Динимизда овчилик
Савол: Динмизда овчилик ҳақида нима дейилган?
Жавоб: Аллоҳу таоло инсонлар учун турли ҳайвонлар яратган. Бедана, қуён, балиқ каби ҳайвонларнинг гўштидан, сувсар, бўрсиқ, тулки каби ҳайвонларнинг терисидан, тиббиёт ва парфюмерияда ишлатиш учун жайлонларнинг мускусидан, денгиз жониворларининг маржонидан, филнинг тишидан фойдаланиш учун овлаш, бўри, тўнғиз, илон, сичқон каби ҳайвонларни зарар кўрмаслик учун қийнамасдан, масалан, тириклайин ёқмасдан, сувда чўктирмасдан ўлдириш жоиздир.
Овчилик қилаётганда бошқаларга зарар бермаслик керак. Афсуски ҳозирги замонда “Завқ учун балиқ тутиш ва овчилик қилиш нозик руҳли мусулмонларга ярашмайди. Ўзларига ярашадиган бошқа иш билан шуғуллансинлар” дейдиган одамлар кўпайган. Тижорат учун бўлмаса ҳам шунчаки балиқ ейиш учун балиқ тутиш ҳаром ёки макруҳ эмас. Жоиздир. Ҳатто балиқ ейишни хоҳламаса ҳам, шунчаки кўнгил хижиилини ёзиш учун балиқ тутиб, тутган балиқларини муҳтожларга тарқатиш жоиздир.
Жаноби Ҳақ Қуръони каримда балиқ овлашни ҳалол қилган. “Денгизда овлаш ва уни ейиш ҳалол қилинди” деб буюрилган.(Моида, 96)
Аллоҳу таоло ҳалол қилган овчиликни шариатга зид ишдек кўрсатиш нотўғридир.
Ваҳший ҳайвонларни овлаш билан кун кўриш, мубоҳ бўлса ҳам, тижорат, деҳқончилик, косиблик каби бошқа касб билан шуғулланган афзалдир. Шунчаки кўнгил очиш учун овчилик қилиш яхши эмас. Қалбга қайғу солади, ҳайвонларга нисбатан шафқат туйғуларини йўқотади, марҳамат туйғусини камайтиради.
Лекин овчиликка, ҳайвон овлашни ҳаром ёки ношаърий иш дейиш жоиз эмас. Қассоб ҳам молларни сўймоқда. Қассобнинг қилган ишига виждонсизлик дейиладими? Овлаётганда ҳайвонларни қийнаб ўлдирмаса, динимиз билдирганларига амал қилаётган бўлса, ҳеч қандай муаммо йўқ.
Овчилик милтиқ, тузоқ билан амалга оширилганидек ўргатилган ит, този, қирғий, бургут каби ҳайвонлар билан ҳам овлаш мумкин. Ўргатилмаган ҳайвонлар билан овчилик қилинмайди.
Яъни ҳайвон овни ўзи учун эмас, эгаси учун овлаши керак. Бир ҳайвоннинг ўргатилганлиги кетма-кет тутган учта овини емасдан эгасига келтириб берганидан билинади. Бургут, қирғий каби йиртқич қушларнинг қўйиб юборилиб, кейин чақирган вақтида учиб келишидан билинади. Бир този овлаган ҳайвонини еса ёки қуш чақирилганда учиб келмаса, бундай ҳайвонларнинг овлаганлари ейилмайди.
Овланган ҳайвонни ея олиш учун қуйидагиларга диққат қилиш керак:
1. Ов каклик, қуёнга ўхшаган гўшти ейиладиган ҳайвон бўлиши керак.
2. Овчи мусулмон ёки аҳли китобдан бўлиши керак. Овни отаётганида ёки ўргатилган ҳайвонни юбораётганида “бисмиллоҳ” деб айтиши керак. Бисмиллоҳ айтишни унутса, зарари йўқ. Атайлаб айтмаса, овланган ҳайвоннинг гўшти ейилмайди. Китобсиз кофирларнинг, муртадларнинг сўйган, овлаган ҳайвонларини ейиш ҳаромдир.
3. Овланган ҳайвон ов жараёнида олган жароҳати туфайли ўлиши керак. Ўлмасдан туриб қўлга олса, бисмиллоҳ билан сўйиш керак бўлади.
4. Овчи ўқ отгандан кейин дарров югуриб бориши, жароҳатланган ҳайвонни дарров бўғизлаши керак. Боргунича ўлиб қолса, зарари йўқ, яъни гўштини еса бўлади. Овланаётган ҳайвон кўздан йўқолиб, кейин узоқ бир жойда ўлик ҳолда топилса, гўшти ейилмайди. Чунки бошқа бир сабаб билан ўлган бўлиши мумкин. Масалан, тепадан йиқилиб ёки бир дарахтга урилиб ўлган бўлиши мумкин. Овланаётганда узилган ўқдан олган жароҳати чуқур бўлса ва қон оққан бўлса, гўштини ейиш мумкин.
5. Яраланган ҳайвонни бошқа бировни ўргатилган ҳайвони тутиб, ўлдирса, гўшти ейилмайди. Ўзининг ўргатилган ҳайвони ўлдирган бўлиши керак.
6. Ўргатилган ит тутган овининг гўштидан еса, бу овни ейиш жоиз бўлмайди. Лекин бургутга ўхшаган қуш тутган овининг гўштидан еса, зарари йўқ. Чақирганида келадиган овчи қушнинг тутган ови ейилади. Овини тиши билан ёки панжаси билан овлайдиган ҳайвонларнинг гўшти ейилмайди.
7. Овни ким тутса, ўшаники бўлади. Бир киши овни уриб туширганидан кейин ов туриб қочаётганида, бошқаси тутиб олса, ов ўшаники бўлади.
8. Қуруқлик ва сув тошбақаси, устрица ҳамда мидия каби денгиз жониворлари ейилмайди.
9. Балиқ шаклида бўлмаган денгиз жониворлари ейилмайди. Сув ичида ўзи ўлиб, қорни тепага қараб қолган балиқ ейилмайди. Тўр, сочма, дори, зарба билан муз орасига қисилиб ўлган балиқ ейилади.
10. Бисмиллоҳсиз тутилган ёки кофирлар овлаган балиқларни ейиш ҳалол. Лекин бисмиллоҳсиз овланган бошқа ҳайвонларини ейиш ҳаром.
Савол: Овланаётган ҳайвонни, масалан, қуённи ухлаётганида эмас, уйғотиб, қочаётганида отиш керак, дейишади. Ухлаётганида ўқ отиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз.
Савол: Қармоққа чувалчанг илиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз.
Савол: Моида сурасининг 94, 95 ва 96-оятларини ўқиб, овчилик тақиқланибдими деб ўйлаб қолдим. Овчилик мубоҳ эмасми?
Жавоб: Ҳа, мубоҳ. Ояти каримадан ўзбошимча диний ҳукмларни ўрганиб бўлмайди. Ҳатто ҳадиси шарифлардан ҳам олимларнинг изоҳи бўлмай туриб, ўзбошимча хулоса чиқариб, динни ўрганиб бўлмайди. Дин фиқҳ китобларидан ўрганилади. Сиз ўқиган ояти карималар ҳажда иҳромли ҳолда овчиликни, қуруқлик ҳайвонларини овлашни тақиқлаган.