Озгина спиртга фатво бериш
Савол: Баъзи газеталарда қуйидагича фатво чоп этилди: “Таркибида маст қилмайдиган даражада спирт бўлган ичимликларни ичиш жоиз, маст қиладиган даражада спирт бўлган ичимликларни ичиш эса ҳаром. Маст қилмагани учун кефир ичиш жоиз.” У ҳолда бир-икки стакан пиво ҳам одамни маст қилмайди. Шунда пиво ичиш ҳам жоиз бўладими?
Жавоб: Одам ҳар эшитган нарсасига ишонавермаслиги керак. Юқоридаги гапларни илм одами бўлган киши айтмайди. Чунки дин китобларида билдирилган ҳадиси шарифлар бўйича спиртнинг томчиси ҳам ҳаромдир. Бундан ташқари, кўпи маст қиладиган ичимликларнинг озгинаси ҳам ҳаромдир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Кўпи маст қиладиган нарсанинг озини ичиш ҳам ҳаромдир.” (Насоий, Термизий)
“Бижғиб спиртга айланган ҳар қандай ичимликни ичиш ҳаром.” (Абу Довуд)
“Шундай замонлар келадики, спиртли ичкиликларнинг номи ўзгартирилади ва ҳалол деб ҳисобланади.” (И.Аҳмад)
Бу ҳадиси шарифларнинг фиқҳ китобларида қандай шарҳланганлигига назар соламиз:
Асал, анжир, арпа, буғдой, жўҳори, ўрик, олча, олма ва шу каби мевалардан бири совуқ сувда маълум вақт ушланса, иситилмаса ҳам спирт ҳосил қилиб, пиводай суюқликка айланади. Пиво таъми аччиқ ва тахир бўлгани (спирт сабабли) учун ози ҳам, кўпи ҳам нима мақсадда ичилса-да, имоми Муҳаммад наздида ҳаромдир ва фатво ҳам шу қавл бўйича берилган. Бошқа уч мазҳабда ҳам ҳаромдир. Чунки Пайғамбаримиз “Кўпи маст қиладиган ичкиликнинг озгинасини ҳам ичиш ҳаромдир” деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадиси шариф барчасининг ҳаром эканлигини билдиряпти. Таркиби ва тайёрланишининг бирдай эканлигини билдирмаяпти. Чунки Муҳаммад алайҳиссалом моддаларнинг ҳақиқатларини, фан билимларини ўргатиш учун эмас, уларнинг ҳукмларини билдириш учун юборилган. Бия, сигир сути ачиб, таъми тахир бўлса, пивога ўхшаб ҳаром бўлади. Бия сутидан тайёрланганга қимиз, сигир сутидан тайёрланганга кефир дейилади. (Саодати абадия)
Кефир худди пиво кабидир, заруратсиз ичилмайди. Бугунги кунда кефирнинг ўрнини боса оладиган дорилар бор. Агар солиҳ мусулмон доктор “Кефир мана шу хасталикка яхши. Бу хасталик учун мубоҳ бўлган бошқа дори йўқ” деса, шу вақтда кефир истеъмол қилиш жоиз бўлади.
Баъзи жоҳиллар “Апельсин ва бошқа мевалар таркибидаги спирт миқдори кефирдагидан кўпроқ” дейишиб кефир ичишни жоиз кўришади. Динимиз таркибида спирт бўлса ҳам мева ейишни ҳаром қилмаган.
Нақлни ташлаб, ўз калта ақлларини ўлчов қилиб олгач, юқоридаги мантиқ билан қимор ўйинига ҳам ҳалол деб фатво беришлари мумкин. “Кичик бир бўлак чўчқа ёғини ейишнинг ҳам зарари йўқ” деб фатво беришлари мумкин. Динда гуноҳга ботмаслик учун ақлни эмас, нақлни асос қилиб олиш керак.