сўйилиши вожиб бўлган қурбонликни олишга” деб ният қилиш керак. Кейин буни сўйиш вақтида такрор ният қилиши шарт эмас. Бу сотиб олган молини қурбонга сўйиши ҳам шарт эмас. Лекин унинг ўрнига сўядиган моли бунинг нархидан кам бўлмаслиги лозим. Сотиб олаётганда ҳеч қандай ният қилмаса ҳам бўлади, лекин сўйиш вақтида ёки сўядиган одамни вакил қилаётганда ният қилиши керак бўлади.

2. Қурбон молни тирик ҳолида тортиб сотиш жоиз эмас. Тириклигича тортиб “Бунга шунча пул берасан” дейилса, мол бутунлигича савдо қилинса, у ҳолда савдо кўтарасига бўлгани учун саҳиҳдир. Баъзи жойларда қурбон молини сотаётганда сотувчи “Молни сўйиб, гўшт ҳолига келтиргандан кейин килосини фалон нархдан бераман. Сен молни танла, ҳайитда келасан, гўшти қанча кило чиқса, пулини берасан” дейди. Бу асло жоиз эмас, гўшт сотиб олинган бўлади, қурбон бўлмайди.

3. Уч шерик масалан 7 минг сўмга бир сигир сотиб олса, шериклардан бири 3 минг, иккинчиси ҳам 3 минг, учинчиси 1000 сўм берса, учинчисининг улуши еттидан бирдан кам бўлмагани учун жоиз бўлади. Гўштнинг еттидан бирини олади. Қолган иккитаси эса еттидан учини олади.

4. Айни нархда 3 киши 3 та қўй сотиб олса, сўйишдан аввал “Бу сеники, бу уники, бу эса меники” деб бўлиб олишлари жоиз.

5. Қурбон молни насияга ёки кредит карта билан олиш жоиз. Фоизли кредит билан олиш жоиз эмас.

6. Икки кишининг қурбонлиги аралашиб кетса, ҳар бири ўзиники деб ҳисоблаб сўйган моли уники бўлади.

7. Икки қурбонликдан бири иккинчи молни ўлдириб қўйса, эгасига тўлатилмайди.

8. Қурбон мол сотиб олган киши ниятини ўзгартириб, ақиқа ёки назр деб сўйиши мумкин.

9. Бировнинг молини эгасининг хабарисиз у учун қурбонликка сўйиш жоиз. Бировнинг молини унинг рухсатисиз ўзи учун қурбонликка сўйган киши кейин молнинг нархини тўласа, жоиз бўлади. Мол эгаси нархига кўнмай сўйилган молнинг гўштини оладиган бўлса, эгаси учун қурбон қилинган бўлади.

10. Омонат қилиб қолдирилган молни қурбонга сўйиш жоиз эмас.

11. Аллоҳ розилиги учун деб ният қилгандан кейин бола-чақам кўпроқ гўшт есин деб семиз қўй сотиб олишни ниятига аралаштирмаслиги лозим. Семиз мол сотиб олаётганда савобини ўйлаши керак.

12. Ҳар бир одам ўзи боққан молни қурбонга сўя олади. Нисобга молик бўлган кишига бир қўй ҳадя қилинса, у буни қурбонга сўйса, вожиб қурбон бажарилган бўлади. Қурбон молни пулга сотиб олиш керак деган шарт йўқ.

13. Нажосат еган молнинг гўшти тоза бўлиши учун туя 40, қорамол 20, майда мол 10, товуқ 3, чумчуқ 1 кун қамаб қўйилади. Бошқа бир қавлда эса туя билан сигир 10, қўй 4, товуқ 3 кун қамалиб, тоза озиқ берилади.

14. Бировнинг қўйини ўғирлаган, тортиб олган киши кейин унинг нархини тўласа, қурбонлик қилиши жоиз бўлади. Чунки пули тўланганидан кейин унинг мулки бўлади. Ўғирлик гуноҳига алоҳида тавба қилиши керак.

15. Қарзи бўлмаган фақир қурбон сўядиган бўлса, савоби катта бўлади. Қарзи бўлса, аввало қарзини ўташи лозим. Чунки қарзини тўлаш фарздир. Қурбон нисобига молик бўлмаган фақир ўзиники бўлган молни қурбонлик қилишни ният қилса ёки қурбонлик нияти бўлмасдан ҳайитдан аввал сотиб олиб, сўнгра қурбонлик қилишни ният қилса ёхуд қурбонлик қилиш нияти билан ҳайитдан аввал сотиб олса, буларни сўйиши вожиб бўлмайди. Сўядиган бўлса нофила бўлади ва гўштидан ўзи ейиши мумкин. Фақирларга тарқатган гўшти садақа бўлади.

16. Фақирнинг қурбонликка олган моли ҳайитдан аввал туғадиган бўлса, бир қавл бўйича боласини ҳам онасини билан бирга сўйиши лозим. Бой кишининг қурбонликка олган моли ҳайитдан аввал туғадиган бўлса, боласини сўйиши лозим эмас.

17. Катта қорамолга вожиб, нофила, назр, ақиқа ва ўлганларга сўйиладиган қурбонлик учун шерик бўлиши мумкин.

Савол: Мол боқиш билан шуғулланадиган бой киши тижорат нияти билан сотиб олган молларини бир неча ой давомида боқиб, сутидан ва жунидан фойдаланганидан кейин ичидан бирини қурбон байрамида вожиб бўлган қурбон нияти билан сўйса бўладими?

Жавоб: Ҳа, бўлади. Бунинг зарари йўқ. Ҳеч бир мол онасидан қурбонлик бўлиб туғилмайди. Албатта сутидан ва жунидан фойдаланилади. Қурбонлик қилишга қарор қилинганидан кейин сути ва жунидан фойдаланмайди. Аввал оддий мол эди, қурбонликка сўйиш ният қилинганидан кейин қурбон молга қилинадиган муомала қилинади.

Савол: Бу йили қурбон моллари жуда қиммат бўлиб кетди. Унинг устига қурбонликка сўйиладиган мол ҳам тополмаяпмиз. Яқин бир шаҳарда қурбонлик мол борлигини билсак, бориб олишимиз керакми?

Жавоб: Қурбонлик мол нархи бозор нархидан жуда қиммат бўлиб кетса, қурбонлик мол сотиб олиш керак эмас. Бундай узр билан сўйилмаганда вожиб тарк этилган бўлмайди. Сўнгра нормал нархини олтинга айлантириб фақирга бериши ҳам шарт эмас. Ортиқча қиммат бўлмаса, яқин шаҳардан сотиб олиши мумкин.

Савол: Етти киши қурбон мол сифатида битта сигирни шерик бўлиб сотиб олган бўлса, молни сўйгандан кейин унинг рак эканлиги аниқланса ва гўшти истеъмол қилинмаса, бу қурбон саҳиҳ бўладими?

Жавоб: Саҳиҳ бўлади. Қурбонликда асос бўлган нарса қоннинг оқишидир. Қурбонлик сўйилгандан кейин гўштини еб бўлмаса ҳам аҳамияти йўқ.

Савол: Бузоқни қурбонлик қила олиш учун 2 ёшдан ошган бўлиши керакми?

Жавоб: Ҳа, 2 ёшга тўлган бўлиши лозим. Биладиганлар тишига қараб ёшини аниқлайди.

Савол: Бир бузоғимиз бор, 1,5 ёшда. Лекин 3 яшар ғунажиндай семиз. Қурбонликка сўйсак бўладими?

Жавоб: 1,5 ёшли мол қанчалик семиз бўлса ҳам, қурбонликка ярамайди. Лекин қўзи ундай эмас, 6 ойлик бир қўзининг жуссаси онасидек йирик бўлса, ундан қурбонлик бўлади.

Савол: Тирик ҳолида тарозида тортиб олиш жоиз эмаслигини билмасдан шу йўл билан сотиб олинган молни қурбонга сўйиш саҳиҳми?

Жавоб: Савдо ботил бўлса ҳам қурбон қилса бўлади. Яъни бу йўсинда сотиб олиш ҳаром бўлса ҳам олинган молнинг қурбонликка сўйилиши жоиз. Тириклигича тортиб “Бунга шунча пул берасан” дейилса, у ҳолда сотиб олиш ҳаром бўлмайди.

Савол: Ҳозир молбозорларда харидорга бир мол кўрсатилиб “Буни сўйгандан кейин тарозида тортамиз, килосига қараб нархини тўлайсиз” деб нарх белгилаш одатга айланди. Ёхуд сотувчи харидорнинг айтган нархига яқин бир молни ҳайит куни сўяди. Тарозида тортиб харидорга сотади. Ҳажда ва баъзи хайрия жамғармаларида, айтайлик, минг кишининг номидан минг дона мол сўйилади. Лекин қайси мол ким учун сўйилганлиги номаълум. Бундай сўйилган қурбонликлар саҳиҳ бўладими?

Жавоб: Ҳар уч йўсинда сўйилган қурбонликлардан ҳеч қайсиси саҳиҳ эмас, шунчаки гўшт бўлади. Ҳажда қассоб ҳар бир молни ким учун сўйишини билиш лозим. Молларни сўйиб қўйиб “Кел, қайси бирини истасанг, шуни ол” деса, қурбон саҳиҳ бўлмайди. Бир молни омонат олиб, уни сўйгандан кейин пулини бериш ҳам саҳиҳ эмас. Чунки омонат мол қурбон қилинмайди, сўйса ўтмайди. Қуйидагилардан бири бўлса, қурбон саҳиҳ бўлади:

1. Ҳажда қурбон учун қассобларга ваколат берилади. Сўйдирадиган киши ёхуд қассоб ҳар бир молни қайси ҳожи учун сўй(дирган)лигини билиши шарт. Қурбонлигини бир хайрия жамғармасига ҳадя қилган киши ҳам бу ишга вазифадор бўлган одамга “Аллоҳ розилиги учун ҳайит қурбонлигимни сўйишга, истаганингга сўйдиришга, гўштини ва терисини истаганингга беришга сени умумий вакил қилдим” дейиш лозим. Вазифадор одам сотиб оладиган қурбонлигига бир рақам ёхуд бир белги тақади. Сўядиган пайтда эгасининг исмини айтиб, қассобларни вакил қилади. Мана шу шаклда сўйилганда ҳаждаги ва жамғармадагилар саҳиҳ бўлади. Дуч келган бир молни сўйиб “Ваколат берганлардан бириники бўлсин” дейилса, саҳиҳ бўлмайди.

2. Сўйилгандан кейин гўшти тарозида тортиладиган бўлса, қурбонлар саҳиҳ бўлиши учун қурбонликни сўядиган киши молни сотадиган одамга юқоридагидек ваколат беради. Вакил бу одамнинг номига бир мол сўядиган бўлса, саҳиҳ бўлади. Гўштини тарозида тортиб қурбонлик учун шунча пул берасан дейиши ёки умуман пул олмаса ҳам қурбонлик саҳиҳ бўлади. Муҳими сўядиган кишига ваколат берилиши, сўйган кишининг ҳам унинг номидан сўйишидир.

3. Сотувчи “Буни олиб, қурбон қил, сўнгра гўштини тортиб, пулини оламиз” деса, қурбонлик саҳиҳ бўлмайди. Чунки бундай берилган мол омонат бўлади. Бу молни харидорга маълум бир нархга сотса ёки ҳадя қилса, у ҳолда қурбонлик қилса бўлади.