Нажосатнинг қанча миқдори намозга моне?
Савол: Нажосатдан таҳорат дегани нима?
Жавоб: Баданда, либосда ва намоз ўқийдиган жойда нажосат, ифлослик бўлмаслигидир. Бош кийим, рўмол, салла, маҳси ва наълин ҳам либосга киради. Бўйнига ўралган шарфнинг осилиб турган қисми намоз ўқиётган киши билан бирга ҳаракат қилгани учун у ҳам либосга киради ва тоза бўлмаса, намоз қабул бўлмайди.
Жойнамознинг оёқ босиб турган ва бошини қўядиган жойи тоза бўлса, бошқа жойида нажосат бўлса ҳам намоз қабул бўлади. Чунки жойнамоз либос каби бадан билан бирга ҳаракат қилмайди. Лекин оғзи бекитилган шиша идиш ичида идрор олиб юрган кишининг намози жоиз бўлмайди. Чунки шиша бавл (идрор)нинг ҳосил бўладиган жойи эмас. [Бундан маълум бўлмоқдаки, чўнтагида оғзи берк спиртли идиш ёки берк қутида қон теккан рўмолча, нажс мато билан намоз ўқиш жоиз эмас.]
Икки оёғи босиб турган ва сажда қиладиган жойи тоза бўлиши лозим. Нажосат устига тўшалган мато, ойна, клёнка устида ўқилган намоз қабул бўлади. Саждада этаклари қуруқ нажосатга тегса, зарари бўлмайди.
Терида, либосда, намоз ўқилган жойда (дирҳам миқдори) ёки ундан кўп оғир нажосат бўлмаса, намоз қабул бўлса ҳам, дирҳам миқдори бўлса, таҳриман макруҳ бўлади ва ювиш вожиб бўлади. Дирҳамдан кўп бўлса, ювиш фарз бўлади. Оз бўлса суннатдир. Шаробнинг томчисини ҳам ювиш фарз. Имомайнга [имоми Абу Юсуф ва имоми Муҳаммад] кўра ва бошқа уч мазҳабда оғир нажосатларнинг барчасининг заррасини ҳам ювиш фарздир. Моликий мазҳабида икки қавл бор: биринчи қавлда заррасини ҳам тозалаш фарз, иккинчи қавлда эса нажосатни тозалаш суннатдир. Нажосат миқдори теккан вақтида эмас, намоз ўқишдан олдинги вақтидаги миқдоридир.
Дирҳам имқдори қаттиқ нажосатларда бир мисқол, яъни 4 грамм ва 800 миллиграмдир. Суюқ нажосатларда очиқ кафтда турадиган сув кўлмаги ҳажмичалик ҳажмдир. Бир мисқолдан кам бўлган қаттиқ нажосат либоснинг кафт ичидан кенгроқ жойига тегса ҳам намозга моне бўлмайди.
Нажосат икки хил бўлади:
1. Оғир нажосат: Инсондан чиққанидан кейин таҳорат ёки ғусл олишга сабаб бўладиган ҳамма нарса, гўшти ейилмайдиган ҳайвонларнинг (кўршапалакдан бошқа) ва болаларининг шилинган, ошланмаган терилари, гўшти, тезаги ва идрори, инсоннинг ва бутун ҳайвонларнинг қони ва шароб, ўлакса, тўнғиз гўшти, уй паррандаси ва юк ҳайвонларининг, қўй, эчкиларнинг нажосатлари ғализ, яъни оғирдир.
2. Енгил нажосат: Енгил нажосатлардан бир аъзога ва либоснинг бир қисмига текканида бу қисм ёки аъзонинг тўртдан биридан кам бўлса, намозга зарар бермайди. Гўшти ейиладиган тўрт оёқли ҳайвонларнинг идрори ва гўшти ейилмайдиган қушларнинг тезаги енгилдир. Кабутар, чумчуқ ва шунга ўхшаган гўшти ейиладиган қушларнинг тезаги тозадир.
Шароб, дистилляция билан олинган вино ва спирт оғир нажосат бўлиб, уларни ичиш шароб каби ҳаромдир. Намоз ўқишдан аввал қон, спирт ва спиртли ичимликлар либосдан ва теридан ювилиб тозаланиши керак. Улар учиб кетиш билан тоза бўлмайди. Бу нарсалар бўлган идишлар чўнтакдан олиб қўйилиши лозим.
Савол: Бошқа ҳақ мазҳабларимизга кўра, нажосатнинг ҳукмлари қандай?
Жавоб: Нажосатнинг ками ҳам уч мазҳабда намозга монедир. Баданда, либосда ва намоз ўқийдиган жойда оз бўлса ҳам нажосат бўлмаслиги керак. Ҳанафий мазҳабида эса жуда оз бўлган нажосат билан намоз ўқиш макруҳ. Моликийнинг бир қавлида эса нажосат кўп бўлса ҳам намозга моне эмас.
Маний, мазий ва идрордан кейин чиқадиган вадий Ҳанафий ва Моликийда оғир нажосатдир. Шофеъийда фақат маний, Ханбалийда эса учтаси ҳам тозадир.
Савол: Суюқ нажосатларда кафтдаги сув ҳажми дейилганда кафтнинг ўртасидаги чуқурликдаги сув ҳажми тушуниладими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Устимизга ва кийимимизнинг турли жойларига суюқ нажосат сачраган бўлса, буларнинг йиғиндиси олинадими ёки бир жойга текканими?
Жавоб: Йиғиндиси асос қилиб олинади. (Саодати абадия)
Савол: Черковда, ҳаммомда ва нажс бўлиш эҳтимоли бўлган жойда намоз ўқиш жоизми?
Жавоб: Усти очиқ нажосатга ва қабрга қараб намоз ўқиш макруҳдир. Нажс бўлиш эҳтимоли бўлган жойларда, масалан, ҳаммом ичида ва черковда намоз ўқиш макруҳ бўлиб, ювиб тозалагандан кейин намоз ўқиш макруҳ бўлмайди. Бошқа жой топа олмаса, черковда ҳам ўқиш жоиздир. Намоз ўқиб бўлгандан кейин дарров у ердан чиқиб кетиши лозим. Чунки черковда шайтонлар тўпланади. Черковдаги куфр аломатлари чиқариб ташланса, намоз ўқиш макруҳ бўлмайди. (Радд ул мухтор)
Савол: Истинжо қилганимизда аъзоларнинг намлиги ич кийимларимизга тегади. Буларни тозалаш керакми? Шофеъий мазҳабида қандай?
Жавоб: Истинжода аъзолардаги намлик тозадир, намозга моне бўлмайди. Шофеъийда ҳам шундай. Ҳатто Шофеъий мазҳабида истинжодан кейин нажосат қолса ҳам авф этилади. Ҳолбуки Шофеъийда нажосатнинг оз миқдори ҳам намозга моне бўлгани ҳолда истинжодан кейин қолиб кетган нажосат авф этилган.
Истинжодан кейин аъзоларни қуритиш мустаҳабдир. Мато ёки ҳожатхона қоғози бўлмаса қўл билан қуритилади. Қуритилмаса ҳам зарари йўқ.
Савол: Маний теккан кийим билан намоз ўқиса бўладими?
Жавоб: Озгина теккан бўлса зарари йўқ. Қуриб қолганидан кейин ишқалаб кўчириб ташласа, яна зарари бўлмайди.
Савол: Ханбалийда нажосатнинг ҳукми Шофеъийдаги билан бирдекми?
Жавоб: Ҳа, Шофеъий мазҳабидек. Озгина нажосат билан ҳам намоз саҳиҳ бўлмайди. Моликийда эса кўп бўлса ҳам авф этилади. Нажосатни тозалашда қийинчилик бўладиган бўлса, Моликий мазҳаби тақлид этилади.
Савол: Геморрой сабабли Моликий мазҳабини тақлид қилган киши қон оқаётганда ёки кийимига кўп қон теккан бўлса, бу ҳолича намоз ўқиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, чунки тозалаш қийин.
Савол: Ҳожатхонада бизнинг хабаримиз бўлмасдан устимизга сийдик сачраса, олган таҳоратимиз ўтадими?
Жавоб: Идрорнинг таҳоратга зарари йўқ. Кўп бўлса, намозга зарарли бўлади. моликий мазҳаби тақлид қилинганда кўп идрор сачраган бўлса ҳам намозга моне бўлмайди.
Савол: Намозда идрор, қон теккан кийим кийиш жоиз бўлмаганидек, намоздан бошқа вақтларда ҳам кийиш жоиз эмасми?
Жавоб: Намоздан бошқа вақтларда ҳам заруратсиз нажс, яъни ифлос кийимлар кийиш макруҳдир.
Савол: Таркибида спирт бўлган ёғли бўёқ билан деворларни бўяш жоизми? Бу двеорга қараб намоз ўқиса бўладими?
Жавоб: Жоиз, намоз ўқиса бўлади. Нажосатга қараб намоз ўқилмайди, лекин нажосат теккан бир нарсага қараб ўқиш жоиз.
Савол: Намоз ўқий олиш учун оғир нажосатнинг қанчасини ювиш фарз?
Жавоб: Терида, либосда, намоз ўқиладиган жойда дирҳам миқдори [4.8 грамм] қаттиқ нажосат бўлса, таҳриман макруҳ бўлади ва буни ювиш вожиб бўлади. суюқ нажосатларда эса бу миқдор кафтдаги сув ҳажми билан тенг. Суюқ нажосат бундан ортиқ бўлса ва қаттиқ нажосат ҳам бир дирҳамдан кўп бўлса, ювиш фарз бўлади. шаробнинг эса бир томчисини ҳам ювиш фарз. Қаттиқ нажосат дирҳамдан кам бўлса, ювиш суннат.