Махсус кунларни нишонлаш
Ота-оналар куни
Савол: Ота-оналар кунининг динимизда ўрни борми? Бу кунларда ҳадя бериладими?
Жавоб: Европадан кириб келган “Ота-оналар куни” одатдир. Бундай урф-одатдаги янгиликларга одатда бидъат дейилади. Одатда бидъат бўлганлиги ва зарарли эмаслиги, динга зид тарафи бўлмаганлиги учун ота-оналар кунини нишонлашнинг ва бу кун муносабати билан ҳадя беришнинг зарари йўқ.
Ота-онани йилда бир кун ёдга олишнинг ўрнига ҳар куни хотирлаш, уларга хизмат қилиш, вафот этган бўлишса, уларга дуо қилиш, хайр-ҳасанотда бўлиш керак.
Савол: Оналар куни муносабати билан “Жаннат оналарнинг оёғи остида” ҳадиси шарифи айтилди. Бунга ўхшаш “Дин қиличларнинг остида” ҳадиси шарифи ҳам бор. Буларнинг изоҳи қандай?
Жавоб: “Жаннат оналарнинг оёғи остида” дегани “Жаннатга кириш учун ота-онанинг розилигини олиш керак” деганидир.“Дин қиличларнинг остида” ҳадиси шарифининг эса изоҳи қуйидагича:
Қилич - жиҳод қилишни, жанг қилиш санъатини кўрсатади. Исломиятни ёйиш Жаннатга кириш учун кофирлардаги қуролларнинг барчасини ясаш ва булардан яхши фойдаланиш лозим. Душманга қарши энг янги қуролларни тайёрлаганлар ва улар билан диннинг амрига мос шаклда жанг қилганлар жаннатга эришадилар. Жиҳод шакллари даврларга қараб ўзгаради. Совуқ уруш деб аталувчи уруш шакли ёки қалам билан жиҳод баъзан қурол билан қилинган жиҳоддан муҳим бўлиши мумкин.
Дунё ва ҳўкизнинг бўйни
Жаноби Пайғамбаримиз “Раббим менинг ризқимни қиличимнинг учида яратди” деб марҳамат қилдилар. Яъни “Душманлар билан жиҳод қилиб, олинган ғанимат молдан ҳиссамга тушгани билан кун кечираман” дедилар. Шу ерда бўлган бир деҳқон “Менинг дунёлигим қаерда?” деб сўради. Шунда Расулуллоҳ “Дунё ҳўкизнинг бўйни устида” деб марҳамат қилдилар. Яъни “Ҳўкизинг билан полизни ҳайдаб, ризқингни топасан” деб марҳамат қилдилар. У вақтларда омоч ҳўкизнинг бўйнига боғланар эди. Шунинг учун шундай дедилар. Деҳқоннинг меҳнат қилиб, полизини шудгор қилишига ишорат қилдилар. Баъзи кишилар буни билмагани учун “Ер юзи ҳўкизнинг бўйни устида экан” деб дин китобларини мазах қилишмоқда.
Савр ҳўкиз деганидир. Кўкда ҳўкиз шаклида тизилган юлдузлар тўплами бор. Бу ҳадиси шариф айтилган вақтда шу бурж, қуёшдан ер куррасигача фаразан тортилган бир чизиқ устида жойлашганди. Дунё ҳўкиз буржида эди. Унга бузоқ буржи ҳам дейилади. Олимлар бу ҳадиси шарифни бошқача ҳам изоҳлайдилар. Бундай ҳадиси шарифлар кўп. Шунинг учун Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг таржималарини ўқиш, нотўғри ҳукм чиқаришга сабабият бериши туфайли жуда зарарлидир. Динини ўрганишни хоҳлаган киши тўғри ёзилган фиқҳ китобларини ўқиши керак.
Туғилган кун, никоҳ тўйининг ҳар йилини нишонлаш
Савол: Туғилган кунни, тўйлари бўлиб ўтган кунни нишонлаб, ҳадя беришнинг зарари борми?
Жавоб: Туғилган кунига аҳамият беришни христианлар мусулмонлардан ўрганишган. Бу ибодат эмас, шунчаки одатдир. Бу одат христианлардан келган бўлса ҳам, ибодат бўлмагани учун мусулмонларнинг туғилган кунини, тўйлари бўлиб ўтган куннинг санаи давриясини нишонлашларининг зарари йўқ. Лекин ғайри муслимларнинг ибодат сифатида қиладиган нарсаларини, масалан, диний байрамларини нишонлаш жоиз эмас.
Никоҳ тўйлари бўлиб ўтган кунни маълум йилларда нишонлаш каби гуноҳ бўлмаган одатларини тақлид қилиш жоиз. Лекин фойдаси бўлмаган одатларни олиш ғарбни кўр-кўрона тақлид қилиш, уларга ўхшашга уриниш дуруст эмас.
Фан кашфиётларини ғайримуслимлардан олишни динимиз буюрган. Чунки “Илм Хитойда бўлса ҳам олинг”, “Ҳикмат, фан ва ҳунар мусулмоннинг йўқотган молидир. Қаерда топса, олсин” ҳадиси шарифлари ғайримуслимларга эргашишни эмас, илм-фан уларда бўлса ҳам, излаб топиб ўзлаштиришни ва улардан устун бўлишга ҳаракат қилишни билдирмоқда.
Савол: Бир кишининг дуч келган бир махлуқ бўлиб эмас, инсон бўлиб дунёга келганига шукр қилиши ва туғилган кунини нишонлаши жоизми?
Жавоб: Исломиятда туғилган кунини нишонлаш бор нарса. Бу Аллоҳу таолога шукр қилиш бўлади. Мавлуд байрами муҳтарам пайғамбаримизнинг туғилган кунларидир. Пайғамбаримиз душанба куни рўза тутардилар. Сабабини сўраганларида “Бу куни дунёга келдим. Шукр учун рўза тутаман” деб марҳамат қилдилар. (Муслим, Абу Довуд, И.Аҳмад, Ҳақ сўзнинг васиқалари)
Савол: “Туғилган кун, хотин-қизлар куни сингари одатлар ғарбдан келган бузуқлик” дейишади. Ғарбдан келган ҳамма нарса гуноҳ саналадими?
Жавоб: Динимиз фақат кофирларнинг ибодат ва ҳаром бўлган одатларини ишлашимизни тақиқлайди. Мубоҳ бўлган одатларига изн беради. Расулуллоҳ попларнинг пойафзалини ва Рум либосини кийганлиги мўътабар китобларда билдирилган. Туғилган кунни нишонлашни христианлар мусулмонлардан ўрганишган.
Мавлуд – туғилган кун деганидир. Жаноби пайғамбаримизнинг туғилган куни бутун мусулмонларнинг байрамидир. Мавлуд кечасида пайғамбаримиз туғилгани учун хурсанд бўлганларнинг гуноҳлари авф қилинади.
Бу кеча пайғамбаримиз алайҳиссалом туғилган вақтларидаги кузатилган ҳолатлар, мўъжизаларни ўқиш-тинглаш жуда катта савобдир. Расулуллоҳнинг ўзлари ҳам айтиб берардилар. Асҳоби киром ҳам бир жойга тўпланиб, булар ҳақида ўқиб, бир-бирларига баён қилардилар.
Туғилган кунини нишонлаш ибодат эмас, одатдир. Бу одат христианлардан келган бўлса ҳам, ибодат бўлмагани учун мусулмонларнинг туғилган кунни, тўйлари бўлиб ўтган кунни, ота-оналар, хотин-қизлар, болалар кунини нишонлашларининг, янги йилларда табрик қоғози жўнатишларининг зарари йўқ. Гуноҳ бўлмаган бундай одатларни тақлид қилиш жоиз. Лекин туғилган кунида торт устига шам ёқиш каби фойдаси бўлмаган одатларни қилиш дуруст эмас.
Сарвари олам пайғамбаримиз узун анторий (араб ўлкаларида эркаклар киядиган узун кийим) кийганлар, шим киймаганлар. Шим кийиш одатда бидъатдир. Одатда бидъат бўлган нарсани қилиш гуноҳ эмас. Самолётга миниш ҳам одатда бидъатдир, гуноҳ эмас. Шунинг учун одат бўлган жойларда кофирлардан келган бўлса ҳам аёлларнинг плащ, эркакларнинг шим кийишлари гуноҳ эмас. Пайғамбаримиз баъзан рум (грек), баъзан араб кийимларини киярдилар. Термизий билдирган ҳадиси шарифда енглари тор, рум кийимини киярди. (Мавоҳиб-и ладунния)
Ҳаким ривоят қилган “Бир қавмга ўхшаган улардандир” ҳадиси шарифидаги "ўхшамоқ" - ибодатларда ўхшамоқ деганидир. Кийим-кечакка тегишли нарсалар урф-одатга ётади. Жирканч бўлмаган одатларда кофирларга ўхшамоқ гуноҳ бўлмайди. Ибодатда кофирларга ўхшамоқ баъзи жойларда макруҳ, баъзи жойларда ҳаром, баъзи жойларда эса, куфр бўлади. Масалан, бўйнига хоч (крест) таққан кимса кофир бўлади. Лекин кофирнинг кўйлагини кийиш, соч ўстириш гуноҳ эмас. Чунки булар одатдир.
Савол: Туғилган кунида, тўйлари бўлиб ўтган кунни нишонлаётганда торт пишириш, устига шам ёқиш жоизми?
Жавоб: Торт пиширса бўлади, газли ичимликлар, чой ичиш, тансиқ овқатлар ейиш мумкин. Торт устига шам ёқиш дуруст эмас. Буни қилмаслик керак.
Савол: Баъзан болаларнинг туғилган кунига ҳадя олишади. Буларни нишонлашда ҳижрий сана бўйича ҳаракат қилиш дуруст эмасми?
Жавоб: Бу одатдир, милодий бўйича ҳам нишонлаш мумкин. Пайғамбаримизнинг туғилган кунлари ҳижрий тақвим бўйича нишонланади. Оддий одамларнинг туғилган, никоҳланган кунларини ҳижрий бўйича нишонлаш яхшироқ. Яъни иккиси ҳам бўлади. Лекин ҳижрий бўйича нишонлаган яхшироқ.
(Исломиятда қуёш йилининг ойлари ичида ҳурматли ва муборак кун йўқ. Туғилган кун ва муборак кечалар ҳижрий тақвим бўйича нишонланади. Бутун ибодатларда ва диний фаолиятларда қамарий ойлар асос қилиб олинади. Ҳаж, рўза, қурбон ва байрам кунлари қамарий ойлар бўйича аниқланади. Ҳажни Аллоҳу таоло билдирган Зулҳижжа ойида адо қилмай, мелодий бир ойда, масалан, январда адо қилиш, рўзани Рамазонда эмас, февралда тутиш диннинг асосини ўзгартириш бўлади.
Қадр кечаси, Арафа кечаси, Рамазон байрами кечаси, Қурбон байрами кечалари, Барот кечаси, Мавлуд кечаси, Меърож кечаси, Рағойиб кечаси, Муҳаррам кечаси, Ошуро кечаси ҳам қамарий ойлар бўйича аниқланади. Аллоҳу таоло қулларига кўп раҳм қилгани учун бу кечаларни қийматли қилиб, бу кечалардаги дуо ва тавбаларни қабул қилишини ваъда қилган. Бу кечаларни бошқа кунларга алмаштириш, динни тубдан ўзгартириш бўлади. Аллоҳу таоло “Бу кечаларда қилинган дуо ва тавбаларни қабул қиламан” деб марҳамат қилган. Биттаси чиқиб “Ё Рабби, сен Мавлуд кечасини Раббиулаввал ойининг ўн иккинчи кечаси деб белгилаган эдинг, биз уни апрель ойига алмаштирдик. Биз сенга эргашмаймиз, сен бизга эргашгин” деса қанчалик тубанлик бўлади.)
Валентин куни
Савол: Валентин куни деб аталадиган севишганлар кунини нишонлаш ва ҳадялашишнинг зарари борми?
Жавоб: Бу ота-оналар кунидек бир одатдир. Лекин кунимизда севги дейилганда шариатга зид севги назарда тутилади. Бу эса асло жоиз эмас, ҳаром бўлган нарса нишонланмайди. Одатдаги янгиликлар, тақлидлар жоиз, лекин бу одат динга зид бўлса нишонланмайди. Яъни динимизда никоҳсиз севги бўлмайди. Қуйидаги христиан ҳикояси тўғри бўлса, севишганлар кунини нишонлаш, худди попнинг ёшларга беникоҳ қўшмачилик қилишини ва ўша попнинг ўлимини нишонлашдек бўлади. Ҳатто ғайридинлар бу кунни байрам эълон қилганига биноан, уларнинг байрамларини нишонлаш имонга хавф туғдиради.
Валентин кунининг тарихи: Зулми билан машҳур бўлган Рим императори Клаудиус II катта қўшин тўплашни истарди. (Милоддан кейин 200 йилларда) Император эркакларнинг қўшинга чақирилганида оилаларини ва севгилиларини ўйлаб, жанг қила олмаслигига ишонади. Шу сабабли ёшларнинг уйланишига рухсат бермайди. Шу даврда император Клаудиусга қарши чиққан ва ёшларни бир-бирлари билан топиштирган роҳиб Валентин ёш ошиқларнинг энг яқин дўсти бўлади. Бундан хабар топган император Валентинни қамоққа олдиради. Қамоқхона назоратчисининг кўзи ожиз қизини даволаган роҳибнинг бу ҳаракати император Клаудиуснинг қулоғига етади. 14 февраль куни роҳиб Валентин ўлдирилади. (Милоддан кейин 270)
Ўлган куни Валентиннинг қамоқхона назоратчисининг қизига ёзган мактуби топилади. Хатда Валентин севишганлар орасидаги севгидан, ҳиссиёт ва иҳтиросдан дил ёради. Шундан буён ҳар 14 февраль куни Валентинни хотирлаш учун ғайриқонуний алоқалари бор беникоҳ юргичлар тарафидан нишонланади.
Христиан Валентин ёшлар билан бирга ёш болалар тарафидан ҳам яхши кўриларди. У бир баҳона билан қамоққа олинади. Қамоқдалигида болалар гулдасталар билан ёзган хатларини қамоқхона темирларига осадилар. 14 февраль куни у ўлимга ҳукм этилади. Ўлимидан кейин ҳар йил 14 февралда инсонлар севгилиларига гул ва шоколад билан севги мактублари йўллайдилар.
Турли ўлкалардаги тарихчилар эса 14 февралнинг фақат севишганлар куни деб баҳоланишига қарши. Улар 5-асрда яшаган роҳиб Валентиннинг бу кунни байрам деб эълон қилганини таъкидлайдилар.
“Валентин христианлар наздида Рим азизи ҳисобланади. Милоддан кейин 269 йилларида ўлдирилган деб ҳисобланади. Ошиқларнинг азизи сифатида ҳам маълум. Валентин ҳар йили 14 февраль куни хотирланади, вақт ўтиши билан бу кун севишганлар кунига айланди.” (Oxford Dictionary of English)
Бидъат, одатда бидъат дегани нима?
Савол: “Бидъат” ва “одатда бидъат” дегани нима?
Жавоб: Бидъат - кейиндан чиқарилган, пайдо қилинган нарса, янгилик, ўзгартириш деганидир. Кейиндан чиқарилган нарсалар ё одатда, ёки ибодатда бидъат бўлади. одатдаги бидъат - савоб кутмай, дунё манфаати учун қилинадиган ишлардир. Одатдаги бидъат агар бирон ибодатни бузмаса ёки динимиз тақиқлаган нарсалардан бўлмаса, гуноҳ бўлмайди.
Одатда бўлган бидъат самолётга миниш, костюм кийиш, чой ва қаҳва ичиш, ота-оналар кунини нишонлаш каби динимиз тақиқламаган бирон иш бўлса, гуноҳ эмас. Ибни Обидин ҳазратлари “Ейиш, ичиш ва кийиниш каби одатлардаги янгиликлардан ифлос ва зарарли бўлганларини кофирларга ўхшаш нияти билан қилиш таҳриман макруҳдир. Зарарли бўлмаганларини, уларга ўхшашга интилмасдан ишлаш макруҳ бўлмайди. Расулуллоҳ жанобимиз роҳибларнинг пойафзалини кийгандилар” деб ёзган.(Радд-ул мухтор)
“Пайғамбар жанобимиз енглари тор рум либосини ҳам кийгандилар.” (Термизий, Мавоҳиб)
Расулуллоҳнинг ибодат сифатида қилган азон айтиш, жамоат билан намоз ўқиш каби динимизнинг шиори бўлган суннатларига "Суннати ҳудо" дейилади. Ибодат сифатида эмас, балки одат сифатида қилганларига эса "Суннати зоида"дейилади. Бино қуришда, еб-ичишда, кийинишда фойдаланган нарсалари мана шунга мисол бўлади. Буларни тарк этиш ва одатда бидъат бўлган, яъни кейиндан пайдо бўлган янгиликларни ишлаш гуноҳ бўлмайди. (Ҳадиқа)
Ибодатда бидъат деб, пайғамбаримиз ва тўрт халифаси замонида бўлмай, динда кейиндан чиқарилган, уйдирилган ақидаларга, сўзларга, иш-амалларга, шаклларга ва одатларга айтилади. Ибодатларга бидъат аралаштириш катта гуноҳ бўлади. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Ҳар бир бидъат бузуқликдир ва ҳар бузуқлик эса, жаҳаннамдадир.” (Ибни Асокир)
Ибодатга бидъат аралаштириш Аллоҳу таолонинг динидан камчилик топишга уриниш, қўйган ҳукмларини ёқтирмаслик, динни ўзгартириш бўлади. Ислом олимлари бидъатни "бидъати ҳасана" ва "бидъати саййия" деб иккига ажратганлар. Мактаб, китоб каби кейиндан пайдо бўлган нарсаларга "бидъати ҳасана" деганлар. “Ҳадиқа”да “Бундай бидъат бир ибодатнинг бажарилишига ёрдамчи бўлганлиги учун динимиз изн беради” деб айтилган. Имом Раббоний ҳазратлари эса, диннинг изн берган бундай фойдали нарсаларга "бидъат" сўзини аралаштирмаслик ва уларни "суннат-и ҳасана" (яхши иш) деб аташ кераклигини билдирган. "Суннат" бу ерда "йўл", "иш" деганидир. Йўлнинг, ишнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам бўлади. Ҳадиси шарифда бирон суннати ҳасана (яхши сўқмоқ) очганлар мадҳ этилмоқда, суннати саййия (ёмон сўқмоқ) очганлар эса ёмонланмоқда. (Муслим)
Кофирларнинг ибодат сифатида қилган ишларини мусулмонларнинг қилиши жоиз эмас. Масалан, поплар, роҳиблар ибодат маросимлари учун белларига зуннор боғлайдилар, бўйинларига хоч (крест) тақадилар. Баъзилари бошларига кепка ва шляпа сингари бош кийимлар кийишади. Мусулмонларнинг бундай қилишлари куфр бўлади.