Кредит олиш ва кредит карти ишлатиш
Савол: Банкдан кредит олиб, уй ва автомобиль олиш жоизми?
Жавоб: Зарурат бўлмаса ҳам уй нафақадан бўлгани учун уйи бўлмаган кишининг кредит билан уй олиши жоиз. Лекин заруратсиз автомобиль ёки тижорат учун кредит олмаслик керак. Банк томонидан ҳужжатларни расмийлаштириш учун маълум миқдор пул олиб, фоизсиз кредит берилаётган бўлса, бундай кредитни ҳам олиш жоиз.
Савол: Ҳар турли нарса харид қилаётганда кредит картини ишлатиш жоизми?
Жавоб: Кредит карти ишлатиш жоиз. Кредит карти билан бир молни бўлиб тўлаш йўли билан қимматроққа ҳам олиш жоиз. Заруратсиз кредит картадан нақд пул олиб, фоиз тўлаш жоиз эмас. Бундан ташқари, кредит карти қарзини вақтини тўламай, кечиктиргани учун жазо тўлаш ҳам жоиз эмас. Шунингдек электр, сув тўловларини ҳам вақтида тўламай кечиктириб, кейин жазосини тўлаш жоиз эмас. Пул топа олмаса ёки унутиб кечиктирса, гуноҳ бўлмайди.
Савол: Уй-жой ва еб-ичадиган нарсалар каби нафақага кирадиган эҳтиёжлардан бошқа нарсаларга эга бўлиш учун кредит олиб, фоиз тўлаш жоиз эмаслигини биламан. Нафақага кирмайдиган нарсаларни ҳам кредит билан олиш учун бир йўл, чора йўқми?
Жавоб: Зарурат бўлганида фоиз билан ҳам кредит олиш жоиз. Чунки “Зарурат ҳаромларни мубоҳ қилади” деган қоида бор. Баъзан керак нарсамизнинг заруратга кириш-кирмаслигини аниқлаш мушкил бўлади. Шундай ҳолларда фоизсиз кредит олишнинг бир неча йўли қуйида келтирилган:
1. Ҳозирги кунда кредит карта ёрдамида савдо қилинади. Бир мол кредит карти билан 500 сўмга сотилаётган бўлса, бу молни олиб бошқасига нақд 450 сўмга сотишингиз мумкин.
2. Кредит карти орқали бир олтинни бўлиб тўлаш йўли билан 500 сўмга олган бўлсак, бошқа бир заргарга нақд 450 сўмга сотишимиз мумкин.
3. Банк оладиган фоизни, шартномада "ҳужжатларни расмийлаштириш харажати","иш ҳақи", "комиссия" каби номлар билан номласа, кредит фоизсиз олинган бўлади. Чунки савдода, ҳадяда, қасамда, никоҳда, назрда ниятга, мақсадга эмас, сўзга қаралади.
4. Автомобиль, техника каби бир нарса олмоқчи бўлганда, ўша нарсани банк сотиб олиб, кейин бўлиб тўлаш йўли билан сизга қимматга сотса, масалан, 3 минг сўмлик нарсани 4 минг сўмга сотса, фоиз бўлмайди, жоиздир.
Яъни динига амал қилишни хоҳлаган одамга ҳамиша чора топилади.
Савол: Дин китобларида “Нафақа бу еб-ичадиган, киядиган нарсалар ва маскандир” деб билдирилган. Буларни таъминлай олмаган киши зарурат қаршисида фоизсиз қарз тополмаса, нафақасини таъминлай оладиган даражада фоиз билан қарз олиши жоизми?
Жавоб: Ҳа, зарурат бўлганида нафақа учун жоиз. (Ашбоҳ шарҳи, Уйун-ул-басоир)
Савол: Ҳозирги шароитда банкдан кредит олиб, автомобиль харид қилиш жоизми?
Жавоб: Ҳозирги кунда катта шаҳарларда мусулмон одам ўзини ва оиласини ҳаромдан сақлаши учун автомобиль олиш шарт бўлади. Чунки ҳаромдан сақланишга уриниш фарз. Ҳаром ишлаш таҳликаси бўлмаса, автомобиль олиши керак эмас. Зарурат бўлганида банкдан кредит олиш ҳам жоиз бўлади. Муҳими автомобилнинг зарурат ёки зарурат эмаслигини аниқлашдир.
Савол: Икки ёки ундан ортиқ шерик бошқараётган ширкатларда фаол ишлаётган шерик ёки орқа планда бўлган шериклар ширкат белгилаган миқдорда маош олишади. Ширкатнинг фойда ва зарарида ҳам шерик бўлишади. Шериклардан бири ўз номига ёки ширкат номига олинган банк ёки ширкат кредит картини ширкатга мол олиш учун қўлланади. Айрим банклар томонидан ушбу картларни кўп ишлатгани эвазига мижозларга бонус номи остида нақд пул ёки маълум миқдорда савдо қилгани эвазига арзонлаштирилган ёхуд текин самолёт билети каби ҳар хил манфаатлар билан мукофотлар берилади. Бу олинган манфаатлар ширкатга тегишлими ёки кредит карта соҳибигами? Бундан ташқари ширкатнинг шерикларидан бирига ёки ширкатда ишлайдиганлардан бирига бошқа ҳамкор фирмалардан совғалар келиб туради. Бу совғалар ширкатга тегишлими ёки совға юборилган кишига тегишлими?
Жавоб: Кредит карти орқали ширкатга олинган моллардан келган манфаатларнинг ва шу ширкатда ишлаётгани учун фалончага деб юборилган совғаларнинг барчаси ширкатга тегишли бўлади. Ишлайдиганлардан бири ёки шериклардан бири “Мен ўз кредит картимга олдим ёки совға менинг номимга келди” деб совғаларни ўзига олса, ширкатга хиёнат қилган бўлади. Ҳадиси шарифда “Аллоҳу таоло “Шериклардан бири наригисига хиёнат қилмагунча уларнинг учинчи шериклари Мен бўламан. Хиёнат қиладиган бўлса, ораларидан чиқаман” деб марҳамат қилган.” (Абу Довуд)
Агар бир шерикликдан Аллоҳу таоло чиқадиган бўлса, у ерга шайтон киради ва бу ширкатда ташвишлар, келишмовчиликлар бошланади. “Бу совғалар менинг хизматим орқасида келди, бу бонуслар менинг кредит картимга тегишли” деб эгалик қилишдан эҳтиёт бўлиш керак.
Савол: Кредит карти ишлатганида бериладиган бонусларни қўлланиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, бунинг зарари йўқ.
Савол: “Саодати абадия” китобида “Ҳеч бир ўлкада ҳеч бир одамдан, банкдан ва кооперативдан зарурат бўлмагунича ҳеч қандай сабаб билан қарз олиб, фоиз тўлаш жоиз эмас” дейилган. Ҳеч бир ўлка дейилганига кўра Франция, Германия каби ғайримуслим ўлкаларда ҳам кредит билан уй олиш жоиз эмасми?
Жавоб: Еб-ичадиган нарсалар ва бошпана (уй) нафақага киради. Шунинг учун уйи бўлмаган кишининг Франция, Германия каби ғайримуслим ўлкаларда кредит билан (фоиз билан) уй олиши жоиз. Чунки яна “Саодати абадия” китобида айтиладики: “Франция, Германия дор-ул-ҳарбдир. “Мултақо” китобида айтиладики: “Дор-ул-ҳарбда мусулмон билан кофир орасида фоиз бўлмайди.” “Мажмаул-анҳур”да айтиладики: Ҳадиси шарифда “Дор-ул ҳарбда мусулмон билан кофир орасида фоиз бўлмайди” деб марҳамат қилинган.”
Кўриб турганимиздек, уйи бўлмаган кишининг ижарага уй ола билса ҳам, уй нафақага киргани учун кредит билан уй олиши жоиз бўлади. “Жоиз эмас” дейиш бу мўътабар китобларни қабул қилмаслик бўлади.
Савол: Эҳтиёжи бўлган талаба бериладиган талабалик кредитини олса бўладими?
Жавоб: Эҳтиёж бўлса, жоиздир.
Савол: “Саодати абадия” китобида “Ижарага уй олишга қурби етадиган одамга уй сотиб олиши зарурат эмас” дейилган. Бу ифода “Ижара билан уй олишга кучи етган кишининг фоизли кредит билан уй олиши жоиз эмас" деган маънога келмайдими?
Жавоб: Ҳа, шу маънога келади. Лекин биз бу ифодани “Саодати абадия” китобининг муаллифи марҳум устозимиздан сўрагандик. Бу ҳукмнинг ғайримуслим ўлкалар учун ўтмаслигини, масалан Европадаги бир мусулмоннинг уй нафақадан ҳисоблангани учун кредит билан уй олиши мумкинлигини билдиргандилар. Яъни ижарага уй топиб яшашга кучи етадиган киши ҳам кредит билан уй олиши мумкин.