Ғайримуслимларнинг овқатларини ейиш
Савол: Христиан аёллар пиширган овқатларидан бизга ҳам келтирадилар. Биз бу овқатлардан еймиз. Баъзи кишилар ғайримуслимларнинг нопок эканликларини, улар берган ҳадяларни олиш жоиз эмаслигини айтишмоқда. Бу тўғрими?
Жавоб: Ғайримуслимларнинг овқатларини ейиш, берган ҳадяларини олиб ишлатишнинг ҳеч зарари йўқ. Ислом олимларининг энг улуғларидан бўлган имоми Раббоний ҳазратлари айтадики: “Тавба сураси 28-ояти каримасида “Мушриклар албатта нопок кимсалардир” деб буюрилган. Ҳанафий олимлари бу оятни, Аллоҳу таолонинг “Мушриклар нопокдир” деб буюришини “Мушрикларнинг қалбларининг, эътиқодларининг нопок бўлгани учун” деб шарҳлаганлар. Ғайримуслимлар тозаликка риоя қилишса, баданларига нопок дейилмайди. Чунки муҳтарам пайғамбаримиз бир яҳудийнинг уйида овқатландилар, бир мушрикнинг обдастаси билан таҳорат олдилар. Мушрикларнинг баданлари ҳам нопок бўлганида эди, имон келтирганларида пок бўлиб қолмасди. Шундай экан уларга нопок дейилишидан мақсад қалбларининг нопок эканлигини билдириш учундир. Имон келтирганида қалбларидаги ушбу нопоклик кетиб, пок ҳолга келади. Эътиқодларининг, қалбларининг нопок бўлиши баданларининг ҳам нопок бўлишини тақозо қилмайди.
Қуръони каримда маолан буюриладики: “Аҳли китобнинг (яҳудий ва христианларнинг) пиширганларини, сўйган молларининг гўштини ейиш ҳалолдир.” (Моида, 5)
У ҳолда кофирлар билан аралашиб, савдо қиладиган мусулмонларни нопок деб билмаслик керак. Бундай мусулмонларни нопок деб ҳисоблаб, уларнинг еб-ичадиган нарсаларидан сақланиш керак эмас. Уларни четлатмаслик лозим. Бу ҳол эҳтиёткорлик эмас, аксинча кибрдандир. Бундай нопок хулқдан қутулиш эҳтиёткорликдир.” (Мактубот, 3/22)
Яна ислом олимларининг энг улуғларидан бўлган имоми Ғазолий ҳазратлари ҳам айтдики: “Ҳаром эканлиги аниқ бўлмаган нарсалар ейилади. Жаноби пайғамбаримиз бир мушрикнинг, ҳазрати Умар ҳам бир христиан аёлнинг обдастасидан таҳорат олгандилар. Асҳоби киром кофирлар берган сувни ичардилар. Ҳолбуки, нопок, нажс бўлган нарсаларни ейиш ҳаромдир. Кофирлар эса кўпинча нопок юришади. Қўлларида, идишларида шароб юқи бўлади. Турли шаклларда ўлдирган ҳайвон гўштларидан ейишади. Асҳоби киром бунга қарамай, нажс эканлигини аниқ билмаганликлари учун улардан гўшт, пишлоқ каби егуликларни олиб ердилар.”(Кимё-и саодат)
“Динимиз зиммийга (ғайримуслим ватандошга) закотдан ташқари, садақаи фитр, назр ва ҳадя беришнинг ҳамда улардан жизя ва ҳадя олишнинг жоиз эканлигини билдиради.” (Мавқуфот, Дурар)
Динимиз кофирга унинг эътиқоди туфайли ҳурмат қилиш ва салом беришнинг жоиз эмаслигини, лекин эҳтиёж ҳолида салом бериб қўл бериб кўришишнинг жоиз эканлигини билдиради. (Радд-ул мухтор)
Зиммийга зулм қилиш, мусулмонга зулм қилишдан ҳам катта гуноҳ. Зиммийни ранжитмаслик учун салом бериш жоиз. (Дурр-ул мухтор)
Ҳадиси шарифда “Зиммийга азият берган кишининг душмани шахсан мен ўзим бўламан” деб марҳамат қилинган.(Хатиб)
Яна ҳадиси шарифларда “Ҳадяни қайтарманглар!” ва “Сиз сўрамай туриб берилган нарсани олинг! Бу Аллоҳу таоло юборган ризқдир” деб марҳамат қилинган. (Байҳақий)
Савол: Кофир берган нарсани ейиш ва сув ичган пиёласидан сув ичиш мумкинми?
Жавоб: Зарари йўқ.
Савол: Атеист қўшниларим киритган ширинликларни ейишим жоизми?
Жавоб: Нажс эканлиги аниқ бўлмаса, динсизларнинг овқатлари ейилади. Яъни чўчқа гўшти ёки спирт қўшилганлиги аниқ бўлмаса, ейилади.
Савол: Ҳозирги христианлар ҳайвонларни сўймасдан, ток билан ёки бўғиб ўлдиришади. Буларни ейиш жоизми?
Жавоб: Бўғилиб ёки ток билан ўлдирилгани аниқ бўлса, ейилмайди. Лекин гумон билан емаслик нотўғри.