Бир жамиятда яхши раҳбарлар бўлса...
“Сизларни бошқарадиган амирлар хайрли ва яхши бўлса, бойларингиз ҳам сахий бўлса, ишларингизни бир-бирингиз билан маслаҳатлашиб бажараётган бўлсангиз, ер усти сиз учун ер тагидан ҳам хайрлидир.”
Севимли Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Асҳоби киром билан ўтирганларида улардан сўрайдилар: “Мен ҳозир орангиздаман. Барчамиз бирга аср-и саодатда яшамоқдамиз. Рисолат (пайғамбарлик) вазифам ниҳоясига етгач, дунёда бошқа ишим қолмайди, орангиздан кетаман... Мендан кейин сизларга ернинг ости хайрлими ёки ернинг устими?”
Асҳоби киром “Аллоҳ ва Расули яхшироқ билади” деб жавоб беришди. Севимли Пайғамбаримиз саволларига ўзлари жавоб бериб: “Сизларнинг бошингиздаги амирларингиз хайрли ва яхшиларингиздан бўлса, бойларингиз ҳам сахий бўлса ва ишларингизни бир-бирингиз билан маслаҳатлашиб бажарадиган бўлсангизлар ернинг усти сизлар учун унинг тагидан ҳам хайрли бўлади” деб марҳамат қилдилар.
Бу уч фазилат бир жойга жамланса, ҳамма ҳузур ичида яшайди, дунё ва охират саодатига эришади.
Хайрли раҳбарлар адолат билан иш юритади, ҳеч ким ҳеч кимга зулм қилмайди. Хайрли раҳбарлар халқ тарафидан ҳам қаттиқ ҳурмат қилинади. Қиёмат кунида ҳамма қўрқув ва ваҳимада бўлганида улар Раббимизнинг раҳмат сояси остида бўладилар. Бу ҳадиси шариф орқали хабар берилган.
Бир жойда бойларнинг сахий бўлиши бу жамият учун катта неъматдир. Бутун инсонлар масъуд бўлади. Бойлар билан фақирлар орасида ўзаро ҳурмат-иззат пайдо бўлади, ҳаёт шартлари жиҳатидан ҳам кўп тафовут бўлмайди.
Маслаҳатлашиб қилинган ишларда пушаймонлик жуда ҳам кам бўлади. Ёлғиз бир кишининг қарори билан қилинган ишлардан кутилган натижани олиб бўлмайди. Уйдаги гап кўчадагига тўғри келмаслиги мумкин... Шунинг учун бутун ишларимизни аввал маслаҳатлашиб кейин ишлашимиз керак. Бу билан суннат-и санияга амал қилган ва билмаган кўп нарсаларни ҳам ўрганган бўламиз...
Ҳадиси шариф давом этади:
“Агар амирларингиз, бошчиларингиз золимлардан бўлса, бойларингиз хасис бўлса ҳамда аёллар сизга амр ва кўрсатма бераётган бўлса, бу фалокатдир.”
Золим амирлар, ҳокимлар бўлган мамлакатда ҳақ-ҳуқуқ деган нарса бўлмайди, кучлилар доимо заифларни эзади. Бундай жойларда яшаш жуда ғам-ташвишли бўлади.
Хасис бойларнинг эса на ўзига, на халққа фойдаси бўлади. Бутун ҳаётлари ташвиш ичида ўтади. Минг бир машаққат билан пул топишади. Кейин буларни муҳофаза қилиш учун умр бўйи не-не ташвишлар тортиб қоровуллик қилишади. Ўлаётганида эса, ҳасрат билан ўлади.
Аёллар эса, бизга Аллоҳу таолонинг омонатидир. Солиҳа аёл мўминлар учун саодат ва жаннат неъматларидан биридир. Фарзандларимизни дунёга келтириб, улғайтириб, бизларга хайрли авлод қилиб тарбиялашлари кифоя. Уй ишларини ҳам бизга ташлаб қўймай, ҳузур ичида яшашимизга сабаб бўлишмоқда. Шу хизматларнинг ўзи уларга етиб-ортади...
Ернинг усти барчамизга хайрли бўлишига ғайрат ва дуо қилишимиз лозим...