Ижарага бериш
Савол: Қанча мусулмонлар шахсий уйи бўлмай, ижарада қийналиб юрганида ортиқ уй-жойи бор одамларнинг уйларини ҳечкимга бермай бўш тутишлари гуноҳ эмасми? Баъзи кишилар уйларини яхши одамларнинг, солиҳларнинг чамаси етмагани учун баланд баҳо бера оладиган фосиқларга, ёмонларга ижарага беришади. Уларнинг солиҳларни аҳволини ўйламаслиги гуноҳ бўлмайдими?
Жавоб: Мусулмонлар ижара уй ташвишида юрганида ортиқча уйини бўш тутиш исроф ва гуноҳ бўлганидек, баланд баҳо билан ижарага бериш ҳам асло дуруст эмас.
Аллоҳу таоло “Менга шукр қилинг, нонкўрлик қилманглар” деб буюрган. (Бақара, 152)
Шукр дегани нима? Ислом олимлари шукрни турлича таърифлаганлар: Шукр бу – исломиятга амал қилиш, Аллоҳу таоло берган неъматларни У рози бўладиган жойларда ишлатишдир. Ҳар бир аъзонинг шукри бор. Масалан, кўзнинг шукри дўстларининг камчилигини кўрмаслик, қулоқнинг шукри ёлғон ва ғийбат тингламаслик, оёқнинг шукри гуноҳ қилинадиган жойларга бормаслик, баданнинг шукри рўза тутмоқдир. Молнинг шукри эса закот, садақа бермоқдир.
Аллоҳу таоло инсонларни сабр ва шукр билан имтиҳон қилмоқда. Фақирларни сабр билан, бадавлатларни шукр билан имтиҳон қилмоқда. Аллоҳу таолонинг “Шукр қилинг, нонкўрлик қилманг” деб буюрганини билдирган эдик. Нонкўрлик дегани нима? Нонкўрлик бу кўрнамаклик ва шукр қилмасликдир.
Имоми Мужоҳид Наҳл сурасидаги “Неъматнинг Аллоҳдан келганини эътироф қиладилару кейин буни инкор қилишади. Уларнинг кўпи кофирдирлар” маолидаги 83-ояти каримани “Неъматларнинг Аллоҳдан келганини биладилар. Лекин “Буларни ўз меҳнатимиз билан ишлаб топдик ёки бизга мерос қолди” деб нонкўрлик қиладилар” деб тафсир қилган.
Аллоҳу таоло бир мусулмонга икки уй эҳсон қилди. У эса бир уйини бўш тутмоқда ёки баланд баҳо билан ижарага бермоқда. Унинг “Сен менинг шеригиммисан? Мен бу уйни қанча қийналиб қурдим. Мен уйимни истаган нархимда истаган кишимга фосиқми-солиҳми ажратмай ижарага бераман” дейиши имоми Мужоҳиднинг тафсирида билдирилган кўрнамаклик эмасми? Шу маҳалланинг халқи яхшилардан бўлсаю ижара уйлар 100-150 доллар атрофида бўлса, яхши одамлар орасида яшашни истаб келган мусулмонларга уйини 250-300 долларга ижарага бериш бу яхши ниятли инсонларни четлаш, ёмонлар орасига ташлаб қўйиш бўлмайдими? Бола-чақасининг бузилишига сабаб бўлмайдими? Ўз қариндошига ёки ҳамкасбига баланд баҳо беролмайди деб, фосиқларга, ёмон одамларга баланд баҳо билан ижарага бериш шукрданми? Баъзилар баланд баҳо билан ижарага бераётганларни мисол келтириб “Ҳамма баланд баҳо билан ижарага бермоқда, битта мени кўриб қолдингми” дейди. Кўпчиликнинг ортидан эргашиш яхши эмас. Қуръони каримда маолан буюриладики: “Инсонларнинг кўпчилигига эргашсанг, сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирадилар.” (Анъом, 116)
Динимиз солиҳ бойларни мадҳ қилади, ёмонларга эса танбеҳ беради. Аллоҳу таоло буюрадики: “Қулларимнинг ичида шукр қилганлар оз.” (Сабаъ, 13)
“Инсон бой-бадавлат бўлгач, бузилади.” (Алақ, 6-7)
“Мол-мулкни қаттиқ севасизлар.” (Фажр, 20)
“Олтин ва кумушни (пулни) тўплаб, Аллоҳ йўлида сарф қилмаганга жуда қаттиқ азоблар бор.” (Тавба, 34)
“Молларингиз ва фарзандларингиз Аллоҳни ёдга олишдан (яхшилик ва ибодат қилишдан) чалғитса, зарарга учрайсиз.”(Мунофиқун, 9)
Жаноби пайғамбаримиз ҳам марҳамат қилганларки:
“Яхшилик кўп, буни ишлайдиганлар кам.” (Хатиб)
“Жаҳаннамдаги инсонларнинг кўпи бойлардир.” (И.Аҳмад)
“Бой-бадавлатлар ҳалок бўлади. Фақат молини хайр учун сарфлаганлар қутулади. Бундай бойлар эса кам.” (Ибни Можа)
У ҳолда уйнинг шукри қандай бажо келтирилади? Тажрибалардан маълумки, ортиқча уйини ижарага бериб, бундан тушган пулга яхшироқ яшамоқчи бўлган киши бу пулнинг хайрини кўрмайди. Чунки динимиз ортиқча уйни сотиб, пулидан фойдаланишни ёки солиҳларга текинга ёхуд арзонга ижарага беришни тавсия қилмоқда. Ортиқча уйнинг шукри фақат мана шу тариқа бажо келтирилади. Яхшилик қилишнинг фойдаси нафақат охиратда, балки дунёда ҳам бўлади. Яхшилик қилганнинг мол-мулки баракатланади. Сарфлаган пули ортиғи билан ўзига қайтади. Ҳадиси шарифда “Кишининг намозхонлиги, рўза тутиши сизни чалғитмасин. Уни яхши таниб-билиб олиш учун пул билан муносабати қандайлигига қаранг” деб марҳамат қилинди.
Кишининг пул билан муносабатининг қандайлиги эса, мана шундай ҳолларда маълум бўлади. У кишининг намози дуруст бўлганида эди, уни ёмонликлардан сақларди, яхшиларни қийин аҳволда қолдирмасди. Расулуллоҳ бир куни ёнларидан ўтиб бораётган бир кишининг кимлигини сўрадилар. У ердагилар “Бу шундай бадавлат одамки, қайси аёл билан уйланишни хоҳлаб, совчи юборса, дарров беришади. Биров учун ўртага тушса, сўзини қайтаришмайди. Бир фикр айтса, дарров қабул қилишади” дейишди. Жаноби пайғамбаримиз индамадилар. У ердан яна бир киши ўтаётганида Расулуллоҳ унинг кимлигини сўрадилар. У ердагилар “Бу шундай фақирки, бир аёл билан уйланмоқчи бўлса, унга беришмайди. Бировга кафил бўлса, кафиллигини қабул қилишмайди. Бир нарса айтса, сўзига қулоқ соладиган тирик жон топилмайди” дейишди. Сарвари олам марҳамат қилдиларки: “Мана шу солиҳ фақир, ҳалиги фосиқ бойдан бир дунё одам йиғилса, ҳаммасидан хайрлироқдир.” (Бухорий)
Молини хайр-ҳасанотга сарфлаган бадавлат киши қандай бахтли одам!
Раҳм қилсанг, раҳм топасан
Инсофли бўлиш ҳақидаги юқорида келтирган мақола туфайли тўртта савол қўйилди.
Биринчи савол: Бир уйим бор бўлса ҳам, қарзга ботиб яна бир уй қурдирдим. Қарзимдан қутулгунимча ўша уйимни бозор нархида ижарага беришим гуноҳми?
Жавоб: Гуноҳ эмас.
Иккинчи савол: Уйим ишхонамга узоқ бўлгани учун иш жойимга яқин кичик бир уйда ижарада ўтираман. Бўш турган нариги уйимда баъзан болаларим туришади, баъзан бемалол ишлаш ва дам олиш учун ҳамда бошқа сабаблар билан ўзим бориб бир икки кун туриб келаман. Меҳмон келганида бемалол бўлсин деб ўша уйимга жойлаштираман. Баъзан қўшниларим тўпланишиб, чой-қаҳва ичиб ўтиришади. Бўш уйимни мана шун йўсинда фойдаланишим гуноҳми?
Жавоб: Гуноҳ эмас. Бўш турган уйини фақатгина меҳмон кутиш учун ажратиб қўйиш ҳам жоиз.
Муҳтарам пайғамбаримиз “Ҳамма нарсанинг закоти бор. Уйнинг закоти эса меҳмон кутадиган хонасидир” деб марҳамат қилганлар. Уйнинг бир хонасидан кўра, бутун уйни меҳмонга ажратиш ялбатта афзалроқдир.
Учинчи савол: Уйимизни ижарага бериш учун маслаҳатлашдик. Бир акамиз “Уйингни сотиб, пулини ишлатгин ёки бировга арзон ижарага бериб, дуосини олгин” деди. Аҳволни аёлимга айтдим. Аёлим “У аканинг айтганини ҳамма вақт ҳам қилмайсиз-ку. Бу сафар ҳам қилмасангиз нима бўларди?” деди. Бу сўз менга ҳам маъқул келди. Аёлимнинг сўзига кириб, уйимни баланд баҳода ижарага бердим. Энди Аллоҳу таолога уч нарса учун уч марта марта шукр қилаяпман:
1. Бир уй эгаси бўлганим учун;
2. Уйим бўш қолмагани учун;
3. Баланд баҳода ижарага бера олганим учун.
Битта уй учун уч жиҳатдан шукр қилган одам кўрнамак ё ношукр бўлиши мумкин эмас-ку ахир. Наҳл сурасидаги“Неъматларнинг Аллоҳдан эканлигини биладилар-у; лекин “Бу нарсаларни ўзимиз ишлаб топдик ёки бизга мерос қолди” деб кўрнамаклик қиладилар” деган 83-ояти кариманинг менга умуман алоқаси йўқ деб ўйлайман. Мен “Ўзим ишлаб топганим йўқ, Аллоҳ берди” деяпман. Насиб қилса, келаси йил ундан-да баландроқ баҳода ижарага берсам, кўпроқ шукр қиламан. Шукр қилаётган одам билан кўрнамаклик қилаётган одамни бир тутиб бўладими?
Жавоб: Шукр дегани нима? Шукр ҳар аъзони, ҳар молни Аллоҳ розилигига мос фойдаланишдир. Масалан, кўзни Аллоҳу таоло бергани учун бу кўз билан Аллоҳу таоло ҳаром қилган нарсаларга қарамаслик керак. Уйни Аллоҳу таоло бергани учун бу уйда ҳаром қилмаслик керак, ижарага берадиган бўлса, яхши одамларга арзон баҳода бериш керак. Мана шу тариқа банданинг шукр қилаётганлиги маълум бўлади. Уйини баланд баҳога ижарага бериб “Ё Рабби, агар уйимни бундан ҳам баландроқ баҳода ижарага беришни насиб қилсанг, ундан ҳам кўпроқ шукр қиламан” дейиш шукрми?
Агар инсонларга раҳм-шафқат қилинса, унга ҳам охиратда раҳм қилинади. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Раҳм қилмаган кишига, раҳм қилинмайди, ачинмаганга ачинилмайди.” (Муслим)
Тўртинчи савол: Уйни ёки бошқа бир молни баланд баҳода ижарага бериш гуноҳми?
Жавоб: Уй бошқа тижорат моллари билан бирдай эмас. Ҳар қандай молни харидори топилса, алдамаслик шарти билан, устига 100, ҳатто 1000 баробар фойда қўйиб сотиш гуноҳ эмас. Чунки Расулуллоҳ динимизда молнинг устига қўйиладиган нархда чегара йўқлигини билдирганлар. Лекин уй, динимизда нафақага киради.
Нафақага кирадиган озиқ моддаларни “Мол меники” деб, қимматлаганида сотиш учун сақлаб қўйиш гуноҳ бўлади.
Имоми Ғазолий ҳазратлари айтадики: “Озиқ-овқат моддаларини бозордан тўплаб, қимматлаганида сотиш мақсадида сақлаб қўйиш гуноҳ бўлади.”
Жаноби Пайғамбаримиз марҳамат қилдиларки:
“Сотиб олган озиқ-овқаларни қимматлаганида сотиш учун қирқ кун сақлаган кимса, бунинг барчасини фақирларга текин тарқатса ҳам гуноҳини юволмайди.” (Дайламий)
“Озиқ моддаларини қирқ кун сақлаб қўйган киши Аллоҳдан узоқлашган бўлади.” (Ҳаким)
“Бошқа жойдан озиқ маҳсулотлари сотиб олиб, шаҳарга келтириб, уни бозор нархида сотган киши буни худди садақа қилган кишидек ёки қул озод қилгандек савобга эришади.” (И.Ғазолий)
Озиқ-овқат моддалари каби нафақадан ҳисобланадиган уй борасида ҳам чайқовчилик қилиш тўғри эмас.
Нархи кўтарилсин деб сақлаб қўйиш, уй излаб юрганларнинг кўпайишини ғанимат билиш агар пулни яхши кўргани учун бўлса, жуда ёмон. Пайғамбаримиз марҳамат қилдиларки:
“Пулни яхши кўрган киши ҳалок бўлади.” (Термизий)
“Пулга сиғинганларга лаънат бўлсин!” (Термизий)
“Пул севгиси одамни маҳв этиши мумкин.” (Табароний)
Бир вазир подишоҳга айтди:
- Шундай бир иш қилингки, ҳамма сизни севсин.
- Нима қилишим керак?
- Пулни душман деб билган одамни ҳамма яхши кўради. Пул бамисоли қилич кабидир, ишлатишни билган кишини кулдиради, билмаганни ўлдиради.
Савол: Бир киши билан “Сен менинг уйимда ижара ҳақи тўламай ўтиргин. Мен эса, сенинг полизингдан текинга фойдаланай” деб келишилса, дуруст бўладими?
Жавоб: Дуруст эмас. Уйнинг ижара ҳақи эвазига полизни ижарага олиш керак. “Уйимнинг ижараси эвазига полизингдан фойдаланаман” деса, тўғри келишилган бўлади. Бундай келишув жоиз. Аксинча "мен сенга шу нарсани совға қиламан, сен эса мана буни" деб келишиш жоиз эмас. Баъзилар уй эгасига қарзга пул бериб “Уйингда ижара ҳақи тўламай яшайман” дейди. Яъни “Пул фоизсиз, уй ижара ҳақисиз” дейди. Ҳолбуки аслида берган қарз пулининг фоизи сифатида уйда ижара ҳақи тўламай ўитрмоқда. Бу жоиз эмас.
Савол: Ўғри эшикни бузиб кирса, эшикка берилган зарарни ижарачи тўлайдими? Зилзиладан уй қуласа, ким тўлайди?
Жавоб: Зилзила ва ўғри берган зарарни ижарачи тўламайди. Ижарачи фақат ўзининг пала-партишлиги туфайли юз берган ишлардаги зарарни тўлайди.
Савол: Уй соҳиби билан тузган келишувимиз муддати ниҳоясига етди. Лекин уй соҳиби эндиги ойдан бозор нархидан баланд ижара ҳақи талаб қиляпти. Буни бермасам гуноҳ бўладими?
Жавоб: Ҳа, гуноҳ бўлади.
Савол: Сув жўмраги очиқ қолиб, сувдан қўшнилар зарар кўрибди. Зарарни тўлашим керакми?
Жавоб: Ҳа. (Мажалла)
Савол: Бино томининг ва боғчасининг таъмир харажатини ким беради?
Жавоб: Келишувга кўра берилади.
Савол: Бир киши “Ўтирган уйингдан чиқ, сенга бошқа уй топдим” деди. “Уйни оҳаклаб бер” дедим. Бу шарт билан уйни ижарага бериш жоизми?
Жавоб: Келишув таъмирдан кейин қилинади. Келишувда молнинг сифатини ўзгартирадиган шарт қўйилмайди.
Савол: Келишув муддати тугамасдан туриб, ижарачини уйдан чиқариш жоизми?
Жавоб: Йўқ, жоиз эмас.
Савол: Уйни бир йил муддатга ижарага олдим. Бироз вақт ўтиб, уй соҳиби вафот этди. Ўғли келишув муддати битмай туриб бизни уйдан чиқара оладими, ижара ҳақини орттира оладими?
Жавоб: Келишув муддати ниҳоясига етмагунча уйдан чиқара олмайди, ижара ҳақини ошира олмайди.
Савол: Беш киши шерикликда эга бўлган дўконни ижарага олганман. Шериклардан бири дўконни юритишимга рози бўлмаса, бу ердан чиқишим керакми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Ижарага олган полизим ҳосил бермади. Ижара ҳақини тўлашим керакми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Қишлоқда кичик ерим бор. Бир танишим “Полиздан фойдалансам” деди. Ижара ҳақи тўғрисида гапирмади. Мен ҳам ҳеч нарса демадим. Умуман ижара ҳақи сўрамасам, нима берса олсам, бермаса олмасам, бирон зарари борми?
Жавоб: Ҳақ олиш ниятида бўлсангиз, албатта олдиндан келишиб олинг, савдолашинг! Аҳволи яхши, ўзига тўқ кишининг уйидан, полизидан ижара ҳақи олмагани яхши эканлиги “Дин биродарига полизини ижарага бериш ўрнига ҳақ олмай бериш жуда савобдир” ҳадиси шарифида очиқча билдирилган. (Насоий)
Савол: Ижарачи ҳаммомдаги эски буғ қозонини сотиб, ўрнига янгисини олса, уй соҳибига хабар бериши керакми?
Жавоб: Хабар бергани яхши бўлади.
Савол: Уйни ижарага бераётганимда бир йиллик ҳақини аввалдан олишимнинг бир зарари борми?
Жавоб: Зарари йўқ. Лекин фақирларни қўллаб-қувватлаш жуда савоб эканини унутманг. Одатда ижарачилар фақир кишилар бўлади. Инсонларга марҳаматли бўлиш керак, ижара ҳақини тўлашига қулайлик қилиш керак. Мусулмоннинг ҳожатини чиқариш, ташвишини кетказиш лозим. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Ким дин биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳу таоло ҳам унинг ҳожатини чиқаради. Ким бир мусулмоннинг ташвишини кетказса, Аллоҳу таоло ҳам қиёмат куни унинг бир қийинчилигини кетказади.” (Бухорий)
“Аллоҳу таолонинг қулларига фойдали бўлиши учун уларга хос неъматлар эҳсон қилган баъзи инсонлар бор. Улар бу неъматларни бошқаларга тарқатаётганда Аллоҳу таоло уларни шу неъмат ичида тутади. Агар тарқатишдан қочсалар, бу неъматни улардан олади, бошқаларга беради.” (Табароний)
“Бир қул дин биродарига ёрдам беришда давом этган муддатча Аллоҳу таоло ҳам унинг ёрдамчиси бўлади.”(Муслим)
Мусулмон бой, ўзига тўқ, инсофли бўлиши, уйига баланд баҳода ижара ҳақи сўрамаслиги керак.
Савол: Иш жойини бир банкка ёки спиртли ичимлик сотадиган бировга бериш жоизми?
Жавоб: Банкка ижарага бериш жоиз бўлса ҳам, ичкилик сотадиганга бериш жоиз эмас.
Савол: Ўқиш учун ҳақ эвазига китобни ижарага олиш жоизми?
Жавоб: Ўқиш учун китобни ижарага олиш жоиз эмас. (Хулоса)
Эҳтиёж бўлганда кутубхоналарга, тўгаракларга бадали тўланиб, аъзо бўлади. Китоб олаётганида алоҳида тўлов тўламаса, ўқиш учун китоб олиш жоиз.
Савол: Дўконимни 5 йилга ижарага бердим. Лекин бугунга келиб пулнинг қадри тушди. Худди шундай дўконлар 2-3 баробар баланд нархларда ижарага берилмоқда. Ижарачидан пул курсидаги фарқни сўрашим жоизми?
Жавоб: Сўраш жоиз, лекин жабр қилиш, беришга мажбурлаш жоиз эмас. Чунки келишувни фақат бир тарафнинг бузишга ҳақи йўқ. Ижарачи рози бўлса, бозор нархига мос ҳолда нархи кўтарилади.