Рўзани бузадиган ва бузмайдиган ҳолатлар
Савол: Оғзимдаги қуртлаган тишга қўйилган дори рўзани бузмайди-ю, нима учун тил тагига ташланган таблетка рўзани бузади? Бадандаги соғлом терига қўйилган дори вужудга шимилса ҳам рўзани бузмайди-ю, оғиздаги соғлом терига қўйилган дори шимилса, нимага рўзани бузади?
Жавоб: Тилнинг тагидаги тери билан бадан сиртидаги тери бирдек эмас. Тил таги юмшоқ, шилимшиқ бир тўқимадир. Тиббиётда бунга микоза дейилади. Бадан сиртидаги тери билан жуда фарқ қилади. Буларни бир-бири билан асло қиёслаб бўлмайди. Тишнинг тузилиши эса микозанинг тузилишидан фарқ қилади.
Бу борада мутахассис доктор айтадики: Тил тагига дори қўйилганда асаб тизимининг огоҳлантириши билан мияга жуда тез хабар етиб боради. Мия тил тагидаги рефлексларни автоматик тарзда ҳаракатга келтиради. Сўнгра сўлак тизими ишга тушиб, тупук ишлаб чиқади, сўлак ҳосил қилади. Сўлак ишлаб чиқарилгандан кейин рефлексларнинг қўзғатиши билан капилляр томирлар ҳаракатга келади ва шимилиб энг қисқа вақтда қонга ўтади. Тупук сўлаги бўлмаса дори фақат капилляр томирлар воситаси билан қонга аралашолмайди. Чунки дори намланиб, капилляр томирларга бориши лозим. Бадандаги тери микозага ўхшаб юпқа бўлса ҳам сўлак бўлмагани учун тил тагидагидек шимилмайди. Сўлак автомобиль, дори ҳайдовчи каби мукоза тагидаги капиллярлар эса йўллар кабидир. Бадан сиртида эса автомобиль ва йўллар бор, аммо ҳайдовчи йўқ. Ҳайдовчи келганидан кейин автомобиль ҳаракат қилади.
Тиббий жиҳатдан тиш ҳам, милклар ҳам мукоза эмас, тиш ва тиш таги фарқли хоссаларга эга икки алоҳида орган кабидир.
Этик ва маҳсига масҳ этиш жоиздир. Лекин маҳсидан юпқа бўлган пайпоққа масҳ қилиш жоиз эмас. Иккиси ҳам оёққа кийилади, лекин сифатлари турлича. Шунга ўхшаб, тил тагидаги мукоза деб аталадиган юмшоқ тўқима бадандаги теридан жуда фарқ қилади. Тил тагига дори, таблетка қўйиб юқорида айтганимиздек, капилляр томирларга шимилишини таъминлаш, терига дори инекция қилиб, капилляр томирларга етказишга ўхшайди. Шу сабабли рўзани бузади.
Савол: Бурним битиб қолганида жуда безовта бўламан, ишларим қолиб кетади. Буруннинг ичига суюқ дори қўйилса, рўза бузиларкан. Қаттиқ дори, масалан, викс сурсам, рўзам бузиладими?
Жавоб: Буруннинг ичига қаттиқ дори, малҳам суриш рўзани бузмайди. Суюқ дори бузади.
Савол: Францияда яшайман. Христиан аёлим кечаси уйғониб, менга саҳарлик тайёрлайди. Кеча саҳарликни еб, имсок вақтида қайта ётдим. Уйқусираб ётганимда, мени у ёқ-бу ёғимдан ушлаб, силаб-сийпади. Ниҳоят мен жунуб бўлдим. Лекин мен ҳеч бир ҳаракат қилмадим. Рўзам бузилдими?
Жавоб: “Мана шундай қил” деб амр қилмаганингиз ва давомида ҳеч бир ҳаракат қилмаганингиз учун рўза бузилган бўлмайди. Лекин рўзани бузиши мумкин бўлган бундай таҳликали ишлардан узоқ бўлиш керак.
Савол: Оғиздаги яра учун рўзадор киши дори билан ғарғара қилиш дурустми?
Жавоб: Оғиздаги яра намозда қироатга моне бўлмаса, дори билан ғарғара қилиш макруҳ бўлади. Қироатга моне бўлаётган бўлса, дори билан ғарғара қилиш макруҳ бўлмайди. Чунки узр бордир.
Савол: Гинеколог аёл докторда кўрикдан ўтган аёлнинг рўзаси бузиладими? Агар бузилса, каффорат керак бўладими?
Жавоб: Доктор қўлқопига ҳар қандай бир дори, ёғ сурса, рўзаси бузилади. Бунда фақат қазо керак бўлади.
Савол: Оғзимга балғам келганида, ютиб юбораман. Бу ҳолда рўзам бузиладими?
Жавоб: Балғамни ютиш билан рўза бузилмайди.
Савол: Тупугимиз лабимиздан пастга оқса, биз уни ялаб ютсак, рўза бузиладими?
Жавоб: Туфлаб тупугимизни яласак, рўза бузилиб, қазосини тутиш керак бўлади. Сиз айтган шаклда бўлса, рўза бузилмайди. Чунки тупукнинг бир қисми ҳали оғзимизда бўлади.
Савол: Рамазонда бир инсон хуфтондан кейин аёли билан бирга бўлса, сўнгра бироздан кейин ғусл оламиз деб, ухлаб қолишса, уйғонганларида қуёш чиқиб кетган бўлса, каффорат керак бўладими?
Жавоб: Қазо ҳам керак бўлмайди. Яъни рўзалари бузилмайди. Иҳтилом бўлган кишининг ҳам рўзаси бузилмайди. Лекин намоз ўқиш учун вақтни ўтказмай дарров ғусл олиш керак. (Аввалдан тадбир олиб, жунуб ҳолда уйғонмаслик лозим.)
Савол: Рамазонда саҳар ётишдан аввал тишларимизни паста билан тозалаймиз. Оғзимизни чайқашимизга қарамай, пастанинг таъми оғзимиздан кетмайди. Бу ҳолат рўзани бузадими?
Жавоб: Йўқ, бузмайди.
Савол: Сақич чайнаш рўзани бузадими?
Жавоб: Ҳа, бузади. Кунимиздаги сақичлар аввалги табиий сақичлар каби эмас. Ҳозиргилар чайналганида таъми ёки баъзи парчаларни ютиб юбориш мумкин ва рўза бузилади.
Савол: Бошқа кишининг оғиз сувини ютиш рўзани бузадими?
Жавоб: Бошқа бировнинг тупугини, сўлагини ютиш рўзани бузади. Агар бу киши севган кишимиз бўлса, у ҳолда қазо эмас, каффорат керак бўлади.
Савол: Рўза ҳолимда ўрганиб қолганим учун лабимдаги лаб бўёғи (памада)ни ялайман. Рўзам бузиладими?
Жавоб: Лаб бўёғининг рўзага зарари йўқ. Лекин уни еса рўза бузилади ва қазо керак бўлади.
Савол: Рўза эканлигимни унутиб, истинжо вақтида унутиб, ичига сув кетиб қолса, рўзага зарар берадими?
Жавоб: Унутилганида зарари йўқ. Унутиб еб-ичиш ҳам рўзани бузмайди. Рўзадор эканини билиб туриб, истинжода ортиқча ҳаракат қилиб, ичига сув кетиб қолса, рўза бузилади ва қазо керак бўлади.
Савол: Балиқларнинг сувини тозалаётганимда бўғзимга истар-истамас сув кетиб қолди. Рўзам бузилдими?
Жавоб: Оғизнинг ичида бўлса, бузилмайди. Агар бўғиздан ўтиб кетса, у ҳолда рўза бузилади. Қазо керак бўлади.
Савол: Рўзадор ҳолимда юрагим оғриганида тирнитрин дорисини олсам, рўзам бузилиб, қазо керак бўладими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Рўза тутганида оғизга келган тупукни ютишнинг зарари борми?
Жавоб: Йўқ, зарарли эмас. Ҳатто таҳоратдан кейин оғиздаги намликни ютиш ҳам рўзани бузмайди.
Савол: Ярага қўйилган дори, рўзани бузадими?
Жавоб: Ярага сурилган малҳамнинг ҳазм қилиш йўлига кетгани маълум бўлмаса, рўза бузилмайди.
Савол: Рўзадорлигида атир ҳидлаш рўзани бузадими?
Жавоб: Гул, атир ҳидлаш билан рўза бузилмайди, макруҳ ҳам бўлмайди.
Савол: Жинсий аъзо учига қўйилган пахтанинг бир учи ташқарида қолса, рўза бузиладими?
Жавоб: Бузилмайди. Бутунлай ичига кириб кетса, бузилади.
Савол: Тиш олдириш рўзани бузадими?
Жавоб: Тиш олдириш рўзани бузмайди. Агар тиш олдираётганида укол қилинса, рўза бузилади. Тишдан чиққан қонни ютиш ҳам рўзани бузади. Рамазон рўзасини тутаётганида укол қилдирган ёки тишидан чиққан қонни ютган кишининг рўзаси бузилади, фақат қазо керак бўлади, каффорат керак эмас.
Савол: Томирдан капельница бериш фақат имоми Аъзамга кўра рўзани бузиши айтилади. Бошқа мазҳабларга кўра бузилмайдими? Капельница орқали озиқ ва даво берилиши мумкин. Эҳтиёжи бўлган сувни, озиқни ва дорини капельница орқали олган кишининг рўзаси бузилмайдими? Рўза тутишдан мақсад еб-ичишни тарк этиш эканлигига кўра, оғиз йўли билан эмас, томир йўли билан еб-ичган кишининг рўзаси нима учун бузилмайди?
Жавоб: Тўрт мазҳабда ҳам соғлом терига қўйилган дори, озиқ ва дармон теридан шимилиб, ичига кирса рўза бузилган бўлмайди. Масалан, юрак хастаси кўкси устига таркибида нитродерм бўлган бир дорини қўяди. Бе теридан ичига шимилиб ўтади. Соғлом теридан ичкарига киргани учун тўрт мазҳабда ҳам рўзани бузмайди. Шунга ўхшаб, соғлом терига қўйилган никотин пластери ҳам вужуд тарафидан шимилгани ҳолда тўрт мазҳабда ҳам рўзани бузмайди. Табиий тешиклардан кирган нарсалар рўзани бузади. Шофеъийда қулоқ табиий тешикдир. Қулоққа қўйилган суюқ-қаттиқ ҳар қандай нарса ошқозонга киргандек рўзани бузади. Шофеъийда сийдик йўли ҳам табиий тешик ҳисобланади. Бу ерга дори, ҳатто пахта юмалоқлаб қўйса ҳам рўзани бузади.
Тўрт мазҳабда ҳам ва бутун имомларга кўра ярага қўйилган дори жавфга (ичига) кирадиган бўлса, рўза бузилади. Шофеъий мазҳабида мия, қорин, ичак, қовуқ жавф саналади. Масалан бошдаги суяк ёрилиб, бу ердаги ярага қўйилган дори мияга кирадиган бўлгани учун рўза бузилган бўлади.
Шофеъийда қоринга пичоқ урилса, пичоқнинг учи ошқозонга киргани учун рўза бузилади. Соғлом теридан пичоқ жавфга киргач рўза бузилганидек, игна билан мушак ёки томирни тешиб берилган дори, жавфга етиб борганида рўза бузилган бўлади. Ҳанафийда эса пичоқ бутунлай ошқозоннинг ичига кирсагина, рўза бузилади.
Бугун тиббиётда осма укол (капельница)нинг мияга ва вужуднинг ҳамма жойига етиб бориши қатъийлигини исботлаган. У ҳолда капельница тўрт мазҳабда ҳам рўзани бузади. Кейин фақат қазосини ўташ керак бўлади. Тиббиёт томирдан ва мушаклардан юборилган дорининг мия ва қовуққа кетишини билдириб турганда ҳеч ким “Капельница ёки укол билан берилган дори ичга, яъни мия, қовуқ каби жойларга бормайди” деб даъво қила олмайди. Айтса ҳам, бекорчи гап бўлади.
Бутун докторлар томирдан ёки мушакдан берилган дорининг мия ва қовуққа боришини билдиришган. Шундай экан, ишнинг аслини билмаганларга алданиб, укол билан рўзани бузиб қўймайлик.
(Бу ердаги Ҳанафий мазҳабига тегишли масалалар Тахтовий, Мабсут, Бадойи ва шунга ўхшаш китоблардан, шофеъий мазҳабига тегишли ҳукмлар Мажму, Муғн-ул-муҳтож, Туҳфа, Анвор, Куммасра, Бажурий, Шарҳи ибни Бажурий каби мўътабар асарлардан олинган.)
Савол: Рўзадорлигида қулоқдан йиринг оқиши рўзани бузадими?
Жавоб: Бузмайди. Рўзада одатда бадандан чиқадиган нарсалар рўзани бузмайди, масалан қон олдириш рўзани бузмайди. Лекин ўзи хоҳлаб оғзи тўлиб қайт қилса, рўзаси бузилади. Рўзада одатда ичига кирган нарсалар рўзани бузади. Масалан укол билан қон берилганларнинг рўзаси бузилади.
Савол: Лабимда учуқ бор эди. Ва мен бу ёрилмасин деб крем сургандим. Лекин шомга яқин учуқ ёрилди. Рўзам бузилдими?
Жавоб: Бузилмади.
Савол: Ифтор учун ейишга нарса тайёрлаётганимда бармоғимни кесиб олдим. Бир неча томчи қон оқди. Рўзам бузилдими?
Жавоб: Йўқ, қон чиқиш билан, қон олдириш билан рўза бузилмайди.
Савол: Тирсагимга чиққан яра йиринглаб кетгани учун унинг тепасидан ва тагидан 1 смдан кесиб, йиринг оқиши учун трубкача суқиб бир учини ташқарига чиқариб қўйишди. Кечаги кўрик вақтида бир дорини устидан сиқиб, пастки учидан оқизишди. Рўзам бузилдими?
Жавоб: Рўзангиз бузилмади.
Савол: Нотўғри қўйилган пломба сабабли милким доим қонайди. Саҳарликдан сўнг ётаман. Эрталаб уйғонганимда оғзим тўла қон бўлади. Қоннинг бир қисми бўғзимдан ўтган бўлади. Баъзан уйғоқлигимда ҳам қон келганини сезаман. Туфлаб ташласам таҳоратим бузилади. Туфламасдан ютсам рўзам бузилади. Баъзан ютиб юборган бўлишим ҳам мумкин. Менинг рўзаларим бузилган бўладими?
Жавоб: Қон ютиш рўзани бузади. Рўзалар Ҳанафий мазҳаби бўйича бузилади. Шунинг учун Ханбалий мазҳабинеи тақлид қилишингиз керак. Рўзани бузадиган нарсалар инсоннинг қўлида бўлмаса, Ханбалий мазҳабида рўзани бузмайди.
Савол: Касалхонада тест учун қон бераётганда нинани санчишдан аввал терига спирт сурилади ва нина чиқарилгандан кейин ҳам нина тешигининг устига спиртли пахта қўйилади. Бунинг рўзага бир зарари борми?
Жавоб: Йўқ, рўзага зарари йўқ.
Савол: Терини чизиб қилинган чечак вакцинаси рўзани бузадими?
Жавоб: Бузмайди.
Савол: Сигарет чекилган хонага кириб, узоқ вақт чиқмасак, рўзамиз бузиладими?
Жавоб: Бекордан-бекорга бу хонада ўтирсак бузилади. Агар вазифамиз бўлса, бузилмайди.
Савол: Шаввол ойининг рўзасини тутяпман. Бугун таҳорат олаётганимда ўзим истамай бўғзимга сув кетиб қолди. Рўзам бузилдими?
Жавоб: Унутиб еб-ичганида ёки бузилиб-бузилмаганлигини аниқ билмагунича рўза бузилган бўлмайди.
Савол: Касалхонада қон олишди. Лекин қон фақат шприцгача келди, ташқарига чиқмади. Сўнгра уни такрор ичга юборишди. Таҳоратим ва рўзам бузилдими?
Жавоб: Таҳоратингиз ҳам, рўзангиз ҳам бузилди. Қон ташқарига чиқиши билан таҳоратингиз, ичкарига кириши билан рўзангиз бузилди. Шприцга чиқиш билан ташқарига чиққан бўлади. Ўз қонингиз бўлса ҳам вужудингизга қон берилди.
Савол: Ошқозонга учи ташқарида қолган асбоб суқилса, рўза бузиладими?
Жавоб: Бузилмайди.
Савол: Қулоқдаги пахта тешикдан ичкарига кирса, рўзани бузадими?
Жавоб: Йўқ, бузмайди.
Савол: Эркак ёки аёл доктор ёхуд доя Рамазон ойида таҳоратли ҳолда бир аёлга доялик қилса, рўзаси, ғусли ёки таҳорати бузиладими?
Жавоб: Ҳанафий мазҳабидаги аёд докторининг ёки доянинг Рамазон ойида доялик қилиши билан рўзаси, таҳорати ва ғусли бузилмайди. Заруратсиз эркак докторни доя қилиб олиш жоиз эмас.
Савол: Оғиздаги қонни ютиш таҳорат ва рўзани бузадими?
Жавоб: Оғизнинг ичи таҳорат бузилишида ич орган ҳисобланади. Рўзанинг бузилишида эса баданнинг сирти ҳисобланади. Шунинг учун тишдан ва оғиздаги ярадан чиқиб, оғиздан ташқарига чиқмаган қон таҳоратни бузмайди. Оғиздан ташқарига чиқса, тупукдан кўп бўлса таҳоратни бузади. (Халабий)
Оғиз баъзан баданнинг ичи ҳисобланади. Шунинг рўзадор киши тупугини ютганида рўзаси бузилмайди. Инсоннинг ичидаги нажосатнинг ошқозондан ичакка ўтишидек бўлади. Оғиздаги ярадан ёхуд ошқозондан оғзига қон келиши, рўзани ҳам, таҳоратни ҳам бузмайди. Бу қонни туфлаб ташлаганида ёки ютганида тупук қондан кўп бўлса, бузилмайди. Ошқозондан оғизга келган бошқа нарсаларнинг ҳукми ҳам шундай бўлиб, таҳорат ва рўза бузилмайди. Оғзи тўлиб, оғиздан ташқарига чиқса, иккиси ҳам бузилади. Оғизнинг ичи баъзан баданнинг сиртидек бўлади. Оғизга сув олганда рўза бузилмайди. (Баҳр-ур-роиқ, Жавҳара)
Демак оғиздаги қонни туфлаганида рўза бузилмайди, ютганида эса таҳорат бузилмайди. Қонни ютганида рўза бузилади, туфлаб ташлаганида эса таҳорати бузилади.
Савол: Кўзга томизилган дори бўғзигача тушгани ҳолда рўза бузилмайди-ю, нима учун қулоққа ёки бурунга томизилган дори рўзани бузади?
Жавоб: Фиқҳда бир қоида бор: Табиий тешиклардан (яратилишда бўлган тешиклардан) кирган нарсалар рўзани бузади. Шунинг учун табиий тешик бўлган қулоққа дори ёки ёғ томизилса, рўза бузилади. Бурун ҳам табиий тешикдир. Суюқ дори бурунга пуркалганида рўза бузилади. Табиий тешик бўлган жинсий аъзолардан ичкарига кирган нарсалар ҳам рўзани бузади. Кўз эса табиий тешик эмас. Шунинг учун кўзга томизилган дори рўзани бузмайди.
Баъзи кишилар юқоридаги қоидани яхши билмаганликлари учун укол олиш рўзани бузмайди деб ўйлашади. Укол табиий тешикдан ичкарига кирмайди, дейишади. Соғлом терининг устидан шимилиб ўтган дорилар рўзани бузмайди, лекин ярали теридан ичкарига кириб, ҳазм қилиш йўлига етиб борган дорилар бузади. Укол ва осма уколлар ҳазм қилиш йўлига етиб боргани учун тўрт мазҳаб бўйича ҳам рўза бузилади.
Савол: Рўзадорлигида оғриган тишларига дори қўйиш жоиз, лекин тишларни паста билан ювиш макруҳ дейилади. Бунинг сабаби нима?
Жавоб: Оғриққа дори қўйиш бир эҳтиёждир. Қаттиқ оғриса заруратга айланади. Оғиз рўзада баданнинг сирти ҳисоблангани учун оғизга солинган ёки тишга қўйилган дори рўзани бузмайди. Бир эҳтиёж туфайли бўлгани учун макруҳ ҳам бўлмайди. Лекин тишни фақат чўтка билан тозалаш мумкин. Паста билан ювиш зарурат эмас. Бундан ташқари пастани ютиб қўйганида рўза бузилиш хавфи бор. Рўзани бузиш хавфи бўлган бир ишни қилиш макруҳ бўлади. Шунингдек, жунуб бўлиш хавфи бўлганида аёлини ўпиш ҳам макруҳдир. Ўйнашаётганида жунуб бўлиб қолиш эҳтимоли бор. Бундай таҳликали ишлардан сақланиш керак. Бир ҳадиси шарифда “Жар ёқалаб юрган киши ҳар он жарга қулаши мумкин” деб марҳамат қилинган. (Бухорий)
Савол: Таҳорат олаётганида бўғзига сув кетиб қолса, рўза бузиладими?
Жавоб: Ҳанафий ва Моликий мазҳабида бузилади. Шофеъийда муболаға қилса, яъни одатдагидан кўп сув берса ёки учдан ортиқ сув бериб, бўғзига сув кетиб қолса, шунда рўза бузилади. Одатдагидек таҳорат олаётганида бехосдан бўғзига сув кетиб қолса, рўзаси бузилмайди. Ханбалий мазҳабида эса муболаға қилса ҳам, ўзи истамай бўғзига сув кетиб қолиши рўзани бузмайди.(Мизон-ул-кубро, Ал фиқҳу алал-мазоҳиб-ил-арбаъа)
Таҳоратда бўғзига сув кетиб қолган Ҳанафий мазҳабидаги киши Шофеъий ёки Ханбалийни тақлид қилиб, рўзасида давом этиши мумкин.