Имон ва никоҳ янгилаш
Савол: Бир домла “Жума оқшомлари баъзи масжидларда жамоатнинг никоҳ ва имон янгилашлари бидъатдир, Яъни катта гуноҳ бўлади” дейди. Бошқа бири эса “Никоҳ ва имон эскирмайди, пахта иплари билан ҳам боғланмаган, узилмайди. Бу янгилашнинг динда ўрни йўқ” дейди. Куфрга тушиб қолган кишининг, имонини ва никоҳини янгилаши керак эмасми?
Жавоб: Албатта имонини ва никоҳини янгилаши керак. Имони кетадиган бўлса, имонни янгилаши керак бўлганидек, никоҳини ҳам янгилаш шарт бўлади. Никоҳ ҳам, имон ҳам эскиради. Икки ҳадиси шариф маоли:
“Либос эскирганидек, имон ҳам эскиради. Аллоҳга ниёз қилиб, имонингизни янгиланг!” (Табароний)
“Ла илоҳа иллаллоҳ сўзини кўп айтиб, имонингизни янгиланг!” (И.Аҳмад)
Эр-хотиндан бири муртад бўлса, никоҳлари бузилади. Лекин бу талоқ эмас. Тавба ва таждиди никоҳ қилиниши лозим бўлади. Куфр ёки куфр эмаслиги шубҳали бўлган бир нарсани ишлаган кишининг ҳам тавба қилиб, никоҳини янгилаши афзалдир. (Ҳадиқа)
Халқ орасида билмасдан куфрга тушиб қоладиган сўз сўзлаган кишилар кўп бўлади. Шунинг учун имонини ҳар куни, никоҳини ойда икки-уч марта икки гувоҳ ёнида янгилаш керак. (Радд-ул мухтор)
Демак, куфрга тушган ёки куфрга тушганини гумон қилган киши тавба қилиб, имонини янгилайди. Имон кетганида никоҳ ҳам бузилгани учун никоҳини ҳам янгилайди. Диннинг ҳукмлари билан билиб туриб ёки билмасдан ҳазил-мазах қилган, ҳар куни диннинг бир ҳукмини танқид қиладиган замонанинг чаламуллаларига эътибор қилмаслик керак. Асрлардан бери имон ва никоҳ янгилаш бўлиб келган. Имон эскириб, узилиши мумкин. Куфрга тушмаслик учун саҳар-оқшом қуйидаги ҳадиси шарифда билдирилган дуони ўқишимиз керак: “Ширкдан сақланиш учун “Аллоҳумма инни аъузибика мин ан ушрика бика шайъан ва ана аъламу ва астағфирука лима ла аъламу иннака анта алломулғуюб” дуосини ўқинг!” (И.Аҳмад)
Имон ва никоҳ пахтадан олинган ип билан эмас, сўз билан боғланган. Хоҳлаган пайтда узилиши мумкин. Инсон куфрга тушса узилади ва ҳар узилганида янгидан боғлаш керак бўлади.
Бир кофир бир сўз билан мўмин, бир мўмин ҳам бир сўз билан кофир бўлади. Янгидан мўмин бўлиши учун фақатгина калимаи шаҳодатни айтиш етарли эмас. Куфрга сабаб бўлган ўша нарсадан ҳам тавба қилиши лозим. Киши куфрга тушиб, муртад бўлганида никоҳи ҳам бузилади, бу талоқ дегани эмас. Шунинг учун имонини ва никоҳини уч мартадан кўп янгилаш ҳулласиз ҳам жоиз. (Биргивий шарҳи)
Куфрга тушиш ҳам, ундан қутулиш ҳам жуда осон. Куфрнинг сабаби билинмаса ҳам кунда бир марта “Ё Рабби, билиб ёки билмай куфрга сабаб бўлган бирон сўз айтган бўлсам ёки иш қилган бўлсам, пушаймон бўлдим. Мени авф этгин!” деб тавба қилиши керак.
Куфрга туширувчи сўз айтган кишининг имони кетганидан кейин никоҳи ҳам бузилади. Имони кетганида таждиди имон, никоҳи кетганида таждиди никоҳ қилиши лозим бўлади. куфрга сабаб бўладиган сўз хатолик билан, янглишиб ёки таъвил билан айтилса, имон ва никоҳ бузилмайди. Бундай кишиларнинг ҳам ҳар эҳтимолга қарши тавба ва истиғфор қилиши, имонини янгилалагани яхши. (Бариқа, Ҳадиқа, Мажма-ул-анҳур)
Ҳар мусулмоннинг “Ла илоҳа иллаллоҳ деб имонингизни янгиланг!” ҳадиси шарифига амал қилиб, имонини янгилаши керак. Имон кетганида никоҳ ҳам бузилгани учун имонини янгилаган кишининг никоҳини ҳам янгилаши керак.
Таждиди имон ва таждиди никоҳ қилиш кераклиги Ибни Обидин ҳазратларидан тортиб, бутун фиқҳ китобларида билдирилмоқда. Масалан, Тахтавийнинг “Мароқил-фалоҳ” ҳошиясида ва унинг таржимаси бўлган “Неъмати ислом”да “Аёл эрига “Орамизда талоқ бўлганида мени ўзингизга қайта никоҳ қилиш учун сизни вакил қилдим” деса ва эри ҳам буни қабул қилса, талоқ бўлганида икки гувоҳ ёнида “Фалончи қизи фалончини ўзимга никоҳладим” деса никоҳи саҳиҳ бўлади” деб айтилган. Аввалги никоҳлари саҳиҳ бўлмаса ҳам мана шу тарзда бажарилгандан кейин никоҳ динга мос бажарилган бўлади.
Никоҳ янгилаш янгидан никоҳ ўқиш деганидир. Никоҳни ҳам, никоҳ янгилашни ҳам домла қилиши шарт эмас. Эр-хотин икки гувоҳ ёнида никоҳларини янгилаши мумкин ёки аёл эрига “Никоҳимизни янгилаш учун сизни вакил қилдим” деб ваколат бериб, эри ҳам икки гувоҳ ёнида “Аввалдан никоҳимда бўлган аёлимни унинг томонидан ваколатан ва ўз томонимдан асолатан уни ўзимга никоҳ қилдим” деса никоҳи янгиланган бўлади. Ёхуд аёлидан ваколат олган киши ўзини танийдиган икки эркакнинг ёнида“Аллоҳумма инни уриду ан ужаддидал имона ванникоҳа таждидан би қавли ла илоҳа иллаллоҳ Муҳаммадун расулуллоҳ” дуосини ўқиса, у икки киши ҳам бунинг никоҳ дуоси эканлигини билса, никоҳлари саҳиҳ бўлади. (Ибни Обидин, Саодати абадия)
Никоҳ янгилашнинг талоқ ҳукмлари билан алоқаси йўқ. Талоқда уч ҳақ бўлгани ҳолда ниоҳ янгилашнинг бирон чегараси йўқ, истаганича янгилаши мумкин.
Бугун баъзи масжидларда ўқиладиган таждиди никоҳ дуолари мана шу ҳукмларга асосланган.