Депозит, гаров ва комиссия (воситачилик ҳақи)
Савол: Ижарачидан депозит олиш ва бу депозитни ишлатиш, уни сўмда бериб, сўмда қайтиб олиш жоизми?
Жавоб: Ижарачидан депозит олиш жоиз. Олинган бу депозитни кейинчалик ижарачининг изни билан ишлатиши мумкин. Рухсатсиз ишлатиши таҳриман макруҳдир, ҳаром бўлади. Ижарачи рози бўлса, сўмда олиб, сўмда қайтариши жоиз. Лекин бир неча йил ўтиб, сўмнинг қадри тушиб кетиши мумкин. Қиймати тушиб кетган пулни ижарачига қайтараётганда бироз ўйлаш керак. Шунинг учун депозитларни олтин билан берган афзал. Шунда ҳеч қандай йўқотиш бўлмайди.
Депозит омонат деганидир. Омонатни эса рухсатсиз ишлатиш жоиз эмас. Шунингдек, “Фалончига бериб қўй” деб бериб юборган бир кило олмадан бериб юборувчининг розилиги бўлмасдан еб, сўнгра ундан ҳам яхшироғини олиб бориб бериши жоиз эмас. Омонатга хиёнат қилган бўлади.
Савол: Уйимни сотдим. Уйимни сотиб олаётган киши гаров пули ташлаб “Икки-уч кун ичида келиб қолган пулни ҳам бераман” деди. Бир ой ўтса ҳам келмади. Уйни бошқасига сотишим жоизми?
Жавоб: Харидор сўзида турмагани учун уйингизни сотасиз. Биринчи харидор келганида унга гаров пулини қайтариб берасиз.
Савол: Баъзи маклерлар пешонаси терламасдан комиссия пулини, яъни воситачилиги учун ҳақ оладилар. Улар фақат воситачилик қиладилар, холос. Уларнинг олган пуллари ҳаром бўлмайдими?
Жавоб: Даллол мол соҳибининг рухсати билан молни ўзи сотганда воситачилик ҳақини сотувчидан олади. Харидордан ҳеч нарса сўрамайди. Чунки аслида молни сотган ўзи. Бу ерда тижоратчилар орасидаги одатга қаралмайди. Агар даллол ёки маклер сотувчи билан харидор орасида воситачилик қилиб, молни сотувчи шахсан ўзи сотса, воситачилик ҳақини одатга кўра, сотувчи ёки харидор ёхуд иккаласи ўртадан тўлайдилар. (Радд-ул мухтор)
Даллолчилик ёмон касб эмас. Жисмоний меҳнат билан шуғулланадиган ишчилар тер тўкиши мумкин. Ақлий меҳнат билан шуғулланадиганлар тер тўкмай пул топгани учун топганларни ҳаром бўлмайди. Баъзилар ишламасдан ҳам терлаши мумкин. Тер тўкиш ўлчов эмас.
Савол: Риэлтор воситаси билан кўчмас мулкни сотувга қўйдим. Харидор чиққанида воситачилик ҳақини бермаслик учун сотишдан воз кечганимни айтишим жоизми?
Жавоб: Йўқ, риэлторнинг ҳақи ўтади.
Савол: Репетиторлик қиладиган бир танишим унга топиб берган ҳар ўқувчи учун бизга берадиган комиссиясини олишимиз жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз.
Савол: Бир жойга ишга киришим учун бир танишим “Мен бошлиқни танийман, агар менга уч ойлик ойлигингни берсанг, сени ишга қабул қилдираман” деди. Бу жоиз бўлган комиссияга кирадими? Ишсиз ва қийин аҳволда бўлганим учун бу таклифни қабул қилишим жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз. Дин китобларида “Динини, молини ва жонини сақлаш ҳамда ҳақини қутқариш учун бир нарса бериш жоиз” дейилган.
Савол: Ижарага олган бир дўконим учун соҳиби баъзан “ҳаво солиғи” сўрайди. Динимизда “ҳаво солиғи”ни бериш жоиз эмаслиги бўйича, соҳиби истаган пулни бериб, дўконда савдо қилишим учун нима қилишим керак?
Жавоб: Дўконда савдо қилиш учун пул беришга мажбур бўлса, масалан, дўкон соҳибининг эски бир стулини берадиган пул баҳосида сотиб олади. Бунга ҳам имкон бўлмаса, пулни бериб дўконда савдо қилади. “Ҳаво солиғи” берганга эмас, олган кишига гуноҳ бўлади.
Савол: Гаровга пул бериш асосан автомобиль ёки уй сотилаётганда бўлади. Сотувчи “Бизга гаровга пул бериб қўйсанг, уй ёки автомобилни бошқага сотмаймиз” дейишади. Харидор арзонроқ уй ёки автомобиль топгач, бу савдодан воз кечади. Олган гаров пули сотувчига ҳалол бўладими?
Жавоб: Келишилган савдони сотувчи ҳам, харидор ҳам ёлғиз ўзи бузолмайди. Ҳар икки тарафнинг розилиги билан келишув бузилса, гаров пулини қайтариб беради. Келишувдан воз кечгани ҳолда гаров пулини қайтариб бермаслиги ҳаром бўлади.