Динимизда устама нарх йўқ
Савол: Динмизда молнинг устига қўйиладиган нархнинг бирон чегараси борми?
Жавоб: Динимизда бундай чегара йўқ. Лекин молни нархи кўтарилсин деб сақлаш ва ҳаддан ташқари баланд устама нарх қўйиш тақиқланган.
Мадинада қимматчилик бошланди. Нархлар кўтарилиб кетгани учун устига қўйиладиган нархларга бир чегара қўйишни сўрабкелганларида Пайғамбаримиз “Нархларни қўядиган Аллоҳу таоло. Ризқни мўл қиладиган, кам қиладиган, юборадиган ёлғиз У. Мен Аллоҳу таолодан фақат барокат истайман” деб марҳамат қилдилар. Бошқа бир ҳадиси шарифда “Молнинг устига қўйиладиган нархни чегараламанг, нархни белгилайдиган Аллоҳу таолодир” деб марҳамат қилинган.
“Олибсотарлар тарафидан моллар сақлаб қўйилиб нархлар кўтарилиб, халққа зарар ва зулм бўлганида маҳаллий ҳокимият кенгашиб, уйғун (муносиб) бир нарх белгилашлари жоиз бўлади.” (Радд-ул мухтор)
Жаноби Пайғамбаримиз “Мусулмонларнинг шаҳарга мол олиб келган деҳқонлардан бозор нархини яшириб, арзонга сотиб олишларини” тақиқлади. Деҳқон бундай савдодан воз кечиши мумкин. Бозор нархини билмаган кишиларга баланд нархда мол сотиш ҳам ҳаром. Ҳатто тажрибасиз бўлганлар билан, арзон сотаётган ёки қимматга олаётганлар билан савдо қилмаслик керак. Булар билан савдо қилаётганда улардан бозор нархини яшириш гуноҳ бўлади.
Сотилган молнинг айбини, камчилигини яшириб, алдаш ҳаром бўлганидек, олинган молнинг нархини яшириб, алдаш ҳам фоиз бўлади. Масалан, бир киши сотган молининг қийматини билмайди. Ўн сўмлик молни беш сўмга сотмоқда. Унга “Бу мол ҳамма жойда 4 сўм туради” деб алдаш ҳаром бўлади. Инсонлар мусулмон ахлоқи билан амал қилсалар, на алдаган бўлади, на алданган. Молларга нарх қўйишга ҳам ҳожат қилмайди. Талаб ва таклифга қараб, моллар қийматланади ёки арзонлашади.
Басрада катта бир тижоратчи бор эди. Эронда яшайдиган одамлардан бири унга мактуб ёзиб, бу йили шакарқамиш яхши бўлмаганлигини, ҳеч ким эшитмасдан туриб, кўп миқдорда шакар олиб қўйишини билдирди. Бу хабарони олган тужжор кўп шакар сотиб олиб ғамлади. Бозорлардан шакар йўқолганида қиммат нархда сотиб, ўттиз минг дирҳам фойда кўрди. Сўнгра мулоҳаза қилиб “Шакар қамиши яхши ҳосил қилмаганлигини мусулмонлардан яшириб, уларга хиёнат қилдим. Бу қандай мусулмонлик бўлди?” деб ўттиз минг дирҳамни шакар сотиб олган харидорларга олиб борди. Қилган ишини тушунтирди. Хатосига пушаймон бўлиб келгани учун харидорлардан ҳеч бири пулини қайтиб олмай “Сенга ҳалол бўлсин” дедилар. Тужжор кечқурун уйида “Балки уялишганидан олишмагандир?” деб ўйлади. “Дин биродарларимга хиёнат қилдим” деб эртасига такрор уларнинг олдига борди. Ҳар бирига ёлвориб, ўттиз минг дирҳам кумушни тақсим қилди.
Муштарийга (харидорга) ҳамма вақт тўғри гапириш керак, ҳийла қилмаслик лозим. Молда бир камчилик бўлса, уни айтиш лозим. Арзонга олган молнинг баҳоси кўтарилиб, қимматга сотаётган бўлса, олган нархини айтиши керак. Алдаб сотиш хиёнат ва талончилик бўлади. Бундай хиёнатни билмасдан қиладиганлар ҳам бўлади. Хиёнат қилишдан қутулиш учун ҳар бир одам ўзига раво кўрмаган ишни бошқаларга ҳам раво кўрмаслик керак.
“Бир молни нақдга арзон, насияга ёки бироз муддатга бўлиб тўлаш шарти билан қимматроққа сотиш жоиз. Муддати чўзилгани туфайли қўшимча ҳақ талаб қилиш жоиз эмас. Савдо бошида бўлиб тўлаш шарти билан сотиш билан муддати учун алоҳида ҳақ сўраш бошқа-бошқа нарсалар.” (Радд-ул мухтор)
Савол: Закот бериш учун бир танишимнинг олдига бордим. Закот сифатида 1000 сўм бермоқчиман. Унга “Қўлингдаги олтинни менга 1000 сўмга сотсанг, ўша олтинни сенга закот қилиб бераман” дедим. У эса “Саодати абадия" китобида ўқидим. Арзонга сотиш ғабан-и фаҳшга (ҳаддан зиёд алданиш) киради. 1200 сўмдан арзонга сотиш жоиз эмас” деди. Ўша олтинни 1000 сўмга сотса, бир зарари бўлармиди?
Жавоб: Ҳеч қандай зарари бўлмасди. Инсон ўз молини истаган баҳосига сотиши мумкин. 50 сўмга, ҳатто бир сўмга ҳам сотиши мумкин. Ҳатто текинга ҳам бериши мумкин. Бунинг диний тарафдан ҳеч қандай зарари йўқ. Агар сиз “Олтинларнинг нархи тушиб кетди, 1000 сўмга сот” деганингизда, у ҳам билмагани учун сотганида, алдангани учун кейиндан савдони буза оларди. Лекин закот сифатида келган пулни қайтариши нотўғри бўлибди.
“Том илмиҳол саодати абадия” китобида айтиладики: “Заргарликда бозордаги нархларнинг энг баландидан 2,5% ва ундан юқори баҳода сотиб олиб алданишга Ғабан-и фаҳш – қаттиқ алданиш дейилади. Бу миқдор, ҳайвондан бошқа моллар учун 5%, ҳайвон савдосида 10%, кўчмас мулкда 20%дир. Бу миқдордан кам бўлган алданишга Ғабан-и ясир – енгил алданиш” дейилади. Сотувчи "бу молни фалон пулга сўраганлар бўлди, бермадим" деб сотса, қўйган баҳоси шу молнинг бозордаги энг баланд нархидан қаттиқ алданадиган даражада кўп бўлса ва аввал ҳеч ким унга шунча баҳо бермаганлиги маълум бўлса, харидор савдони буза олади.”
[Диққат қилинг, "буза олади" дейилмоқда, "бузиши шарт" дейилмаган. Бундан ташқари, ўз розилиги билан жуда ҳам арзонга сотишнинг ҳеч зарари йўқ.]
Сотувчи ёлғон гапирмасдан фаҳш нарх билан сотса, алданган харидор савдони буза олмайди. Чунки ҳар бир одам молини истаган нархида сота олади. Исломиятда устига қўйиладиган нарх чегараланмаган. Ёлғон гапирилиб қилинган савдода, енгил алданган харидор савдони буза олмайди.
Бир киши 20 сўмга олган бир молни “4 сўмга олдим, бир сўм фойда билан сенга 5 сўмга сотяпман” дейиши жоиз. Чунки харидорни алдаш нияти йўқ. Балки харидор фақирдир, уни севинтириш учун шундай қилгандир. Истаган одам молини арзонга сота олади.
Қийналиб қолган кишиларга озиқ-овқат, кийим-кечакларни фоҳиш нархда сотиш ҳаром бўлади. Нафақасини топиш учун бирон нарсасини сотишга мажбур бўлган фақирнинг сотганини ғабан-и фаҳш билан арзонга олиш ҳам ҳаром бўлади. (Бай ва ширъа (олди-сотди) рисоласи)
Савол: “Саодати абадия” китобида “Насияга қиммат, нақдга арзонроқ сотаман деган шарт билан, яъни масалан "нақд бўлса 10 сўмга, насияга эса 15 сўмга сотаман" тарзида икки хил шарт билан сотишнинг фосид эканлиги “Мавқуфот”, “Жавҳара” ва“Туҳфат-ул-фуқаҳо”да ёзилган. Чунки белгиланган нарх мажҳулдир (ноаниқ)” дейилган. Мана шу ҳукмга биноан, нақд 10 сўмга сотилаётган молни насияга 15 сўмга сотиб олиш фосид бўладими?
Жавоб: Йўқ, ҳеч қандай зарари йўқ. Сотувчи ёлғон гапирмасдан фаҳш нарх билан сотиши мумкин. Чунки ҳар бир одам молини истаган нархида сотиш ҳуқуқига эга. Исломиятда молнинг устига қўйиладиган нарх чегараланмаган. Бу масаладан бехабар кимсалар нотўғри тарзда "насияга, бўлиб тўлаш шарти билан қимматга сотиш мумкин эмас" дейишади. Юқорида ўтган ифоданинг сўнгги жумласида “Чунки белгиланган нарх мажҳул (ноаниқ)дир” дейилган. Сотувчи нақд 10 сўм, насияга 15 сўм деса, харидор бу икки нархдан бирини, яъни нақд 10 сўмга олиш билан насияга 15 сўмга сотиб олишдан бирини танласа, савдо саҳиҳ бўлади. Нақд ёки насия экани айтилмай, харидор муддатни ва нархни аниқламай туриб “олдим, қабул қилдим” деса савдо фосид бўлади. Чунки ушбу олди-сотдида муддат ва нарх аниқ эмас. 10 сўмга олдими ёки 15 сўмгами номаълум? Харидор қайси бирини танлаганини билдирмади. Муддат ва нархи билдирилмагани учун савдо фосид бўлади. Харидор “Нақд 10 сўмга ёки насияга 15 сўмга олдим” деса, савдо саҳиҳ бўлади.
Динимизда мол устига нарх қўйишда чеклов йўқ. Ибни Обидин ҳазратлари айтадики:
“Анас бин Молик “Мадинада қимматчилик бўлди. Аҳоли “Ё Расулаллоҳ, нархлар кўтарилиб кетмоқда. Устига қўйиладиган нархларга бир чеклов қўйинг” дейишганида “Нархларни белгилайдиган Аллоҳу таоло. Ризқни мўл қиладиган, камайтирадиган, юборадиган фақат У. Мен Аллоҳу таолодан фақат барокат сўрайман” деб марҳамат қилдилар” деб айтди.” (Термизий, Ибни Ҳуббон)
“Нархлар фаҳш бўлиб (ғовлаб, ўз нархидан икки баробар кўтарилиб) халққа зарар ва зулм ҳолига келса, ҳукуматнинг тижоратчилар билан кенгашиб, муносиб бир нарх, фойда ҳадди, яъни устига қўйиладиган нархга чеклов қўйиши жоиз бўлади.”(Радд-ул мухтор)
Савол: 300 сўмга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан олган бир маҳсулотнинг 200 сўмини тўладим. Яна 100 сўми қолган. Сўнгра бу маҳсулотнинг бошқа бир жойда 200 сўмга сотилаётганини эшитдим. Мусулмонликда алдаш ҳам, алданиш ҳам бўлмагани ва у одам билан ҳужжат тузмаганим учун қолган 100 сўмини бермасам гуноҳ эмасми?
Жавоб: Нормал баҳода сотаётган бўлса, бошқа жойларда 300 сўмга ҳам сотилаётган бўлса, қолган 100 сўмини бермаслик гуноҳ бўлади. Ҳар бир одам молини истаган нархда сотиши мумкин. Келишилган нархдан бир тийин кам берилса ҳам қул ҳақи бўлади. Агар бу маҳсулот ҳамма жойда 200 сўмдан сотилаётган бўлса, фақат шу ҳолда савдони буза олиш ҳуқуқимиз бўлади. 300 сўмга сотилаётган бошқа жойлар ҳам бор бўлса, баъзилар 200 сўмга сотаётган бўлса, бу ўлчов бўлолмайди.
Бир нарса сотилаётганда "бу бошқаларига ўхшамайди" деб ёлғон гапириш ёки молнинг камчилигини яшириш алдаш бўлади. Бундан ташқари бозордаги нархларнинг энг баландидан заргарликда 2,5%, ҳайвондан бошқа молларда 5%, ҳайвонларда 10%, кўчмасмулкда 20% ва ундан ортиқ баҳода сотиб олиш алданиш бўлади. Мана шундай алданадиган бўлса, харидор савдони буза олади.
Савол: Савдо билан шуғулланаман. Қўлимизда бўлган баъзи молларнинг нархлари кўтарилиб кетмоқда. Масалан 10 сўмга олган молнинг нархи 20 сўмга етди. Худди шу молни ҳозирда 20 сўмдан оляпмиз. Қўлимизда 10 сўмга олганларимиз ҳам бор. Биз аввалари 10 сўмга олган молларимизни 15 сўмга сотардик, энди ўша эски нархда олганларимизни ҳам 25 сўмга сота оламизми?
Жавоб: Динмизда молларнинг устига қўйиладиган нархда чегара йўқ. 10 сўмга олинган молни харидорга ёлғон гапирмасдан, уни алдамасдан 100 сўмга ҳам сотиш жоиз. Масалан, 10 сўмга олган молни харидор сўраганида “Биз буни 20 сўмга олдик, устига 5 сўм қўйиб сотяпмиз” деса жоиз бўлмайди. Лекин “Бу молни биз 10 сўмга олганмиз, лекин ҳозир 20 сўмга кўтарилиб кетган. Устига 5 сўм қўйиб, 25 сўмга сотяпмиз” деса зарари йўқ.
Дин китобларида айтиладики: “Арзон олган бир молнинг нархи кўтарилиб, қимматга сотилаётган бўлса, олган баҳосини айтиш керак.” (Саодати абадия)