Никоҳ қура оладиганлар билан кўришиш ва хилватда бирга қолиш
Савол: Хилватда қолиш сўзи қандай маънода айтилади?
Жавоб: Бу ерда хилват сўзи бир эркак кишининг бегона аёл билан бирга бир хонада, бир уйда, бир жойда ёлғиз қолишига айтилади. Бу эса ҳаромдир.
Савол: Йигирма ёшга етиб қолган, ақл-ҳуши соғлом бўлмаган, аёл-эркак муносабатларини билмайдиган, гапиролмайдиган ҳеч кимга зиёнсиз иккита мажрух фарзандим бор. Бири ўғил, бири қиз. Буларнинг аёл ва эркаклар орасидаги ҳукмлари қандай бўлади? Қўшни аёллар ўғлимнинг олдида бошлари очиқ ҳолда ўтира олишадими? Булар билан ёлғиз қолгудек бўлса хилватда қолган ҳукмида бўладими?
Жавоб: Қизингиз аёл ва эркаклар билан қандай муносабатда бўлишни билмаса ҳам натижада барибир аёлдир. Унга шаҳват билан қараш ёки у билан ёлғиз қолиш бегона эркаклар учун ҳаром бўлади. Очиқ-сочиқ юргани учун гуноҳ ёзилмаса ҳам, унга қарашнинг ўзи гуноҳ бўлганлиги боис имконият борича аврат жойларини бекиттиришга ҳаракат қилмоқ лозим! Ўғлингизнинг олдида бегона аёлларнинг очиқ ҳолда кўринишлари ҳам ҳаром бўлади.
Савол: Солиҳлигига ишониб бўлмайдиган тоғам бор. 8 ёшли ўғлим ва 10 ёшли қизим бор. Ёнимга ўғлимни олиб ёки қизимни ҳам олиб тоғам билан биргаликда олис бир шаҳарга йўлга чиқа оламанми? Ёки қизимни тоғам билан қўшиб юбора оламанми?
Жавоб: Ўзингиз ўғлингизни олиб тоғангиз билан кетолмаганингиздек, қизингиз ҳам тоғангиз билан боролмайди.
Мусулмон аёл динсиз ёки ишониб бўлмайдиган маҳрамлари билан ҳамда балоғат ёшига етмаган маҳрами билан сафарга чиқолмайди. Балоғат ёшига тўлмай, қомати етилган ёш қизлар ҳам болиғ аёл кабидир. Яъни ёнида маҳрамисиз сафарга чиқилмайди. (Ҳадиқа)
Савол: Бичилган эркак билан, шол ва телба (руҳий хаста) киши билан ҳам танҳо қолиш хилват ҳукмига ўтадими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: 20 ёшга тўлиб, лекин иҳтилом бўлмаган соқов, ақл-ҳуши соғлом бўлмаган одам билан қолса ҳам хилват ҳукмида бўладими?
Жавоб: Ҳа, хилват ҳукмида бўлади.
Савол: Шаҳар автобусида, дўконларда ҳам хилват ҳукмида бўладими?
Жавоб: Йўқ.
Савол: Бирдан ортиқ солиҳ одамлар орасида қолиш хилват ҳукмидами?
Жавоб: Хилват ҳукмида бўлмайди.
Савол: Шифокорга кўринганда, хонада иккаламиздан бошқа ҳеч ким бўлмаса, ташқаридан ҳеч нарса кўринмайдиган, ёпиқ хона бўлса хилват ҳукмида бўладими?
Жавоб: Ҳа бўлади.
Савол: Шифохонанинг хусусий хонасида ёлғиз ётган аёлнинг ҳузурига эркак шифокор кирса хилватда қолган бўладими?
Жавоб: Хасталик зарурат бўлганлиги учун беморга гуноҳ бўлмайди.
Савол: Касалхонада ёнимда ётган киши хушини билмайди. Унинг ёнида боқувчи бўлиб аёли қолади. Аёли мен билан хилватда қолган бўладими?
Жавоб: Рафиқангизни касалхонага олиб келишнинг ёки бошқа ёлғиз ётадиган хонага кўчиб ўтишнинг имконияти бўлмаса, бу ҳол зарурат бўлиб, шу хонада қолишингиз жоиз бўлади.
Савол: 10 ёшли ўғлим ёнимда бўлса, поччам билан бир хонада ўтирсак, хилват бўладими? Гуноҳ бўладими?
Жавоб: Ҳа гуноҳ бўлади. Чунки 10 ёшдаги бола хилватга монелик қилолмайди.
Савол: Бегона эркак билан бегона аёл охиратлик дўст бўла оладими? Қўшни аёлимиз бегона бир киши билан охиратлик дўст бўлибди экан. Биргаликда еб ичадилар, бир хонада қоладилар. «Номаҳрамлик шартлари бизнинг орамиздан кўтарилгани учун бир жойда танҳо қолишимиз бизга гуноҳ бўлмайди» дейди. Бунга динимизда рухсат этилганми?
Жавоб: Эркак киши билан бегона аёл “Охиратлик дўст” бўлса ҳам бирга ёлғиз қололмайди. У аёл бегоналигича, яъни номаҳрамлигича қолаверади. Унга бемалол уйланса ҳам бўлади. «Номаҳрамлик шартлари бизнинг орамиздан кўтарилади» сўзи, динсизларнинг ояти карималарга ва ҳадиси шарифларга нотўғри маъно бериб диндан айрилганларнинг, зиндиқларнинг сохта гапларидан келиб чиққан. Бегона аёл ҳеч қачон бир эркак учун ҳалол бўлолмайди. Бир хонада бирга қолишлари ҳаром бўлади.
Динимизда билдирилган маълум ҳаромлар, маълум ҳалоллар бор. Ҳеч ким ҳалолни ҳаромга, ҳаромни ҳалолга ўзгартира олмайди. Ҳаромни ҳалол деган киши кофир бўлади. Исломиятда дин дўстлиги бор. Дин дўсти(аёл)га уйланиш мумкин. Охиратлик дўст бўлиш ҳам дин дўстлиги бўлиб ҳисобланади. Хоҳлаган одам охиратлик дўсти(аёл)га уйланиши мумкин. (Ҳадиқа)
Савол: Бир қиз билан иккаламиз бир биримизнинг қонимизни яладик. Энди қондошим бўлган у қизга уйлана оламанми? Қон бериш орқали ҳам қариндошлик, қондошлик бўлиши мумкинми?
Жавоб: Қон ялаш, қон ичиш ҳаром бўлади. Ҳатто гўшти ейиладиган қўй, сигир каби ҳайвонларнинг қонини ичиш ҳаром бўлади. Бир кишининг қонини ялаш ёки унга қон бериш орқали қариндош бўлиб қолмайди. Яъни қонини яласа ҳам қон берса ҳам турмуш қуришига тўсқинлик бўлмайди.
Савол: Отам келинойимнинг ёнида қол деб буюради. Қолмасанг рози эмасман, ҳаққимни ҳалол қилмайман дейди. Нима қилишим керак?
Жавоб: Янга билан ўтиришга умуман бўлмайди. Бу ерда отанинг ҳақсиз баддуоси ўтмайди.
Савол: Ота-она ва динсиз ақраболарга амри маъруф қилиш нияти билан боришга, кўришишга бўладими?
Жавоб: Шу ният билан борса жоиз бўлади, бундай ниятсиз бориш жоиз эмас.
Савол: Динга уйғун бўлмаган номаҳрам қариндошларимни зиёрат қилсам гуноҳ бўладими?
Жавоб: Динимиз билдирган шу уч нарсани унутмаслигимиз керак: Гуноҳ ишлаш орқали фарз бажарилмайди. Фарз билан ҳаром иккаласи бир келиб қолганда фарз кечиктирилади. Масалан аёлларнинг ҳажга бориши фарз, лекин ёнида маҳрам ақрабоси бўлмай, бошқа аёллар билан бориши ҳаром бўлади. Бундай ҳолдаги аёл ҳатто ҳажга ҳам боролмайди. Ҳаром ишланадиган бўлса, у қариндошингизнинг уйига бормаганингиз маъқул. Амаки, тоға каби маҳрам қариндошларингизни байрамларда телефон орқали табриклаб қўйишингиз кифоя бўлади.
Савол: Аёлим бегона эркаклар билан жуда хушмуомала бўлади. Мен унга сал жиддийроқ гаплаш дейман. У эса менинг ҳеч қандай ёмон ниятим йўқку, дейди. Яхши ният билан бегоналарга хуш муомала қилиш динимизда жоизми?
Жавоб: “Том Илмиҳол” китобида қуйидагича изоҳ берилган:
Аллоҳу таоло Қуръони каримда аёлларнинг, қизларнинг бегона эркаклар қаршисида юмшоқ, нозик овозлар билан гапиришларини, шу тариқа бузуқ одамларнинг қалбларида ёмонлик уйғотишларини тақиқламоқда, одамларнинг қалбларига бузуқлик уйғотмайдиган шаклда гапиришларини талаб қилмоқда. Аёлларнинг бегона эркакларга безанган ҳолда кўринишни қатъиян тақиқламоқда. Билагузукларининг товуши эшитилиб қолмаслиги учун секин ва оёқ товушларини сездирмай юришларини буюрмоқда. Яъни гуноҳга сабаб бўладиган ҳар бир нарса, ҳар бир ҳатти-ҳаракат гуноҳ бўлади. Шундай экан гуноҳга, ҳаромга сабаб бўладиган ва бўлиши мумкин бўлган ҳар бир нарсадан сақланиш керак.
Савол: Яхши ният қилиб бир аёл билан шаҳватланмаган ҳолда гаплашиш, масалан дин илмларини ўргатиш жоизми?
Жавоб: Йўқ, жоиз эмас.
Савол: Мен жудаям яхши кўрадиган христиан келинойим бор. Христиан дўстларим ҳам бор. Келинойимга мусулмонликни тушинтирдик, лекин қабул қилишни истамади. Бошқа дўстларим ҳам мусулмон бўлишни истамаса, улар билан ҳам келинойим билан ҳам анчадан давом эттириб келаётган мукаммал дўстлигимизни узишим керак бўладими?
Жавоб: Дўст бўлиш бошқа, улар билан оғайничилик, биродарлик қилиш бошқа. Уларнинг динини ёқтириш хатоликдир. Лекин бир христиан қизни севиб қолиб, унга уйланиш жоиз бўлади. Ўзини севиш бошқа, динини ёқтириш бошқа нарса. Ояти каримада назарда тутилган маъно, уларнинг динларини севиб қолиш ҳақида билдирилган. Оддий дўстлик, уларнинг динини севиб қолишга сабаб бўлиши ҳам мумкин. Шу боис ҳушёр бўлиб, баъзи нарсаларда диққатли бўлиш керак. Масалан христианларнинг байрамларини қутлаш, уларни табриклаш жоиз эмас.
Савол: Исломиятни ўрганишни истаётган бир аёлга бегона эркак киши қандай ёрдам бера олиши мумкин?
Жавоб: Фақат китоб бериши ёки биров орқали юбориши мумкин.
Савол: Мусулмон аёл кофир аёл билан қўл сиқишиб кўришиши жоиз бўладими?
Жавоб: Бир зарурат бўлмаса жоиз эмас. Мажбур бўлган ҳолда Ханбалий мазҳаби тақлид қилинади.
Савол: Ҳадиси шарифда аёл кишининг уйидан бошқа жойларда боши очиқ юриши гуноҳ эканлиги билдирилган. Яъни бу ерда номаҳрамларнинг олдида юришни назарда тутмоқдами?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Йигит уйланадиган қизи билан яқиндан танишиш учун гаплашса ҳаром бўладими?
Жавоб: Уйланиш учун қизни кўришга борганда, қизга қараш ва гаплашиш суннат бўлади, гуноҳ бўлмайди.
Савол: Қиз сўраб, кўргани борган отам ҳам қизга қараши жоиз бўладими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Уйланиш учун кўргани борганда қизнинг қаерларига қарашга изн берилган?
Жавоб: Фақат юзига қаралади.
Савол: Никоҳдан олдин фақат йигитнинг ўзи қизни кўриши кифоя қиладими?
Жавоб: Иккаласи ҳам бир-бирини кўришлари суннатдир.
Савол: Уйланадиган қизни иккинчи марта кўрса жоиз бўладими?
Жавоб: Учинчи марта кўриш ҳам жоиз.
Савол: Бир аёл киши шайхининг қўлини ўпишига рухсат борми?
Жавоб: Жаноби Пайғамбаримиз бегона аёлларга қўлларини ўптирмаганлар. Хотин-қизларнинг шайх, устоз, пир каби бегона эркакларнинг қўлларини ўпишларига бўлмайди. Ҳозирги замоннинг ҳар қандай шайхидан йироқ юрган маъқул.
Савол: Университетда ўқиймиз. Мен ҳам, йигит ўртоғим ҳам намоз ўқиймиз. Иккаламиз ҳам ҳаромлардан қочиб, тийилиб юрамиз. Иккаламизда ҳам ҳеч қандай ёмон ният йўқ. Иккаламиз бир уйда, бир хонада дарсларга таёрлаймиз. Бир ўртоғимиз, бегона эркак билан аёлнинг бир хонада қолишлари хилват бўлади, бу эса, ҳаром- деди. Биз фақат кундузлари биргамиз, кечалари бўлакмиз. Кундузи бирга бўлишимиз ҳақиқатданам хилват бўлиб ҳисобланадими?
Жавоб: Сизнинг айтаётганингиз динимизга зид бўлганидек сизларнинг табиатларингизга ҳам зид бўлади. Сиз нечоғлик номусли бўлишингиздан қатъий назар, бегона эркак билан аёл бир хонада хилват жойда, бирга қололмайди. Иккаласи бир хонада қолишлари ҳаром бўлади. Шайтон уларни тинч қўймайди. Иккита ҳадиси шарифнинг маъноси қуйидагича:
“Бир эркак билан бир аёл ёлғиз қолганда ораларига шайтон киради.” (Табароний)
“Бир эркак билан бир аёл хилватда ёлғиз қолишса, уларнинг учинчилари шайтон бўлади.” (Термизий)
Эркак билан аёл бир-бирига зид бўлган мавжудотлардир. Ўт билан порохга ўхшайди. Қанчалар маъсум, қанчалар бегуноҳ бўлишса бўлишсин, олов порохга яқинлашса отилади, ёнади. Улар ўт билан сувга ҳам ўхшашади. Ўт сув ичига тушганда ўчади. Улар оч бўри билан қўзига ҳам ўхшашади. Бўри яхши ўтлоқлар бор дея қўзини ўрмонга чорлайди. Кейин қўзининг жонини олади. Атеистлар ва бошқа дин душманлари, “Ёмон ниятлари бўлмаса, бир хонада қолишса нима бўпти” дейишлари мумкин албатта. Яъни улар учун бу оддий нарса. Лекин бир мусулмон қиз учун, бир мусулмон эркак учун булар оддий нарсалар эмас, яъни динимиз билдирган амрларнинг терсидир. Динимиз тақиқлаган бир ишни, бизнинг ниятимиз яхши деб ишлаш тўғри бўлмайди. Ҳаром бўлган бир иш яхши ният билан қилинса, ҳалол бўлиб қолмайди. Ичкилик ичадиганлар, зино қиладиганлар ёки ҳар турли ҳаромларга қўл урадиганлар ҳам мен яхши ният билан қиляпман дея олади. Бунақа яхши ният инсонни қутқара олмайди. Ҳадиси шарифда“Жаҳаннам яхши ниятлилар билан тўла” деб марҳамат қилинган.
Бир одам яхши ният билан қилган ҳаром ишларини одат қилади, кейин бу ишларини динимизнинг амри деб тушунади. Ҳазрати Умар «Динингизни тўғри ўрганиб, ўрганганингизга уйғун равишда яшанг. Йўқса ёмон одатларингизни дин дея тушиниб қоласиз» деганлар. Қуйида холис ва яхши ниятга боғлиқ бир мисол келтирилган:
Синган дарахт орасига оёғи қисилиб қолган айиқни бир одам қутқаради. У одам ухлаб ётганида айиқ ҳам бир яхшилигим бўлсин дея юзига қўнган пашшаларни ўлдиришни истайди. Харсанг тошни олиб одамнинг юзидаги пашшаларни уради. Ҳа, айиқ яхши ният билан пашшаларни ўлдирди, лекин у одамнинг бошини ҳам эзиб юборди. Демак хаёлга келган ҳар нарсани яхши ният билан қилиш инсонни қутқаролмайди, илм ҳам керак. Айиқнинг илми бўлганда эди, пашшани урган тош, одамни ҳам ўлдириши мумкинлигини билар эди. Демак бегона аёл билан эркак ёлғиз қолишганида, бунинг гуноҳ ва зарар эканлигини билишса, албатта,хилватда қолишдан, ёлғиз қолишдан, никоҳсиз кўришишдан йироқ бўлишади.
Савол: Аёл киши гуноҳ бўлади деб эркак докторнинг ҳузурига бормай, хасталиги кучайиб ўлса гуноҳ қилган бўладими?
Жавоб: У ҳақда китобларимизда кўплаган ҳукмлар билдирилган:
"Доридан фойдаланмай ўлган кишига гуноҳ ёзилмайди. Чунки дорининг фойда бериши муқаррар эмас". (Радд-ул-мухтор)
"Емай, ичмай очликдан, ташналикдан ўлган киши гуноҳ қилган бўлади. Ҳолбуки дори ичмай ўлган кишига гуноҳ ёзилмайди. Лекин фойдаси тегиши аниқ бўлган дорилардан фойдаланиш эса фарз бўлади." (С.Абадия)
"Натижаси аниқ бўлган сабаблардан фойдаланмоқ лозим. Сабабларга мурожаат қилишнинг имкони бўлса ҳам фойдаланмай зарар кўриш гуноҳ бўлади". (Ҳадиқа)
Аёл доктор топилмай, касаллик таҳликали ёки ўта оғир бўлган тақдирда “Зарурат ҳаромларни мубоҳга айлантиради” ҳукмига амал қилган ҳолда, эркак гинекологга боришга бўлади.
Савол: Бир-бирига бегона бўлган кекса эркак киши билан кекса аёлнинг биргаликда йўлга чиқишлари ва бир уйда бирга қолишлари гуноҳ бўладими?
Жавоб: Бегона аёл билан бир жойда ёлғиз қолишни динимизда хилват деб атайди. Бу эса ҳаром бўлади. Лекин қари аёл билан мусофаҳа (қўл олиб кўришиш) қилиш жоиз бўлади. (С.Абадия)
Кексайиб қолган кампир билан бирга қари эр киши сафарга чиқишса ва бир жойда қолишса ҳам жоиз бўлади. (Ашбоҳ)
Савол: Иш билан ёки таъмирлаш ишларини қилиш учун борган уйда уй бекаси ёлғиз бўлса хилватда қолган бўламизми?
Жавоб: Уй бекаси бошқа хонада бўлса ёки ишингизни қилиш учун икки киши бўлиб борсангиз хилват бўлмайди.
Савол: Яқин қариндошимизнинг ўғли менга номаҳрам бўлса ҳам доим майл почта орқали бемаъни, ноўрин нарсалар ёзиб, ўзини ҳам мени ҳам гуноҳга қолдиради. “Амаки, тоға, хола-ю аммаларнинг ўғиллари билан учрашиш, кўришиш гуноҳ эмас” дейди. Ростданам шунақами?
Жавоб: Никоҳи ўтадиганлар қанчалик яқин ақрабо бўлишидан қатъий назар бегона ҳукмида бўлади. Опасининг эри, яъни почча ҳам, болдиз ҳам бегоналардир. Бегоналар билан чақ-чақлашиб ҳазиллашиш ёки ёлғиз қолиш жоиз эмас.
Савол: Лифтда ҳам хилват бўладими? Яъни бегона эркак билан бегона аёл лифтга бирга киришлари гуноҳми?
Жавоб: Бунинг ҳукми лифтнинг тузилишига қараб фарқли бўлади. Масалан ичи кўринадиган лифтда хилватда қолган бўлмайди. Ичи кўринмайдиган лифтларда, қаватларнинг биридан яна бировнинг кириши эҳтимоли бор бўлса ёки лифтга камера қўйилган бўлса, хилват бўлмайди. Икки ва ундан ортиқ эркак бўлса ҳам хилват бўлмайди. Агар лифт ташқаридан бошқарилмайдиган бўлса, фақат ичидан бошқариладиган бўлса ва бундай лифтда бегона эркак билан аёлнинг бирга бўлиши гуноҳ бўлади.
Савол: Келинойим ёки болдизим билан бир хонада ёлғиз қолишимнинг динимизга қарши жойи борми?
Жавоб: Келинойингиз ва болдизингиз сизга номаҳрам бўлади. Бир ҳадиси шарифнинг маъноси қуйидагича:
“Эркак киши номаҳрам аёл билан зинҳор ёлғиз қолмасин! Агар қолгудек бўлса учинчилари албатта шайтон бўлади.”(Термизий, Табароний)
Учинчилари шайтон бўлгач, иккаласига ҳам васваса беради ва гуноҳга қўл уришларига йўл ҳозирлайди. Булар ақрабоку деб қараб ўтирмайди. Шунинг учун уларнинг бир хонада қолишлари жудаям таҳликалидир. Жаноби Пайғамбаримиз “Бегона аёл билан ёлғиз қолишдан эҳтиёт бўлинг!” деб марҳамат қилганларида, у ердагилар “Бир аёлга қайни, поччаси бўлган ақраболари билан ёлғиз қолиш ҳам динга мувофиқ эмасми?” деб сўрадилар. Жаноби Пайғамбаримиз “Қайнисининг хавфи кўпроқ, худди ўлим кабидир” деб марҳамат қилдилар. (Бухорий, Муслим)
Поччанинг таҳликаси ҳам худди қайнуканинг таҳликаси кабидир. Хотинини ташлаб, болдизига уйланганларни эшитганмиз, кўрганмиз. Шундай ҳодисалардан “Э йўқ, бе йўқ, поччам мени нега ўпди” деган сўз машҳур бўлган. Аввал байрам деб чакасидан ўпади, кейингиси ўзингизга маълум...
Савол: Ёш йигит кекса аёлнинг қўлини, ёш қиз пиру-фоний бир чолнинг қўлини ўпишнинг динимизга зид жойи борми?
Жавоб: Кампир-чолларда шаҳват таъсири уйғонмаса ҳам, ёшларда балки уйғониши мумкин. Кексалар мажбур бўлмагунча қўлларини ўптирмаганлари маъқул, ёшларнинг гуноҳ қилишига сабабчи бўлиб қолмаслик керак. Ёшлар ҳам мажбур бўлмагунича кексаларнинг қўлларини ўпмагани яхши.
Чоллар кампирлар билан қўл олишиб кўришса, бир хонада ёлғиз иккаласи қолса, бирга сафарга чиқса бўлади. Лекин бир эҳтиёж бўлмагунича буларни ҳам қилмаганлари маъқул.
Савол: “Саодати Абадия” китобининг Сатри аврат мавзусидаги баҳсда “Хилват, тарафайнга кўра ҳаромдир” дейилган. Бу фақат "тарафайн наздида" деган маънога келади. Демак олимлар орасида бунга "ҳаром эмас" деганлар ҳам бор деб тушунсак бўладими?
Жавоб: "Тарафайн" ибораси, имоми Аъзам билан имоми Муҳаммад иккаласи биргаликда айтилганда қўлланилади. "Хилват" имоми Абу Юсуф наздида макруҳдир. Зарурат бўлганда шу фатводан фойдаланилади. Масжидда, ёки ичи ташқаридан бемалол кўринадиган жойларда, транспортларда, дўконларда, ҳар ким берухсат кира оладиган маконларда, ичидан қулфланмаган расмий мажлисларда бегона эркак ва аёлларнинг бирга қолишлари хилват бўлмайди. Битта уйнинг икки хонаси, бир макон ва хона бўлиб саналмайди. Яъни бир уйда бегона эркак билан бегона аёл бўлак хоналарда ўтирса, уйда улардан бошқа ҳеч ким бўлмаса ҳам хилватда қолган бўлишмайди.