Кофирлар қўлида ҳақ эвазига ишлаш
Савол: Россияда ишлайман. Черковнинг электр ва бошқа таъмир ишларини қилишимиз керак. Бунинг зарари борми? Бир танишим эса автомобили билан газли ичимликларни ташийди. Баъзан алкоголь ичимликларни ҳам ташишига тўғри келади. Спиртли ичимлик ташиш гуноҳми?
Жавоб: Черков таъмирида ишлаш макруҳ эмас. Чунки бу ишнинг ўзи гуноҳ эмас. (Баззозия)
Ибни Обидин ҳазратлари айтадики: “Ҳақ эвазига кофирнинг шаробини ташиш, черков таъмирлаш ва христианларга зуннор каби куфр аломатларини сотиш имом-и Аъзам наздида жоиздир.” (Радд-ул мухтор 5/251)
Савол: Туристлар кўп келадиган жойда дўконим бор. Христиан туристлар “Хоч (крест) борми?” деб кўп сўрашади. Уларга хоч сотиш жоизми? Яна улар катта пул бериб, хоч ясашимни сўрайдилар. Менга келишмасин деб катта пул сўрадим барибир келишмоқда. Улар учун хоч ясаб сотишим жоизми?
Жавоб: Хоч ҳам зуннордек куфр белгисидир. Лекин баъзи олимлар наздида ундай аломатларни сотиш жоиз. Жоиз дегани ишлаш лозим дегани эмас. Эҳтиёж бўлмаса ишламаган яхши.
Савол: Европада яшаймиз. Тўнғиз чўпони бўлиб ишлаш жоизми?
Жавоб: “Ғайримуслимнинг қўлида ҳақ эвазига тўнғиз боқиш имоми Аъзам Абу Ҳанифа наздида жоиз. Олган пули ҳалол бўлади.” (Радд-ул мухтор)
Савол: Кофирлар ишлаб чиқарган молларни, озиқ-овқатларни, либосларни ишлатиш ёки улар билан савдо қилишнинг зарари борми?
Жавоб: Йўқ.
Савол: Ҳозирги кунда бир мусулмон кишининг Европага бориб, ғайримуслимларга хизмат қилиши жоизми?
Жавоб: Ғайримуслимларнинг ўлкасида кофирларга ҳақ эвазига хизмат қилиш жоиз. Ибни Обидин ҳазратлари айтадики: “Ҳақ эвазига кофирнинг шаробини ташиш, черков таъмирлаш ва христианларга зуннор каби куфр аломатларини сотиш имоми Аъзамга кўра жоиз. Мусулмон харидорга мажусийларнинг маҳсисини ёки фосиқларнинг либосини тикиш бериш макруҳдир. Чунки мажусийларга ва фосиқларни тақлид қилишга сабаб бўлади.” (Радд-ул мухтор)
Ҳеч бир динда кофир ўлкасида ишлаш ва кофирларга ҳақ эвазига хизмат қилиш тақиқланмаган. Динимизда ҳам бундай тақиқ йўқ. Ҳозирги мусулмонлар Европага, Россияга ишлагани борганидек бир замонлар Макка мусулмонлари ҳам Ҳабашистонга ҳижрат қилишганди. У ерда ғайримуслимларнинг ишларида ишлаганлар.
Ҳазрати Юсуф пайғамбар бўлишига қарамай қулларнинг ва аҳолининг қийин аҳволда эканлигини кўриб, кофир ҳукмдордан иш сўради. Мана шу тариқа инсонларга хизмат қилди. Шундай экан, аҳолига хизмат қила олишига, уларга фойдали бўла олишига кўзи етган ва буни ўзидан бошқа қиладиган одам йўқлигини кўрган мусулмон бу вазифа ёки лавозимни биронта золим эгаллаб олмасдан, олдини олиш мақсадида ғайримуслим бўлган амирдан ҳам вазифа, лавозим сўрашининг имомлик, муфтийлик, ўқитувчилик қилишининг зарари йўқ. Ўша лавозимда ҳеч қандай яхшилик қила олмаса ҳам, ҳеч бўлмаса, раҳбар сифатида мусулмонларга келадиган зарарнинг олдини олиб ўтириши ибодат бўлади. Ундай давозимда ўтирган мусулмоннинг узрли бир сабаб бўлмагунича вазифасидан истеъфо қилиши жоиз эмас. (Саодати абадия)
“Юсуф алайҳиссаломнинг динида ғайримуслимларга хизмат қилиш жоиз эди, мусулмонликда эса жоиз эмас” деб айтганларнинг ҳеч қандай илмий асоси йўқ. Ғайридинларга ҳақ эвазига ишлаш ҳар динда бор.
Мусулмон кишининг амири кофир бўлиши мумкин. Масалан, ҳадиси шарифда “Амиринг сенга “Ё мусулмонликни ташла, ёки сени ўлдираман” деса, мусулмонликни ташлама, бошингни кундага қўй” деб марҳамат қилинди. (Ҳаким) [Мусулмон бўлган амир мусулмонликни ташла демайди.]
Кофирлар орасида қолиб молидан, жонидан андиша қилган кишининг уларга юракдан эмас, тилда ҳурмат кўрсатиши жоиз. Пайғамбарлик даво қилган каззоб Мусайлама уни тасдиқ қилмай, имонини баралла айтган бир саҳобани шаҳид қилади. Бу саҳобанинг ундай хавфли вазиятда асл эътиқодини яшириши жоиз эди. Мушриклар ҳазрати Аммор, отаси ҳазрати Ясир ва онаси Сумаййа хонимни қийнаб “Лот ва Узза бути, Муҳаммаднинг динидан яхши деб айт” дея айтмагунларича қийноқни орттирдилар. Ниҳоят ота-онаси қийноқ оқибатида шаҳид бўлди. Ҳазрати Аммор кофирларнинг қийноғи остида уларнинг истаганларини тили билан сўзлади. “Аммор кофир бўлди” деганларида Жаноби Расулуллоҳ “Аммор кофир бўлмади, у бошидан оёғигача имон билан тўла” деб марҳамат қилдилар. Демак, куфр бўлган бир сўзни бундай ҳолатларда фақат тил билан айтиш жоиз. Расулуллоҳ“Мушриклар азият беришса, яна шундай деб айтгин” деб буюрдилар. (Ибн Асокир, Ибн Можа)
Кофирлар ғолиб келган жойларда уларнинг азобларига дучор бўлмаслик учун ҳақиқатни айтмаслик, имонини яшириш жоиз бўлади. Шофеъий мазҳабида нафақат кофир ҳукмдор, ҳатто золим мусулмон раҳбарлар орасида ҳам жоиз. Мусулмонлар ғариб ва заиф бўлган замонларда шундай ўзини яшириш то қиёматгача ҳар ерда жоиздир. Чунки мўмин киши зарарни ўзидан имкон қадар узоқлаштириши керак.
Имом Қуртубий ҳазратлари “Аллоҳу таолонинг амрлари билан ҳукм юритмайдиган кимсалар кофир, золим ва фосиқдирлар” маолидаги ояти карималарнинг аҳли китоб бўлган ғайримуслимлар ҳақида келганини билдирган. Бошқа тафсир китобларида ҳам шундай билдирилган.